Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Исломда диний бағрикенглик асослари

20.04.2021   3492   11 min.
Исломда диний бағрикенглик асослари

Ўзбекистон халқи азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Қадимдан заминимизда яшаган миллат ва элатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўйу маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган.

Юртимизда яшовчи турли дин вакилларига диний маросимларини ўтказишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштироклари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттирганини таъкидлаш керак. Буни бутунжаҳон эътироф этмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд аль-Ҳусайннинг қуйидаги сўзлари бунинг ёрқин далилидир: “Бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали кунларда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқдир”.

Бундай аҳилликнинг асосий сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни байрамлар билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик муҳитида ўз ифодасини топмоқда.

Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони азиймуш-шонда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13), деб марҳамат қилинган.

Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир.

Ислом дини аввал бошдан бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар ораларида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлишди.

Бу борада Аллоҳ таоло бундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.

Набий алайҳиссалом ҳар бир кишининг қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, унинг инсонлиги учун одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат  қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Жумладан, Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан одамлар тобут кўтариб ўтишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин саҳобалар унинг яҳудий эканини айтишди. Шунда Расулуллоҳ: “У руҳ эгаси – инсон эмасми?!” – дедилар”.

Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга-бирга ишлар эдилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – деган экан.

Бу каби мисолларни Ислом тарихидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.

Демак, кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда жамиятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз талабидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят). “Анкабут” сураси 46-оятида эса: “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар...”, дейилган.

Демак, Қуръони карим мусулмон мамлакатларида бошқа динларга нисбатан муносабат ва диний эътиқод эркинликлари масалаларида асосий манба бўлиб хизмат қилган. Шундай экан, бундан исломнинг бошқа диний эътиқоддаги кишиларга нисбатан инсонпарвар, адолатпарвар эканини кўришимиз мумкин.

Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.

Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бўладиган кундалик алоқаларга алоҳида урғу берган. Хусусан, қўшничилик алоқалари, аҳли китобларнинг таомидан истеъмол қилиш, уларга уйланиш мумкин экани, уларни ғийбат қилиш ҳам гуноҳ экани, молиявий алоқалар ўрнатиш, улардан қарз олиш, қарз бериш, уларга омонат қўйиш, мусулмон бўлмаган кишини мақташ каби масалаларда оят ва ҳадислар келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур. Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилинади: «Муқавқис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя юборди. Бас, у зот уни қабул қилдилар». Ибн Абу Шайба ривоят қилган. Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидаги ривоятни келтирган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқис ҳадя қилган чопонлари бор эди. Ул зот уни ҳайит ва жума кунлари ҳамда ҳузурларига элчилар келганида кияр эдилар”.

Имом Бухорий ҳазратлари ўзларининг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобларида шундай ҳадисни ривоят қилади: Мужоҳид айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим. Унинг хизматчиси бир қўйни сўйиб, унинг терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу хизматчига қараб: Қўйни сўйиб бўлгач гўштни биринчи бўлиб яҳудий қўшнимиздан бошлаб тарқат, деди. Ўша ерда турганлардан бири: “Аллоҳ сизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Яҳудийдан бошла!”, дедингизми, деди. Шунда у зот: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қўшнига яхшилик қилиш ҳақида жуда кўп эшитганман, ҳатто қўшнига мерос беришни тайинласалар ҳам керак, деган хаёлга ҳам борганмиз, дедилар.

Имом Бухорий ўз китобларида ривоят қилишларича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган вақтларида совутлари бир яҳудийнинг қўлида гаров эвазига берилган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари У зот учун жону молларини фидо қилган инсонлар эди. Улар ичида Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳумо каби бой саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина ишоралари билан бор будларини У зотнинг оёқлари остига олиб келиб ташлар эдилар. Лекин шундай бўлса-да Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзга дин вакилидан қарз олганлар. Бунинг сабаби ўзлари намуна бўлиб жамият бирдамлиги учун улар билан қандай муомалада бўлиш кераклигини умматларига кўрсатиб берганлар.

Демак, Ислом шариатида ўзга дин вакиллари билан иноқ муносабатда бўлишга оид муносабатлар аниқ белгилаб берилган. Буюк аждодларимиз ўзга дин вакиллари билан қандай муносабатда бўлиш лозим эканини ўргатиб, ўзлари бунда барчага намуна бўлганлар.

Бугунги кунда дунёдаги тинчлик-осойишталик ва барқарорликка миллатлар ва динлараро зиддиятлар, экстремизм ҳамда терроризм каби таҳдидларнинг жиддий хавф-хатари мавжудлиги глобаллашув шароитида Ўзбекистонда миллатлар ва динлараро муносабатлар масаласида хотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.

Айни кунларда дунёда геосиёсий рақобат тобора кучайиб, айрим кучлар томонидан халқлар онгига эгалик қилиш орқали турли дин вакиллари ўртасида ўзаро низо ва оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш, мамлакатни куч-қудратини камайтириб, ҳудудни ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий томондан ўз таъсир доирасига олишга уринишлар кучаймоқда.

Ҳозирда жаҳонда юз бераётган диний тоқатсизлик ҳолатлари бошқа дин вакилларига ўта муросасизлик, бир дин ичидаги можароли муносабатлар ҳамда дунёвий тузумга қарши кураш ёки халқаро даражадаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ бўлиб турибди.

Зеро, барча динлар қатори Ислом ўзидан аввалги динларни (яҳудийлик, насронийлик) эътироф этибгина қолмасдан, уларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қарашга ҳамда улар билан адолатли муносабатда бўлишга буюрган.

Ислом доимо барча дин ва эътиқод вакилларини адолат ўрнатишда, хавфсизликни таъминлашда ва бегуноҳ одамларни қони тўкилишини олдини олишда ҳамкорлик қилишга чақиради.

Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида гўзал ўрнаклар бор. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилган пайтларидан у ерлик аҳоли билан баҳамжиҳат яшаш тўғрисида тузилган шартнома, Нажрон насороларидан бўлган олтмиш кишилик делегацияни масжидга жойлаб уларга кўрсатилган илтифот, Макка мушриклари билан Ҳудайбияда тузилган сулҳ шартномаси ва Макка фатҳ этилгач, мушрикларнинг умумий афв этилиши каби воқеалар бағрикенгликнинг ёрқин амалий намуналаридан ҳисобланади. Ҳаттоки Нажрон насаролари масжиди набавийда ўз ибодатларини Байтил Мақдисга қараб бажаришларига рухсат берилгани диққатга сазовор.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динида инсонларни турли динларга эътиқод қилиши Аллоҳнинг хоҳишига кўра бўладиган иш экани мусулмон киши ўзига юклатилган вазифани бажаришга масъул экани таъкидланган. Турли дин вакиллари, хусусан, аҳли китоблар ҳисобланган яҳудий ва насронийлар билан агар улар мусулмонлар билан тузилган битимни бузишмаса, илиқ муносабат ўрнатишга чақирилади. Албатта, бағрикенглик турли дин вакилларини бир заминда баҳамжиҳат, ҳамкорликда яшашга чақиради.

Демак, Ислом дини мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсонларга яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин вакилларига ҳам яхшиликда ва меҳр-шавқатда бўлишларига буюрган.

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   2784   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар