Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламолар Иштихон туманининг олис ҳудудида жойлашган “Эшон Темирхон тўра” масжиди ва мажмуасини зиёрат қилгандан сўнг янги таъмирланган масжиднинг тантанали очилиш маросимида қатнашдилар. Муфтий ҳазратларига Диний идора ишбошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов ва вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамрохлик қилишмоқда. Маросимда таниқли уламолар, нуроний отахонлар, тажрибали имом-хатиблар, масжид жамоаси, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар иштирок этди.
Маросимда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йиғилганларни масжид очилиши ва муборак Рамазон ойи билан қутладилар. Юртимиз ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, улуғ ойдаги ибодатларнинг фазли, уни ғанимат қилиш тўғрисида маъруза қилдилар.
“Эшони Темирхон тўра” жоме масжиди 1993 йилларда халқ ҳашари йўли билан қурилган бўлиб, масжиднинг янги биноси 2019-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида таъмирланди, – дейди масжид имом хатиби Тошмуҳаммад Абилов. – Масжид ҳовлисининг умумий майдони 5 гектар, янги бинога 1000 нафар намозхон сиғади. Масжиднинг мовий гумбази узоқ-узоқдан кишиларни ўзига жалб этиб турибди.
Шунингдек, маъмурият (имом-хатиб, ноиблар) хоналари, ошхона, қоровулхона ва меҳмонхона каби қўшимча бинолар мавжуд.
30 кишига мўлжалланган эркаклар таҳоратхонаси ва аёлларнинг алоҳида таҳоратхонасида барча зарур шароитлар қилинган. Масжид “Соҳибкор”, “Орлот”, “Қайирма”, “Ўзбек қўрғон”, “Боғихон” маҳаллаларидан яшовчи мўмин-мусулмонларга хизмат қилади. Кундалик беш вақт намозда 100 дан зиёд, жума ва ҳайит намозларида 1000 дан ортиқ киши қатнашади.
Тадбирдан сўнг масжиднинг янги биносида йиғилган мўмин-мусулмонлар жамоат бўлиб пешин намозини адо этдилар, муфтий маъруза қилдилар.
Аллоҳ таоло ушбу масжидни барчага муборакбод айлаб, қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий