Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар муборак рамазон ойида катта хайрли ишларни амалга оширмоқда. Рамазон ойининг илк хафтасида имом-хатиблар саховатпеша инсонлар ва ҳомийларни жалб қилган ҳолда, аҳолимизнинг боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган ва кам таъминланган оилаларга жами 1 989 120 504 (бир миллиард тўққиз юз саксон тўққиз миллион беш юз тўрт) сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим кечак ва зарур рўзғор анжомларини эҳтиёжманд оилаларга тарқатишди.
Телевидение ва радиода 80 га яқин кўрсатув ва эшиттиришларда Рамазони шариф фазилати ва бошқа долзарб мавзуларда чиқишлар қилишди. Интернет сайти ва ижтимоий тармоқларда турли мавзуларда 400 га яқин видео роликлари қўйилди. Ёшлар таълим тарбияси ва турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш мақсадида 100 дан зиёд маърузали чиқишлар амалга оширилди.
Аллоҳ таоло имомларимизнинг қилаётган хайрли амалларига кўмакчи бўлсин, эҳтиёжманд инсонларга қилинаётган хайрли ишларнинг файзини бунданда зиёда айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими
Жорий йил, 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, олий даражада имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликнинг жадал тараққий этишида муҳим омил экани таъкидланди.
Мартабали меҳмонга юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, эътиқод эркинлиги йўналишидаги янгиланишлар ва кўп миллатли халқимиз учун тақдим этилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, «Вақф» хайрия жамоат фонди, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари делегацияда катта қизиқиш уйғотди.
Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним Ўзбекистонга илк ташрифидан мамнун экани, бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бутун оламга машҳур эканини эътироф этди.
Учрашувда диний соҳа ходимлари малакасини ошириш, илмий-тадқиқот, таълим-тарбия ва зиёрат туризми йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилиб, осори-атиқаларни сақлаш, илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва ислом маърифатини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган тарихий ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, мартабали меҳмонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам бўлиб, олий маъҳад фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган жума намозидан сўнг икки давлат ҳамкорлиги янада тараққий этиши, дин йўлида қилинаётган хизматлар бардавом бўлишини тилаб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати