Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Рамазон ва сахийлик

14.04.2021   2028   4 min.
Рамазон ва сахийлик

Инсон табиатан унутишга ва ғафлатда қолишга мойилдир. Дунё эса ёлғон ва бекорчи ҳис-туйғулардан иборат. Aгар инсонда ғафлат, унутиш ва дунё матоҳларига бўлган муҳаббат жамланса, ўша қалб қотиб боради, нафс эса осийлик қила бошлайди. Шу сабабдан Aллоҳ таолога бўлган иймони заифлашиб, охират диёрига бўлган рағбати камайиб боради. Бутун ўй-хаёли дунё бўлиб қолади. Дунё учун елиб югуради, унга эришиш учунгина яшай бошлайди.

Энди шу ҳолат бутун инсоният орасида тарқалсачи?! Унда, буюк бир офатга йўлиққан бўлади. Чунки улар бир-бирини ейдиган, заифларига раҳм-шафқат қилмайдиган, узоқ-яқинларининг ҳақларига риоя қилмайдиган ваҳший ҳайвонга айланиб бораётган бўлади.

Шу сабабли Aллоҳ таоло бандаларига пайғамбарлар юборади, уларга Ўзининг тавҳидини билдириш, тўғри йўлга йўллаш учун шариатлар жорий қилади. Aллоҳ таолонинг раҳмати сабабли инсонлар бир-бирларига меҳр кўрсатади, ўзаро силайи раҳм қиладилар. Кучлилари заифларига шафқатли бўлади. Катталари кичикларини иззат қилади. Мана шу гўзал сифатлар билан иймон ва ислом аҳллари зийнатланиб борадилар. Қачонки мана шу мақталган сифатлар мусулмон кишида йўқола бошласа, улар ўрнини дунё зийнатларига бўлган муҳаббат эгаллайди.

Ҳар йили рамазон ойи кириши билан мусулмонлар қалбида унга бўлган соғинч ва иштиёқ кучаяди. Дангасаликлар кетиб, ибодатга бўлган ҳарислик ортади. Қаерга қараманг мусулмонларни инфоқ-эҳсон қилаётган, ифторликлар улашаётган ҳолда топасиз. Рамазон ойида дунё ҳаваслари билан эмас, охират захираси ила яшай бошлайдилар. Зеро, Aллоҳ таоло рамазон ойининг рўзасини ҳам айнан шунинг учун фарз қилган.

Салафи солиҳларимиздан бирларидан сўрашди: "Рамазон рўзаси нима учун жорий қилинган?". У киши жавоб берди: "Тўқлар очлик таъмини тотиб кўриб, қорни оч кишиларни унутуб қўймасликлари учун".

Рўза саховатга ва эҳсонга элтувчи йўлдир. Aллоҳ таоло буюрганидек рўза тутган киши рамазон ойи давомида фаҳш сўзлар-у ишлардан узоқ бўлади. Ҳаромга боқмайди. Ён-атрофидагиларнинг ҳолидан хабар олади. Aмалларини бажаришда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доим гўзал намуна бўлганлар. Aллоҳ таоло буюрган амалларни ўзлари амалда кўрсатиб берганлар. Саҳобалар ва улардан кейин яшаб ўтган тобеинлар ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечиришган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу дастурхонида мискин бўлмаса таомланмас эдилар. Aҳллари билан овқатланиб ўтирсалар, бирор мискин овқат сўраб келса, идишдаги бор таомни унга бериб юборар, оилалари эса идишда қолиб кетган таом қолдиқлари билан кифояланишар эди.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтардилар: "Рамазон ойида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидоан кўпроқ оч юрган кишини, фақат ўзини тутиб оладиган даражада таомга эҳтиёжи бўлишини, бу ойда кўпроқ рўза ва намозлар билан машғул бўлишини яхши кўраман".

Рамазонни саховат ойи дедик, чунки тўқ киши бу ойда рўза тутаркан, очликни ҳис қилади. Шу сабабли оч қолганларга таом улашади. Aгар рўза тутмаса, очларнинг аҳволини қаердан ҳам биларди?!

Бой одам ҳам шундай, у ҳам рўза тутаркан, фақирларнинг ҳолатларини кўз олдидан ўтказади ва молидан закот беради, сақада қилади.

Мўмин банда учун рамазон айни фурсатдир. Бундай кунларда ғофил қолган банда, рамазондан кейин хайр-баракага эриша олмайди.

Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган ҳақиқий мўмин эмас", деб айтганлар.

 

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов

РАМАЗОН-2021
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди

17.01.2025   6733   2 min.
Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди

Шу йил 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Ўзбекистон Халқаро ислом академияси талабалари билан очиқ мулоқот ўтказдилар.
 

Суҳбат аввалида Ҳомиджон домла кейинги йилларда юртимизда ёшларнинг таълим-тарбиясини юксалтиришга катта эътибор берилаётгани таъкидлаш баробарида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, илк номи “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси” бўлган ташкилот 1943 йил 20 октябрда ташкил топгани, 1992 йили “Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси”, 1995 йили “Ўзбекистон мусулмонлари идораси” деб давлат рўйхатидан ўтказилгани, истиқлолгача 80 та масжид фаолият юритгани, Ўрта Осиёда ягона бўлган Мир Араб мадрасасида жами 10 нафар талаба ўқитилганини айтиб ўтдилар.


Ҳомиджон домла ўз сўзи давомида мустақиллик неъмати насиб этгандан сўнг диний-маърифий соҳада улкан ўзгаришлар бўлгани, хусусан, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар натижаси ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари саъй-ҳаракатлари билан юртимиз масжидлари сони 2145 тага, диний таълим муассасалари сони 14 тага етгани, Фатво ва илмий-тадқиқот марказлари, диний адабиётлар нашри, “Вақф” фонди жадал фаолият олиб бораётгани, умра бўйича квота олиб ташлангани, ҳажга борувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, энг қадимий ва нодир қўлёзма саналган “Усмон мусҳафи”, “Лангар Қуръони” юқори даражада таъмирлангани, Диний идора Кутубхона фондида 20 мингдан зиёд тошбосма ва қўлёзма асарлар яхши ҳолатда сақлаб келинаётгани ва бу каби амалий ишларнинг саноғи ва салмоғи кўплигини таъкидлаб, ана шу эътибор ва имкониятларнинг қадрига етиш ва ҳар ким ўз йўналишида етук мутахассис бўлиб юрт ривожи ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшиши лозимлигига урғу қаратдилар.  


Мулоқот якунида ҳар бир талабага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Ёшларга насиҳатим”, “Фитна кўз илғамас хатар” китоблари тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди Талабалар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишди