Динимизда ибодатлар ичида намознинг алоҳида ўрни бор. Чунки у ҳар куни беш вақт такрорланиб туради. Одамлар уни ҳар куни бажариб тургани сабабли унга тегишли масалалар ҳам энг кўп ўрганилади ва такрорланади.
Намоз ислом умматига Қуръони карим, ҳадиси шариф ва умматнинг ижмоси билан фарз қилингандир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда намоз ҳақида шундай дейди:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“(Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
Бошқа ояти каримада намознинг вақти таъйин қилинганини таъкидлайди:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا
“Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир”, деган (Нисо сураси, 103-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم "بُنِيَ الإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ"
(رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ)
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” калимаси, намозни адо этиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Беш вақт намозларни рисоладагидек ўқиган одамнинг гуноҳлари кечирилади, дилидаги ғуборлар ювилади, руҳий ҳолати яхшиланади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ فِيهِ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسًا مَا تَقُولُ ذَلِكَ يُبْقِي مِنْ دَرَنِهِ قَالُوا: لاَ يُبْقِي مِنْ دَرَنِهِ شَيْئًا قَالَ: فَذَلِكَ مِثْلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِ الْخَطَايَا.
رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, ун(инг танаси)да кир қоладими?” деб сўрадилар. Шунда саҳобалар: “Йўқ, ҳеч қандай кири қолмайди”, дейишди. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривоятлари).
Намоз улуғ ибодат бўлганидан сафарда ҳам, одатий беморликда ҳам соқит бўлмайди, балки ҳар кимнинг ҳолатига қараб енгиллик берилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Имрон ибн Ҳусойнга шундай деганлар:
صلِّ قائمًا، فإن لم تستطع فقاعدًا، فإن لم تستطع فعلى جنبٍ
(رواه الامام البخاري عن عمران بن حُصين رضي الله عنهما)
“Тик туриб намоз ўқинг, бунга қодир бўлмасангиз ўтириб ўқинг, бунга ҳам қодир бўлмасангиз, ёнбошлаб ўқинг” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳатто Қуръони каримда оғир ҳолатларда ҳам намоз адо этилиши ва унда намоз қоидаларига баъзи бир ноодатий енгилликлар берилиши зикр қилинган. Душман хавфи ўта қаттиқ бўлганда қандай намоз ўқиш ҳақида шундай дейилади:
فَإِنْ خِفْتُمْ فَرِجَالًا أَوْ رُكْبَانًا فَإِذَا أَمِنْتُمْ فَاذْكُرُوا اللَّهَ كَمَا عَلَّمَكُمْ مَا لَمْ تَكُونُوا َعْلَمُونَ
яъни: “Агар (душман ҳужумидан) хавфда бўлсангиз, бас, пиёда ёки уловда (намоз ўқийверингиз). (Хавфдан) хотиржам бўлганингизда эса, билмаганларингизни сизга таълим берганидек Аллоҳни зикр этинг (намоз ўқинг)” (Бақара сураси 239-оят).
Бошқа ояти каримада хавф юқоридагидан камроқ бўлганда намоз ўқиш тартиби баён қилинади:
وَإِذَا كُنْتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ الصَّلَاةَ فَلْتَقُمْ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُوا أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُوا فَلْيَكُونُوا مِنْ وَرَائِكُمْ وَلْتَأْتِ طَائِفَةٌ أُخْرَىٰ لَمْ يُصَلُّوا فَلْيُصَلُّوا مَعَكَ وَلْيَأْخُذُوا حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ ۗ وَدَّ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْ تَغْفُلُونَ عَنْ أَسْلِحَتِكُمْ وَأَمْتِعَتِكُمْ فَيَمِيلُونَ عَلَيْكُمْ مَيْلَةً وَاحِدَةً ۚ وَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِنْ كَانَ بِكُمْ أَذًى مِنْ مَطَرٍ أَوْ كُنْتُمْ مَرْضَىٰ أَنْ تَضَعُوا أَسْلِحَتَكُمْ ۖ وَخُذُوا حِذْرَكُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ أَعَدَّ لِلْكَافِرِينَ عَذَابًا مُهِينًا
النساء:102
яъни: “Ҳар қачон Сиз (эй, Муҳаммад!) улар (саҳобаларингиз) орасида бўлиб, намозларига имомлик қилсангиз, (уларни икки қисмга бўлинг!) улардан бир қисми Сиз билан бирга (намозга) турсин! (Иккинчи қисми) қуролларини олсин (ва ёвдан мудофаа қилиб турсин). Сажда қилишгач (яъни, бир ракъат ўқишгач), ортингизга (қўриқлаш учун) бориб турсинлар. Ўқимаган қисм келиб, Сиз билан (намозни) ўқисин! Яна, эҳтиёт чораларини кўриб, қуролларини (қўлга) олсинлар. Кофирлар сизлар қурол ва анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда бирданига ҳамла қилишни хоҳлайдилар. Агар ёмғирдан азият чексангиз ёки бемор бўлсангиз, қуролларингизни (ечиб) қўйсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас. (Аммо) эҳтиёт чораларингизни кўриб қўйинг! Албатта, Аллоҳ кофирлар учун хорловчи азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси 102-оят).
Юқоридаги икки оятдан маълум бўлмоқдаки, қийин ҳолатларда ҳам намозни тарк қилинмайди, лекин бундай ҳолатда намоз ўқилганда одатдагидан кўра бир қанча енгилликлар бўлади. Жумладан, жамоат иккига бўлиниб, бир қисми имом билан намоз ўқиса, яна бир қисми уларни қўриқлайди, намозни ярми ўқилганда одамлар ўрин алмашадилар, намознинг иккинчи ярми ҳам тугаганда яна ўрин алмашадилар. Яъни, имомга иқтидо қилганларнинг маълум бир жойга бориб келиши билан намоз бузилмайди. Лекин намоз ўқиб турган ҳолда жанг қилинса, намоз бузилади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳандақ ғазоти куни тўрт вақт намозни ўқий олмадилар. Агар урушиб туриб ҳам намозни ўқиш керак бўлганда, ҳаргиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарк қилмаган бўлар эдилар.
Агар хавф янада кучайиб кетса, отга минган ҳолда ёки пиёда қай томонга юзланиб бўлса ҳам, рукуъ ва саждаларни имо-ишора қилиб намоз ўқилади. Уруш бошланиб кетса, юқорида айтилгани каби намоз бузилади. Хавф намози ўқилаётганда қурол-аслаҳаларни тақиб олиш мустаҳаб амалдир. Хавф намозини ҳар икки гуруҳ алоҳида имом билан навбат-навбат ўқиб олиши ҳам афзалдир. Юқоридаги хавфлар бартараф бўлса, яна одатдагидек намоз ўқилади.
Демак, намозхонлар ҳаётига хавф соладиган ҳолатларда динимиз бир қанча енгилликлар беради. Маълумки, дунё бўйлаб 2019 йилдан бери тарқалган Коронавирус инсоният ҳаётига жиддий хавф солди. Дунё бўйлаб миллионлаб аҳолининг ўлимига ва ижтимоий ҳаётда кўп ўзгаришларга сабаб бўлди. Жумладан, ибодат масалаларида ҳам бир қанча мушкулотлар пайдо бўлгани сабабли турли халқаро фатво уюшмалари бу масалаларнинг ечими ҳақида керакли фатволарни чиқардилар. Шундай масалаларнинг бири жамоат намозларини оралиқ масофа сақлаб адо қилишдир.
Юртимизда ҳам масжидлар очилиб яна жамоат намозлари жорий бўлгандан бери, сафда турган намозхонлар бир-биридан маълум миқдор масофа сақлаб намоз ўқияптилар. Бу ҳолат намознинг бузилишига ёки савоби камайишига таъсир қилиш ёки қилмаслиги ҳақида саволларни келтириб чиқарди.
Динимизда сафларни тўғрилаш ва жипслаштириш ҳақида келган буйруқлар тўрт мазҳаб уламолари томонидан ҳам суннат деб қабул қилинган, уни вожиб деб ҳукм қилмаганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом сафни тўғрилаш ҳақида шундай дейдилар:
أقيموا الصف في الصلاة فإن إقامة الصف من حسن الصلاة
متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه
“Намозда сафни тўғри қилинглар, чунки сафни тўғри қилиш намознинг гўзаллигидандир” (Муттафақун алайҳ)
Бошқа ҳадиси шарифда сафларни жипслаштириш ҳақида шундай дейилади:
عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رضي الله عنه قَالَ : خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ : (أَلَا تَصُفُّونَ كَمَا تَصُفُّ الْمَلَائِكَةُ عِنْدَ رَبِّهَا ؟) فَقُلْنَا : يَا رَسُولَ اللَّهِ وَكَيْفَ تَصُفُّ الْمَلَائِكَةُ عِنْدَ رَبِّهَا ؟ قَالَ : (يُتِمُّونَ الصُّفُوفَ الْأُوَلَ وَيَتَرَاصُّونَ فِي الصَّفِّ)
رواه مسلم
Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам (ҳужраи саодатдан) олдимизга чиқиб келиб : “Фаришталар роббиси ҳузурида саф тортгандек саф тортмайсизларми”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули улар роббиси ҳузурида қандай саф тортадилар”, дедик. “Аввалги сафларни тўлдирадилар ва жипс турадилар”, дедилар". (Имом Муслим ривоятлари).
Шариатимиз қиблани билишни имкони бўлмаганда бир томонни қасд қилиб намоз ўқиш ёки кийим тополмаган кишига кийимсиз ибодат қилишга рухсат беради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ
яъни: “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз...” (Тағобун сураси 16-оят).
Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ، فَاجْتَنِبُوهُ وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَافْعَلُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ،
“Сизни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четланинглар, нимага буюрган бўлсам, қўлингиздан келганича қилинглар...” (Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Масофа сақлаб ўқиш намознинг дурустлигига таъсир қилмаслигига яна бир далил, сафни орқасида узрсиз, бир кишининг ўзи намоз ўқиганда ҳам, намози кароҳият билан дуруст бўлади. Агар шу ҳолатига узр топилса, кароҳият кетади. Бу жумҳур уламонинг сўзидир.
Сафни зич қилишнинг фойдасидан касаллик тарқалишининг ёмонлиги каттароқдир. Имом билан унга иқтидо қилганлар бир масжидда турар эканлар сафни зич қилиш намознинг мукаммал бўлиши учундир, у намознинг аркони, фарзи ёки шарти эмас. Имом Косоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳробдаги имомга масжиднинг бир бурчагидан иқтидо қилса ҳам жоиздир. Чунки масжиднинг томонлари узоқ бўлсада, битта жой ҳукмидадир” (“Бадоиъус саноиъ” китоби).
Бошқа шаръий қоидалар ҳам масофа сақлаб ўқишнинг дурустлигига далолат қилади. Жумладан:
Одатдаги шароитда бу суннатга амал қилишга кучли тарғиб қилинади. Уни тарк қилиш макруҳдир. Лекин карантин шароитида ижтимоий масофани сақламаслик касаллик тарқалишининг асосий омили бўлгани учун масофа сақлаш, хоҳ жамоат жойида бўлсин, хоҳ масжидда бўлсин вожиб даражасига кўтарилди. Чунки бу ишда жонни ҳалокатдан сақлаш бор ва бу қоида бутун дунёда амалга татбиқ қилинмоқда. Вожиб билан суннат бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, албатта, вожибни бажариш керак бўлади.
Демак, касаллик тарқалишидан сақланиш учун соҳа мутахассислари кўрсатмасига кўра саф тортилса ҳам, намоз бузилмайди, макруҳ ҳам бўлмайди. Чунки узрли ҳолат бўлганда бу суннат соқит бўлади. Ҳозирги кунда касаллик кенг тарқалиб кетишидан қўрқиш ҳам узрлардан биридир. Касаллик тарқамаслиги учун сафларни орасини очишга эҳтиёж бор.
Бошқа томондан намоз ўқиш Аллоҳ таолонинг буйруғи бўлгани каби, инсон ўз жонини омон сақлаши ҳам У Зотнинг буйруғидир. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига имкониятдан ташқари ишни буюрмаслигини баён қилади:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...” (Бақара сураси 286-оят)
Демак, жонимизни таҳликага қўймасдан намозни адо қилсак, ҳам жонни сақлаган, ҳам ибодатни бажарган бўламиз. Буни ўзаро масофа сақлаш билан амалга оширамиз, шунда касаллик тарқалиши секинлашади ва хавф камаяди.
Маълумот сифатида айтишимиз мумкинки, карантин ҳолатида масофа сақлаб намоз ўқиш дурустлиги ҳақида Миср “Дорул ифто” фатво уюшмаси, Миср Ислом тадқиқот академияси, “Азҳар”нинг халқаро электрон фатво маркази, Жазоир фатво қўмитаси, Бутунжаҳон мусулмон уламолар уюшмаси бош котиби Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғийлар расмий фатволарини эълон қилишган.
Банда доим имкони даражасида ҳаракат қилиб, ибодатларини бажаргандан кейин Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилиб, унинг фазлидан умид қилиш керак. Зеро яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзидир. Ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи зот, хоҳласа имконимиз даражасида қилган ибодатимиз учун ўзи ваъда қилган тўлиқ савобни беради.
Бандасининг ихлоси, жидди жаҳдига қараб, савоблар 700 баробаргача кўпайиши ҳадисларда баён қилинади. Худди менинг дуоим ижобат бўлмади, деган кишининг дуоси қабул бўлмагани каби, Аллоҳ таолонинг раҳматига эгалик қилиб, намозимиз дуруст бўлмади, савоби камайди демаслик керак. Аксинча раҳматидан умид қилиш ва азобидан қўрқувни мўътадил тутиш талаб қилинади. Имконимиз борича амал қилиб, қолганига Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлини сўрайлик. Шояд тез кунларда офият ва хотиржамликка эришсак. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими бош мутахассиси
Тоштемиров Ҳикматуллоҳ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айтинг-чи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор? Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор? Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача дейишган. Мен фақат ҳукмга доир ҳадисларни айтяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар нечта? 8 мингтадан 12 мингтагача дейилган. Умуман олсак, суннат захирасида нечта аҳком ҳадислари бор? Юқорида айтганимиздек, 500, 1000, 2000, 3000...
Қуръондаги ҳукмга оид оятлар билан қўшганда, 5000 та дейлик. Лекин ҳаётда миллионлаб, ўн миллионлаб масалалар бор-ку. Шулардан тахминан 5000 тасига Қуръон ва Суннатдан далил топармиз. Лекин қолган миллионлаб масалаларга-чи? Шахсий масалалару, муомалот бобини қўйиб турайлик, намознинг ўзини олсак, ундаги ҳолатларнинг майда тафсилотларига бу 5000 танинг ичидан далилни топа олмасак-чи? Икки йўлдан бирини танлаш керак бўляпти. Агар Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига чекланиб қолсам, Қуръондаги «У ҳар бир нарсани баён қилувчидир» деган оятни ёлғонга чиқаришимга тўғри келиб қолади. Аллоҳ асрасин, ҳатто намоздаги ҳамма ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бера олмаса, қандай қилиб ҳар бир нарсани баён қилувчи бўла олади?! Агар фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи билангина чеклансам, гўёки динсизликка чақираётган бўлиб қолар эканман, чунки ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига ҳукм топиб бера олмай қоламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Бу кун динингизни мукаммал қилиб бердим», деяпти. Демак, бу дин мукаммал бўлиши керак. Лекин Қуръон ва Суннатда кийим-кечак, самолёт, автомобиль, ширкатлар ва бошқа минглаб ижтимоий масалаларга тегишли очиқ ҳукм топа олмайман, чунки мен далилларни шу икки манбага, улардаги муайян ададга чеклаб қўйган бўламан.
Мана шунинг учун дин душманлари динни йўқ қилиш, уни амалдан чиқариб юборишни даъво қилишяпти. Ташаддуд ва таҳаллул йўналишлари мана шунга чақиришяпти, яъни Исломни далилларнинг зоҳири билан чеклаб қўйишга ҳаракат қилишяпти. Хўш, унда нима бўлади? Одамлар муомалотда (яъни ўзаро олди-берди, оилавий масалалар, даъволашув ишлари, мерос борасида), умуман олганда, юриш-туришда диндан узоқлашиб кетади. Далилларнинг фақат зоҳирига амал қиламан деса, ҳаётнинг жуда оз жабҳаларидагина Исломга амал қила олади.
У ҳолда қолган амалларнинг ҳукми нима бўлади? Уларни қаердан оламиз? Аллоҳ таоло бу саволга: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб жавоб берди. Демак, бундан бошқа ҳукмлар ижтиҳод, истинбот, яъни далилдан ҳукм чиқариш орқали олинади. Мана шу йўл, яъни ижтиҳод қилиш саҳиҳлигига чексиз далиллар бор.
Демак, яна мавзуимизга қайтсак. Ҳар бир масалага далил керак, лекин «Далил – фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи» десак, қийин аҳволда қоламиз. Қуръон ва Суннатда очиқ далили бор масалалар барча масаланинг ҳукмини олишга етарли эмас. Шунинг учун бу нотўғри йўлдир, чунки масалалар шу қадар кўпки, «Ўн мингта масаладан биттасига очиқ-ойдин далил бор», десак ҳам, муболаға қилмаган бўламиз. Ўн мингта масаладан биттасига! Эътибор беринг, далили Қуръон ва Суннатда бор бўлган масалалар ўн мингта масаладан биттасига тўғри келади.
Шунинг учун биз «Ҳар бир фиқҳий масаланинг далили бор» деганда, умумий далилларни, қиёс ва қоидаларни ҳам тушунамиз. Далилсиз бирон масала йўқ, дегани мана шудир. Масалани тор олиб, «Далил - фақат Қуръон ва Суннат» десак, ўн мингта масаладан биттасига далил топа олар эканмиз. Шу эътибордан, агар мендан ўша ўн мингта масаладан биттасининг ҳукмини талаб қилиб, қолган барча масалани инкор қилсангиз, Исломни бекор қилган бўласиз. Ташаддуд йўналишига чақирадиганлар шундай қилишяпти.
Биз улар ҳақида ҳазил қилиб, бундай деймиз: «Уларнинг олтмишта масаласи бор, Ислом шу олтмишта масаладан иборат, тамом. Қолган жабҳалар Ислом эмас. Улар учун Ислом нима? Фақатгина шанба куни рўза тутиб бўлмайди, йигирма ракат намоз йўқ, калта иштон кийиш керак, соқол ва шунга ўхшаган саноқли гапларни айлантираверишади».
Лекин муомалот масаласи, шахсий ҳолатлар ҳақидаги масалалар, давлат ишлари ҳақида гаплашайлик, десангиз, ҳеч нарса билишмайди, чунки улар Исломни ўн мингта, балки миллионта масаладан биттагинаси билан чеклаб қўйишди. Ёмон хулқлар, такаббурлик, тасарруфотлар, мусулмонларни ўлдириш, ҳаром ишларни ҳалол санаш ва бошқа мавзулар билан уларнинг иши йўқ. «Мен фақат далилга эргашаман», дейишади. Қандай далилга? Сен гумон билан даъво қиляпсан. Сен бу ишинг билан шариатни тўхтатишга, уни бекор қилишга даъват қиляпсан. Сен ҳар бир масалага очиқ-ойдин далил талаб қилсанг, бу нарса зоҳиран яхши ишдек кўринаверади, лекин аслида бу динни, унинг ҳукмларини емириш бўлади, шариатнинг аҳкомларини бекор қилиш бўлади.
Ҳар бир масалага далил топасиз, лекин ўша далил Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан қоидалардан бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳанафий мазҳаби қоидалар мажмуасидир, Қуръон ва Суннатдан хулоса қилиб олинган қоидалар тўпламидир. Қуръон ва Суннат асосида қоидалар ишлаб чиқилган, ана шу қоидалардан эса фиқҳий масалалар келиб чиққан. Демак, бизнинг далилимиз ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган, лекин ўртадаги маълум восита орқали олинган. Ҳукм қоидадан олинган, қоида эса Қуръон ва Суннатдан олинган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ҳукмнинг далили борлиги мана шудир. Истисносиз, миллионта фиқҳий масала бўлса ҳам, мана шу йўл билан унинг далилини топаверасиз. Лекин Қуръон ва Суннатдан очиқ-ойдин далил қидирсангиз, ўн мингта масаладан биттасига далил топасиз, холос.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан