Бугунги ҳаёт гўзал, тинч, осойишта. Лекин бу ёруғ оламни зулматга, одамлар ҳаётини ҳалокатга айлантирувчилар афсуски, қанча-қанча бегуноҳларни йўлдан адаштирмоқда, хонавайрон этмоқда, қонини тўкмоқда. Барча мутассиб оқимларнинг даъватларига яхшилаб назар ташланса, исломга ёт нарсалар экани маълум бўлади. Улар Қуръон, ҳадисдан «далил» келтирадилар, лекин фақат ўз фойдалари учун яъни, умуман Қуръон ҳадис далолат қилмайдиган маьноларда тушунтирмоқчи бўладилар», Турли хилдаги эътиқодларни ўзларининг ғаразли мақсадларига асос қилиб олган барча оқим ва тоифалар юртимизга ҳар турли йўллар билан суқилиб кириб, кишилар ва ёшларнинг онгини бузғунчи ақидасини синдиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Бундай оқимларнинг барчаси ўз йўлларига юрмаганларни кофирга чиқариб ўлдиришга ҳукм қиладилар. Аслида Исломда ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ», деса, у мусулмондир. Ким Ислом арконларини бажарса, уни кофир деб аташ жоиз эмас. Аллоҳ таоло Тавба сурасида: «Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деб марҳамат қилган (5-оят). Уларнинг фаолияти оддий ҳалқнинг қийналиши, қони тўкилиши, муқаддас ислом динига доғ тушишидан бўлак нарсага олиб келмаган. Улар турлича бўлишидан қатъий назар, асл мақсади ҳокимият бойликка эришиш бўлиб, соф ислом таълимотидан йироқ, фақат исёнга ундовчи оқимлар бўлиб келган. Барча мутассиб ақидапараст оқимлар фожеаси шундаки, улар иймон, эътиқод билан маърифат, дин ва фалсафа ўртасидаги фарқ, уларнинг моҳиятини ўзларининг фикр доираларида талқин қиладилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга вой бўлсин! Шўрингиз қурсин! Қаранглар, мендан кейин бир-бирининг бўйнига урадиган кофир бўлиб кетманглар», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса, мендан жонини, молини сақлабди. Фақат ҳаққи билан бўлса, мустасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳнинг зиммасидадир», деганлар.
Шунингдек, Ибн Умар ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳум: «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», дейишган. Ушбу масала энг хатарли масалалардандир, чунки бу ерда мўмин-мусулмонларнинг қонини, жонини ҳалол санаш бор, уларнинг ҳурматини, мол-мулкини, ҳуқуқларини оёқости қилиш бор.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади: «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қиладир, уни лаънатлайдир ва унга улкан азобни тайёрлаб қўядир» (93-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарига «Эй кофир!» деса, икковидан бири ўша бўлади», деганлар.
Аллоҳ таоло мусулмонлигини эътироф қилиб турган кишини ўлдиришдан ғоятда қаттиқ огоҳлантирган. Бу ҳақда Нисо сурасида: «Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан, тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас» дейилган (90-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнини ширкда айблашдан ва унга қарши қилич кўтаришдан қаттиқ огоҳлантирганлар. У зот: «Сизларга бўлишидан энг хавсираган нарсам, бир киши Қуръонни ўқиб.... сўнг ундан ажраб ва орқасига отиб юбориб, қўшнисига қилич кўтарган ва уни ширкда айблашидир", деганлар.
Нафақат қуролсиз ва уруш қилмаган мусулмонни, балки ҳар қандай инсонни ўлдириш мумкин эмас. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйгани ҳақидаги машҳур қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдирдингми?» деб қайта-қайта сўрайверганлар. Усома розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! У буни қуролдан қўрққанидан, хавфсираб айтди», деганида, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?» деганлар.
Инсонларга ўлим тилаш, улар жонига қасд қилишни Ислом дини қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки бирон жонзот ўлдирмаган ва у ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса демак, гуё барча одамларни, ўлдирибди, кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса) демак, гуё барча одамларга ҳаёт берибди”, дейди (Моида сураси, 32-оят). Ушбу оят ва ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ноҳақ одам ўлдирган инсоннинг жазоси жаҳаннам, Аллоҳнинг лаънати ва азобидир. “Ислом шиорилари”ни даъво қилаётган бузғунчиларнинг инсонлар ҳаётига бу қадар бепарво қараётгани, чумолига ачингандек ачинмаслиги ушбу ояти каримада хабар берилган ваъидларга айни муносибдир.
Динни ниқоб қилиб олган динбузарларнинг энг асосий даъволаридан бири давлат раҳбарига итоат этмай “халифалик” ўрнатишдир. Мусулмон киши Қуръони Карим Нисо сурасининг 59-ояти ҳукмига кўра ишбоши ва раҳбарларига бўйсуниши зарур. Аҳли сунна вал жамоа ақидасида бу аниқ белгилаб қўйилган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар бердилар: “Кимки ўз амиридан бирор нохушлик кўрса, бас, сабр қилсин! Чунки, кимки султон буйруғидан бир қарич ташқари чиқса, жоҳилият ўлимида вафот этибди” (Бухорий, 9/7053-7054, 7143; Муслим, 3/1849). Мазкур ҳадиси шарифда давлат раҳбарига итоат этиш шартлиги таъкидланган.
Видолашув ҳажида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Раббингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, рамазон ойи рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини адо қилинглар ва ишингиз эгаларига итоат этинглар, (шундай қилиб) Раббингизнинг жаннатига киринглар!” (Ҳоким, 1/19). Ушбу ҳадис Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) шартига кўра саҳиҳдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам уриб ўлдирса, уларнинг мўминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!”.
Мустаҳкам эътиқод, соф ақида ҳар бир киши ҳаётининг асл моҳияти бўлиши лозим. Юрт тинчлиги, осойишталигига путур етказадиган, ватандошларимизни чалғитадиган ёт ғояларга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло бизга ато этган тинчлик, барқарорлик ва хотиржамлик каби улуғ неъматлар қадрига етишимиз, уларни ҳимоя қилишимиз зарур. Тинчлик осойишта юртда хотиржам яшаш эса катта бахтдир.
Ўктам Қурбаниязов,
Амударё тумани
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси