Ўзбекистон халқи азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Қадимдан заминимизда яшаган миллат ва элатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўйу маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган.
Юртимизда яшовчи турли дин вакилларига диний маросимларини ўтказишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштироклари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттирганини таъкидлаш керак. Буни бутунжаҳон эътироф этмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд аль-Ҳусайннинг қуйидаги сўзлари бунинг ёрқин далилидир: “Бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали кунларда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқдир”.
Бундай аҳилликнинг асосий сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни байрамлар билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик муҳитида ўз ифодасини топмоқда.
Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони азиймуш-шонда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13), деб марҳамат қилинган.
Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир.
Ислом дини аввал бошдан бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар ораларида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлишди.
Бу борада Аллоҳ таоло бундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Набий алайҳиссалом ҳар бир кишининг қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, унинг инсонлиги учун одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Жумладан, Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан одамлар тобут кўтариб ўтишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин саҳобалар унинг яҳудий эканини айтишди. Шунда Расулуллоҳ: “У руҳ эгаси – инсон эмасми?!” – дедилар”.
Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга-бирга ишлар эдилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – деган экан.
Бу каби мисолларни Ислом тарихидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.
Демак, кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда жамиятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз талабидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят). “Анкабут” сураси 46-оятида эса: “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар...”, дейилган.
Демак, Қуръони карим мусулмон мамлакатларида бошқа динларга нисбатан муносабат ва диний эътиқод эркинликлари масалаларида асосий манба бўлиб хизмат қилган. Шундай экан, бундан исломнинг бошқа диний эътиқоддаги кишиларга нисбатан инсонпарвар, адолатпарвар эканини кўришимиз мумкин.
Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бўладиган кундалик алоқаларга алоҳида урғу берган. Хусусан, қўшничилик алоқалари, аҳли китобларнинг таомидан истеъмол қилиш, уларга уйланиш мумкин экани, уларни ғийбат қилиш ҳам гуноҳ экани, молиявий алоқалар ўрнатиш, улардан қарз олиш, қарз бериш, уларга омонат қўйиш, мусулмон бўлмаган кишини мақташ каби масалаларда оят ва ҳадислар келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур. Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилинади: «Муқавқис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя юборди. Бас, у зот уни қабул қилдилар». Ибн Абу Шайба ривоят қилган. Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидаги ривоятни келтирган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқис ҳадя қилган чопонлари бор эди. Ул зот уни ҳайит ва жума кунлари ҳамда ҳузурларига элчилар келганида кияр эдилар”.
Имом Бухорий ҳазратлари ўзларининг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобларида шундай ҳадисни ривоят қилади: Мужоҳид айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим. Унинг хизматчиси бир қўйни сўйиб, унинг терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу хизматчига қараб: Қўйни сўйиб бўлгач гўштни биринчи бўлиб яҳудий қўшнимиздан бошлаб тарқат, деди. Ўша ерда турганлардан бири: “Аллоҳ сизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Яҳудийдан бошла!”, дедингизми, деди. Шунда у зот: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қўшнига яхшилик қилиш ҳақида жуда кўп эшитганман, ҳатто қўшнига мерос беришни тайинласалар ҳам керак, деган хаёлга ҳам борганмиз, дедилар.
Имом Бухорий ўз китобларида ривоят қилишларича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган вақтларида совутлари бир яҳудийнинг қўлида гаров эвазига берилган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари У зот учун жону молларини фидо қилган инсонлар эди. Улар ичида Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳумо каби бой саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина ишоралари билан бор будларини У зотнинг оёқлари остига олиб келиб ташлар эдилар. Лекин шундай бўлса-да Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзга дин вакилидан қарз олганлар. Бунинг сабаби ўзлари намуна бўлиб жамият бирдамлиги учун улар билан қандай муомалада бўлиш кераклигини умматларига кўрсатиб берганлар.
Демак, Ислом шариатида ўзга дин вакиллари билан иноқ муносабатда бўлишга оид муносабатлар аниқ белгилаб берилган. Буюк аждодларимиз ўзга дин вакиллари билан қандай муносабатда бўлиш лозим эканини ўргатиб, ўзлари бунда барчага намуна бўлганлар.
Бугунги кунда дунёдаги тинчлик-осойишталик ва барқарорликка миллатлар ва динлараро зиддиятлар, экстремизм ҳамда терроризм каби таҳдидларнинг жиддий хавф-хатари мавжудлиги глобаллашув шароитида Ўзбекистонда миллатлар ва динлараро муносабатлар масаласида хотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.
Айни кунларда дунёда геосиёсий рақобат тобора кучайиб, айрим кучлар томонидан халқлар онгига эгалик қилиш орқали турли дин вакиллари ўртасида ўзаро низо ва оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш, мамлакатни куч-қудратини камайтириб, ҳудудни ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий томондан ўз таъсир доирасига олишга уринишлар кучаймоқда.
Ҳозирда жаҳонда юз бераётган диний тоқатсизлик ҳолатлари бошқа дин вакилларига ўта муросасизлик, бир дин ичидаги можароли муносабатлар ҳамда дунёвий тузумга қарши кураш ёки халқаро даражадаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ бўлиб турибди.
Зеро, барча динлар қатори Ислом ўзидан аввалги динларни (яҳудийлик, насронийлик) эътироф этибгина қолмасдан, уларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қарашга ҳамда улар билан адолатли муносабатда бўлишга буюрган.
Ислом доимо барча дин ва эътиқод вакилларини адолат ўрнатишда, хавфсизликни таъминлашда ва бегуноҳ одамларни қони тўкилишини олдини олишда ҳамкорлик қилишга чақиради.
Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида гўзал ўрнаклар бор. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилган пайтларидан у ерлик аҳоли билан баҳамжиҳат яшаш тўғрисида тузилган шартнома, Нажрон насороларидан бўлган олтмиш кишилик делегацияни масжидга жойлаб уларга кўрсатилган илтифот, Макка мушриклари билан Ҳудайбияда тузилган сулҳ шартномаси ва Макка фатҳ этилгач, мушрикларнинг умумий афв этилиши каби воқеалар бағрикенгликнинг ёрқин амалий намуналаридан ҳисобланади. Ҳаттоки Нажрон насаролари масжиди набавийда ўз ибодатларини Байтил Мақдисга қараб бажаришларига рухсат берилгани диққатга сазовор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динида инсонларни турли динларга эътиқод қилиши Аллоҳнинг хоҳишига кўра бўладиган иш экани мусулмон киши ўзига юклатилган вазифани бажаришга масъул экани таъкидланган. Турли дин вакиллари, хусусан, аҳли китоблар ҳисобланган яҳудий ва насронийлар билан агар улар мусулмонлар билан тузилган битимни бузишмаса, илиқ муносабат ўрнатишга чақирилади. Албатта, бағрикенглик турли дин вакилларини бир заминда баҳамжиҳат, ҳамкорликда яшашга чақиради.
Демак, Ислом дини мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсонларга яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин вакилларига ҳам яхшиликда ва меҳр-шавқатда бўлишларига буюрган.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мазҳаб – бу умматдир. Уммат эса кўпчилик уламолардан ташкил топган. Бу уламолар ижтиҳод қилишади, таҳқиқ қилишади. Масала бир эмас, кўпчилик томонидан илмий таҳқиқ қилинади. Умматда саноқсиз уламолар бор, саноқсиз китоблар бор. Уламолар қайта-қайта ўзаро баҳслар қилиб, «Фалон масала тўғри», деб хулоса қилишади.
Натижада мукаммал даражада маъсум бўлмасак-да, кучли ишонч ила тўғри йўлда бўламиз. «Маъсум бўлмасак-да», деганимнинг сабаби шуки, биз ҳанафийлар «Сўзимиз юз фоиз тўғри», деб даъво қилмаймиз. Тўқсон саккиз-тўқсон тўққиз фоиз тўғри бўлиши мумкин, хато қилиш эҳтимоли бор. Токи шофеъий мазҳабига ҳам йўл қолсин. Аммо биз бу қадар катта нисбатга фақат Абу Ҳанифанинг ижтиҳоди билан эмас, балки илм ижтиҳоди билан эришдик, катта миқдордаги, жуда кўп уламолар воситасида эришдик. Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб келинади. Барча уламолар мана шу масалага мувофиқ келади. Натижада суянишнинг энг олий чегарасига чиқиб борилади.
Бу суяниш ниҳоятда қувватли бўлади, иймон келтирадиган даражада аниқ бўлмаса-да, шунга яқин келади. Аҳли суннанинг ўзига хос хусусияти мана шудир. Нима учун бу фиқҳ залолатдаги фиқҳ бўлмайди? Чунки унда хато бўлиш эҳтимоли жуда кам, чунки ундаги ижтиҳод бир кишига тегишли эмаски, унинг аксари хато бўлса... Балки бу нарса илмий мактаб ижтиҳодига, қарорига айланди. Бундай илмий мактабда эса хато қилиш эҳтимоли жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динини илмий мактабларнинг мана шундай тартибли илмлари орқали муҳофаза қилди.
Акс ҳолда Аллоҳ таоло Ўзининг динини Зайд, Амр ёки Юсуфнинг қўлида, яъни бир ёки бир неча кишининг қўлида муҳофаза қилган бўлиб қолар эди. Бу гапга ақл бовар қиладими? Йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг динини кучли, асосли, жуда кўп уламоларни ўз ичига олган қатъий, собит илмлар орқали муҳофаза қилади.
Масалага енгил, юзаки қарайдиган, мутаассиб мактаблар наздидагина мўътабар бўлган Фалончи ёки Пистончининг фатво бериши билан улуғ уламоларнинг ижтиҳоди ва қарорлари орасида қанчалар фарқ бор!
Қуръон ва Суннатни англашни, фаҳмлашни якка шахсларга топшириб қўйиш мумкинми? Йўқ. Қуръон ва Суннатни англашни илмий мактабдан ҳосил бўлган илмларгагина ҳавола қилиш мумкин.
Аҳли суннанинг наздида Қуръон ва Суннатнинг қадрини кўряпсизми?
Аҳли сунна Аллоҳнинг Каломи ва Расулининг Суннатини англаш йўлида дунёдаги энг буюк илмни сафарбар қилишди. Тўрт мазҳабнинг илми дунёдаги энг кенг илмдир. Бу илм сон-саноқсиз уламоларни қамраб олган. Уларнинг вазифаси – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ирода қилган нарсани баён қилиб беришдир. Ақоид борасида Аллоҳ ва Расулининг иродасини очиқлаб берадиган мустаҳкам илмлар ишлаб чиқилди. Одоб-ахлоқ борасида ҳам шундай бўлди.
Биз тўғри, нотўғри эмас, балки қатъиян ҳақ, деяётган бу мактаб қаерда-ю, залолат мактаби – енгиллик ва мутаассиблик мактаблари қаерда?!
Ҳақ мактаб Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини ҳурмат қилди. Уни англаш учун керакли барча илмларни ишлаб чиқди. Бу мактабда инсоният тарихидаги энг афзал, энг улуғ уламолар фаолият кўрсатдилар. Улар Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатини оламда тенги йўқ илмлар, қоида ва усуллар орқали тафсир қилишди. Бу дунёда фиқҳ қоидаларининг ўхшаши йўқ! Бирон киши уларнинг мақомию ҳисобига ета олмайди. Саҳобалар ҳам, тобеъинлар ҳам барча саъй-ҳаракатларини Аллоҳ ва Расулининг муродига бағишлашди. Шу боис барча илмлар ўз қоидаларига эга бўлиб, мустаҳкам қарор топди. Бизда – Урдунда «Ким қонунларни ўрганмоқчи бўлса, усулул-фиқҳни ўргансин», деган гап бор. Усулул-фиқҳ (фиқҳ қоидалари)ни билсангиз, қонунларни ҳам яхши тушунасиз.
Қонунлар ишлаб чиқилган, лекин ўзларида усул йўқ, шунинг учун усулул-фиқҳни ўрганишга мажбур бўлишади, шунда уларни яхши тушунишади. Тасаввур қилинг, қанча-қанча қоидалар ишлаб чиқилган! Буларнинг барчаси усулдандир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан