Нур Султон ҳокимлиги сайтининг хабар беришича, Қозоғистон Республикасида Марказий Осиёдаги энг катта масжид қурилиш жараёнидан олинган фотосуратлар эълон қилинди. Бу ҳақда tengrinews.kz. нашри хабар берди. Мамлакат пойтахтида Кабанбай ботир ва Мангилик эл хиёбонлари оралиғида янги масжид қурилмоқда. Нур Султон ҳокими Олтой Кулгинов ўзининг инстаграм саҳифасида ушбу масжид Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги энг йирик масканга айланади, дея маълумот ёзиб қолдирган.
Масжид гумбазининг баландлиги деярли 90 метр, миноралар эса 130 метр баландликда қурилади. Масжиднинг сиғими 30 минг кишини ташкил қилади. Ҳокимнинг таъкидлашича, қурилиш Нурсултон Назарбоев номидан ҳомийлик маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
«Бугун мен масжид қурилиш жараёни билан яқиндан танишиб чиқдим. Ўз навбатида биз муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар устида иш олиб бормоқдамиз. Жумладан, масжид ҳудуди обод қилинади ва дарахтлар экилади. Келажакда масжид нафақат мамлакатимиз аҳолисига, шунингдек, сайёҳлар учун ҳам диққатга сазовор жойларга айланади», дейди Кулгинов.
Хуршид Маъруф тайёрлади
Самарқанд шаҳридаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қирғиз Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Абдулазиз Закировни қабул қилдилар.
Учрашувда кейинги йилларда диний идоралар ўртасида алоқалар ривожланаётгани, қардош уламолар ҳамкорлиги тараққий этаётгани, халқаро анжуманларда биргаликда иштирок этиши, фатво ишлаб чиқиш ва муҳим саналарни белгилашдаги кенгашлар яхши натижа бераётгани қайд этилди.
Ўтган март ойида Хўжанд шаҳрида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғиз республикалари раҳбарлари давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолагани тарихий воқеа бўлгани, ушбу ҳужжат баҳс-низоларни ортда қолдириб, абадий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлагани таъкидланди.
Қирғиз муфтийси сўнгги йилларда Ўзбекистонда Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва улуғ алломалар меросига эҳтиром кўрсатиш, минтақада тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва яхши қўшничилик муносабатларини шакллантириш йўлида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Муфтий Абдулазиз Закиров Марказий Осиё ижтимоий ҳаётида диёримиз уламоларининг ўрни катта экани, улар қардош аҳли илмларга устоз сифатида қадрланиши, ҳар бир долзарб мавзудаги диний масалани кенгашган ҳолда амалга оширилишини билдирди. Шунингдек, минтақа учун аҳамиятли масалаларда фатволар эълон қилиш ва муҳим саналарни белгилашда Ўзбекистон уламолари етакчилигини эътироф этди. Бундан ташқари халқлар иттифоқчилиги таъминланишида Мир Араб мадрасасида таълим олган қардош уламоларнинг роли катта эканини таъкидлади.
Имом Мотуридий меросига бағишланган халқаро конференция ўзаро ҳамкорликнинг узвий давоми экани, унда мўътабар уламолар томонидан муҳим мавзулар кенг муҳокама қилиниб, бугунги кундаги долзарб ақидавий ва ихтилофли масалаларга ечим топилишига Қирғиз муфтийси ишонч билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати