Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Август, 2025   |   10 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:49
Қуёш
05:21
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:41
Хуфтон
21:05
Bismillah
04 Август, 2025, 10 Сафар, 1447

“Эшон Темирхон тўра” жоме масжиди қайтадан бунёд этилиб, Рамазон ойига мўмин-мусулмонларга туҳфа этилди

11.04.2021   4406   2 min.
“Эшон Темирхон тўра” жоме масжиди қайтадан бунёд этилиб, Рамазон ойига мўмин-мусулмонларга туҳфа этилди

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламолар Иштихон туманининг олис ҳудудида жойлашган “Эшон Темирхон тўра” масжиди ва мажмуасини зиёрат қилгандан сўнг янги таъмирланган масжиднинг тантанали очилиш маросимида қатнашдилар. Муфтий ҳазратларига Диний идора ишбошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов ва вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамрохлик қилишмоқда. Маросимда таниқли уламолар, нуроний отахонлар, тажрибали имом-хатиблар, масжид жамоаси, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар иштирок этди.

Маросимда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йиғилганларни масжид очилиши ва муборак Рамазон ойи билан қутладилар. Юртимиз ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, улуғ ойдаги ибодатларнинг фазли, уни ғанимат қилиш тўғрисида маъруза қилдилар.

“Эшони Темирхон тўра” жоме масжиди 1993 йилларда халқ ҳашари йўли билан қурилган бўлиб, масжиднинг янги биноси 2019-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида таъмирланди, – дейди масжид имом хатиби Тошмуҳаммад Абилов. – Масжид ҳовлисининг умумий майдони 5 гектар, янги бинога 1000 нафар намозхон сиғади. Масжиднинг мовий гумбази узоқ-узоқдан кишиларни ўзига жалб этиб турибди.

Шунингдек, маъмурият (имом-хатиб, ноиблар) хоналари, ошхона, қоровулхона ва меҳмонхона каби қўшимча бинолар мавжуд.

30 кишига мўлжалланган эркаклар таҳоратхонаси ва аёлларнинг алоҳида таҳоратхонасида барча зарур шароитлар қилинган. Масжид “Соҳибкор”, “Орлот”, “Қайирма”, “Ўзбек қўрғон”, “Боғихон” маҳаллаларидан яшовчи мўмин-мусулмонларга хизмат қилади. Кундалик беш вақт намозда 100 дан зиёд, жума ва ҳайит намозларида 1000 дан ортиқ киши қатнашади.

Тадбирдан сўнг масжиднинг янги биносида йиғилган мўмин-мусулмонлар жамоат бўлиб пешин намозини адо этдилар, муфтий маъруза қилдилар.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни барчага муборакбод айлаб, қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

“Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар

01.08.2025   6418   1 min.
“Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар

Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.


“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.


“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.


“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.


“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.


“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.


“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.


“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.


“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.


Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат деди.
 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ