Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин” дедилар (Бақара, 185).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундур ва унинг мукофотини Мен –Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони унинг измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Раббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар).
Бошқа бир ривоятда: ”Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди” дейилган.
Имон келтирган инсон комил мўмин бўлиш учун бутун умри асносида Аллоҳ таоло буюрган ва Унга маъқул бўладиган хайрли амалларни кўплаб бажариб, Аллоҳнинг ризолигини топишни ва бу билан намои аъмолларига ажру савобларни орттириб ёзилиши ҳаракатида бўлади. Аллоҳнинг Ўзи яратган бандаларига марҳамати жуда кенг эканлигини ва бир қилган солиҳ амалимизга баъзи ҳолларда ўн ёки етти юз баробаригача ёки ундан ҳам зиёд (Валлоҳи аълам) мукофот бериш ваъдаси борлигини ҳам юқорида келтирилган биргина ҳадиси шарифдан кўриб турибмиз. Ана шундай намои аъмолларимизга ажру савобларни ёзилиши ҳаракатида бўладиган бу муборак улуғ ой – ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойидир. Бу улуғ ой ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хутба қилганлар.
Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
“Шаъбон ойининг охирги кунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бир хутба ўқидилар.
– Эй инсонлар! Улуғ ва баракотли ойнинг сояси устингизга тушди. Бу ойда минг ойдан-да хайрлироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг кундузларида рўза тутишингизни фарз ва кечалари туриб, намоз ўқишингизни суннат қилган. Бу ойда ким заррача яхшилик қилса, бошқа ойларда бир фарз амал қилгандек савоб олади. Ва ким бу ойда бир фарз адо этса, бошқа ойларда етмиш фарз амал бажаргандек бўлади. Бу ой сабр ва қийинчиликларга чидаш ойидир. Сабрнинг эвази эса жаннатдир. Бу ой фақир ва йўқсилларга ёрдам ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда бир кишининг бир рўзадорни ифтор қилдириши гуноҳларнинг кечирилишига ва жаҳаннам оловидан қутилишига васила бўлади. Бундан ташқари унга рўзадорнинг савобидан камайтирилмасдан унинг савобичалик савоб ёзилади, дедилар.
Саҳобалар:
– Ё Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифтор беришга кучимиз етмайди-ку, – дейишди.
Аллоҳнинг Расули:
Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир хурмо ёки сув қўшилган бир қултум сут билан ифтор эттирганга ҳам беради. Бу ойнинг боши раҳмат, ўртаси мағфират ва охири оловдан қутулишдир. Ким бу ойда хизматкор жорияларига кам иш буюрса, гуноҳлари кечирилади ва (жаҳаннам) оловидан қутулади. Бу ойда қўлингиздан келганча шу тўрт нарсани қилинглар. Бу тўрт нарсадан иккитаси билан Раббингизни хушнуд қиласиз. Иккитасига эса ўзингиз муҳтожсиз. Раббингизни хушнуд қиладиган икки нарса “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ” деб шаҳодат келтиришингиз ва истиғфор айтишингиздир. Сизлар муҳтож бўлган икки нарса Аллоҳдан жаннатни сўрашингиз ва жаҳаннам оловидан паноҳ тилашингиздир. Ким бир рўзадорнинг чанқоғини қондирса, Аллоҳ таоло ўша одамга Менинг ҳовузимдан сув ичириб, жаннатга киргунича чанқатмайди”,дедилар (Мунзирий; Ибн Ҳузайма, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, “Ат-Тарғиб”, 2-жилд, 218-бет).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”. Демак, ихлос ва имон билан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутишимиз, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига сабаб бўлади. Ҳар биримиз бу раҳматга, баракотга тўла бўлган ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойини ғанимат билайлик. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизнинг қилаётган барча тоат- ибодатларимизни ўз даргоҳида қабул қилсин. Омийн.
Яқуб ЖУМАМУРАТОВ тайёрлади.
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси