Хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муборак Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида юртимиз қорилари чет мамлакатларда таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш ва диний-маърифий тадбирлар ўтказиш учун сафарга жўнаб кетишди.
Жумладан, АҚШ даги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашев АҚШга жўнаб кетди ва мутасадди вакиллар томонидан кутиб олинди. Муҳаммадий қори Эргашев АҚШ да Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб беради.
Маълумот учун, бир неча йиллардан буён имом-домлаларимиз Туркистон – Америка жамияти таклифига кўра, Рамазон ойида АҚШда бўлиб қайтган эди. Ўтган 2020 йили пандемия сабаб қориларимизнинг хориж сафари ташкил этилмади. Жорий йил Рамазон ойида қориларимиз АҚШ, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларда хатми Қуръонлар ва диний-маърифий суҳбатлар ўтказиб қайтишади.
Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мир Араб олий мадрасасида Бухоро давлат университети билан ҳамкорликда аллома аждодларимиздан бўлган Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодини ўрганишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Олий мадрасанинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби Абдуғофур Раззоқов, Бухоро давлат университети Ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси Азимжон Ҳамидов, устоз ва талабалар иштирок этди.
Абдуғофур Раззоқов Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, қолдирган илмий мероси, асарларидаги яхшилик, гўзалликка тарғиб масалалари, буюк мутафаккирнинг нафақат туркий, балки, форсий тилда қилган ижодининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўзлади.
Азимжон Ҳамидов эса шоир, адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли, асарлари, Ватан соғинчи тараннум этилган асарларига тўхталди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати