Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Феврал, 2025   |   12 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:04
Қуёш
07:23
Пешин
12:42
Аср
16:10
Шом
17:55
Хуфтон
19:09
Bismillah
11 Феврал, 2025, 12 Шаъбон, 1446

Қоримиз АҚШдаги масжидда хатми Қуръон ўтказмоқда

14.04.2021   2077   1 min.
Қоримиз АҚШдаги масжидда хатми Қуръон ўтказмоқда

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муборак Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида юртимиз қорилари чет мамлакатларда таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш ва диний-маърифий тадбирлар ўтказиш учун сафарга жўнаб кетишди.

Жумладан, АҚШ даги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашев АҚШга жўнаб кетди ва мутасадди вакиллар томонидан кутиб олинди. Муҳаммадий қори Эргашев АҚШ да Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб беради.

Маълумот учун, бир неча йиллардан буён имом-домлаларимиз Туркистон – Америка жамияти таклифига кўра, Рамазон ойида АҚШда бўлиб қайтган эди. Ўтган 2020 йили пандемия сабаб қориларимизнинг хориж сафари ташкил этилмади. Жорий йил Рамазон ойида қориларимиз АҚШ, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда хатми Қуръонлар ва диний-маърифий суҳбатлар ўтказиб қайтишади.

Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Тавбангизда 6 шарт борми?

7.02.2025   4800   3 min.
Тавбангизда 6 шарт борми?

Инсон гуноҳдан холи бўлмайди. Баъ­зан билиб-билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйиши мумкин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилин­ган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қи­лув­чидир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Терми­зий ривояти).

Аллоҳ таоло кўплаб оятларда инсонларни тавба қилишга буюрган. Жумла­дан, Таҳрим сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса” (8-оят).

Бошқа ояти каримада «...Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят), дейилган.

Инсон тавбани ўзига лозим тутиши керак. Аммо унинг тавбаси қабул бўлиши учун эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар бор. Хусусан, тавба қилишда чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраши керак. Сўнгра истиғфор учун маълум бир дуолар, ижобат бўладиган онлар фазилатидан фойда­ланиш зарур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ (унинг) тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Инсон тавбага шошилиши лозим. Луқ­мо­ни Ҳаким ўғилларига: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим тўсатдан келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: 1) гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалб­ни қоплайди, сўнгра уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди; 2) касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнг­лаш учун вақт қолмайди”, деган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қи­лиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло билмай қўл уринган гуноҳга зудлик билан қилинган тавбани қабул этишини баён қиляпти.

Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қил­магани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки гуноҳ ишга пушаймон бўлиш холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга, надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай де­йил­­ган: «Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ри­воят қилинади. У: “Мен отам билан бир­га Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу­нинг ҳузурига кирдим. Отам унга: “На­бий соллаллоҳу алай­ҳи васалламнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганмисиз?” деб айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ҳа, у зотнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганман”, деди» (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланса, тавбаси холис бўлиши учун бир неча шартлар бор:

– гуноҳ қилишдан дарҳол тўхташ;
– қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш;
– бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қи­лиш;
– тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш;
– истиғфор айтиш;
– гуноҳга қайтмасликни барча аъзолари билан амалга ошириш;
– гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўл­са, улардан узр сўраб, рози қилиш.

Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.