Бугун, 11 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани “Домла Камолиддин Охун” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида диний идора иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, таниқли уламолар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари, масжид жамоаси ва узоқ-яқиндан келган меҳмонлар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб “Домла Камолиддин Охун” мақбарасини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятлари тиловати ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг “Домла Камолиддин Охун” масжид ва мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларни масжиднинг янги биноси ва Рамазони шариф билан муборакбод этдилар. Юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлиш лозимлиги, бунда таровеҳ намозларда тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳақида маъруза қилдилар.
“Домла Камолиддин Охун” жоме масжиди 1990 йиллар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан қайта қурилди, дейди масжид имом-хатиби Набижон домла Жангиров. – Масжиднинг умумий ер майдони бир гектардан ошиқ. Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланди. Хонақоҳ ва айвони ҳудуди 21×18 ни ташкил этади. Баландлиги 17 метр, айланаси 7,5 метр бўлган гумбаз жомега ўзгача ҳусн бериб турибди. 15 кишилик эркаклар таҳоратхона (аёллар учун ҳам алоҳида) да барча шароитлар яратилган. автотураргоҳ ҳам бор. Масжид “Шова”, “Навкар”, “Қовунчи” маҳаллаларига хизмат қилади. Хонақоҳнинг ўзига 450 киши, ҳовлисига 1000 мингга яқин сиғади. Масжид Қўшработ туманидаги энг катта масжид ҳисобланади.
Муфтий ҳазратлари ушбу файзли мажмуа ва масжид Қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини Ҳақ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Даволарнинг энг яхшиси - Қуръондир” (Ибн Можа ривояти).
“Ўзингизга шифони – асал ва Қуръонни лозим тутинг” (Ибн Можа ривояти).
Қуръони Каримни мўъминлар учун шифо ва раҳмат, ҳаётлари учун дастур қилиб юборган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва Аллоҳнинг Каломини умматларига тўла-тўкис етказган саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин ва у зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин.
Қуръони карим жисмоний ва руҳ касалликларнинг барчасига кифоя қилувчи шифо ҳисобланади. Лекин ҳар ким ҳам Қуръон билан даволанишга ва ундан шифо топишга муваффақ бўла олмайди. Агар бемор Қуръон билан даволанишни ишонч ва мустаҳкам эътиқод билан, унинг кўрсатмаларига тўла-тўкис амал қилиб, ўз ўрнига қўя олса, ҳар қандай дард бўлса ҳам бартараф бўлади. Қандай бартараф бўлмасин? Ахир У тоғларга туширилганда парча-парча бўладиган, ерга туширилса, ер бўлак-бўлак ҳолга келадиган еру осмонлар Парвардигорининг сўзи бўлса...
Қуръони каримда қалбий ва жисмоний касалликлардан сақланиш ва унинг давосига оид кўрсатмалар бор. Қалбида Қуръонга нисбатан муҳаббат ўрнашган, унинг улуғлигини ҳис қила олган кишиларгагина манфаатлар бўлади. Ким Қуръондан шифо топмаса, ҳеч ҳам шифо топмайди. Кимга Қуръон кифоя қилмаса, унга бошқа нарса кифоя қилмайди.
Инсонни яратиб, унга дилидаги мақсадини баён этиш учун нутқни таълим берган, иймон неъматига мушарраф қилган ва неъматларнинг энг улуғи ўлароқ унинг ҳаёт йўли ҳамда руҳу баданига шифо бўлган Қуръон туфайли уни мукаррам қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Раҳмоннинг сўзи шифо бўлмаса, нима ҳам шифо бўла оларди? Аллоҳнинг раҳмати ва саломи саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва оила аъзоларига ва мукаррам саҳобаларига бўлсин.
Қуръон билан даволаниш Ислом шариатида далиллар билан собит бўлган. Кўп инсонларнинг Қуръондан давотопаётгани сўзимизга яққол далилдир. Қанчадан-қанча касаллик ҳолдан тойдирган беморлар борки, уларга Аллоҳнинг раҳматидан ўзга даво йўқ. Бу эса беморга ўқилган Қуръоннинг тиловати ва оятларнинг барокатидандир. Қачонки оятлар тиловат қилинса, Аллоҳ у кишига шифо беради. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِّلْمُؤْمِنِينَ وَلاَ يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إِلاَّ خَسَارًا
“Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас” (Исро сураси, 82-оят).
Қуръоннинг даво бўлиши у Аллоҳнинг шифо беришига комил ишонч билан ўқилгандагина ҳосил бўлади. Салафлар Қуръондан шифо топмаган кимсага бошқа нарса шифо бермайди, деган эътиқодда эдилар. Эътиборга лойиқ олимларнинг тажрибасидан маълум бўлдики, Қуръони Карим инсон ҳаётининг дастури бўлиши билан бирга шубҳасиз касалликларга даво ҳамдир.
Американинг Флорида штатидаги Исломий тиббиёт ишлари маркази беморларнинг бир нечасига Қуръони Карим таъсирини билиш учун кенг кўламда синов ўтказди. Натижалар эса Қуръони Карим тўқсон етти фоиз тинчлантириш таъсирига эга бўлиб, асаб тизимини мўътадил ҳолатга келтирувчи восита эканини исботлади.
Қуръоннинг даво таъсирига далолат қилувчи нарсалар шугина эмас. Аллоҳнинг фазли билан шифо топган беморларнинг ҳолатларига оид ҳаётий тажрибалар Қуръони Каримда шифо қуввати борлигини янада тасдиқлайди. Мен ўзим рак, бепуштлик, қутуриш каби оғир касалликка учраган ёшу қари беморларга Қуръон ўқидим ва Аллоҳ Қуръон барокати билан уларга шифо берди. Рак касалига чалинган европалик бир қизнинг ҳикоясини айтиб бераман. У шифо талабида турли табиблар, кўзбўямачилар ўртасида елиб-югуради, аммо бирор фойда бўлмайди. Касаллик кундан-кун зиёдалашиб боради, ҳатто табиблар умри тугашига саноқли кунлар қолганлигини очиқ айтишади. Кейин у умра қилиш учун ўзида бир рағбатни сезиб, Аллоҳга таваккул қилиб Маккаи мукаррамага боради. Умрани адо этгач, Масжидда Қуръон тиловат қилиб, хурмо ва зам-зам суви билан рўза тутиб, эътикофга ўтиради. Бу ҳолат бир ой давом этади. Кейин у аста-секин ҳаётга қизиқиш, куч-қувват ва тетикликни сеза бошлайди. Юртига қайтгач, текширувдан ўтганда, дарддан тамоман шифо топгани маълум бўлади.
Аллоҳ таоло борлиқни яратувчи, ҳар нарсага қодир, мехрибон, раҳмдил ва зарарни ўз раҳмати ва буюк қудрати билан кетказувчи Зотдир. Аллоҳ таоло айтади:
الَّذِي خَلَقَنِي فَهُوَ يَهْدِين وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ وَالَّذِي يُمِيتُنِي ثُمَّ يُحْيِينِ وَالَّذِي أَطْمَعُ أَن يَغْفِرَ لِي خَطِيئَتِي يَوْمَ الدِّينِ
“У мени яратгандир, бас Ўзи мени ҳидоят қилур. Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур. Касал бўлган вақтимда Унинг ўзи менга шифо берур. У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтирур. У жазо (қиёмат) кунида менинг хато-гуноҳларимни мағфират этишини умид қилурман” (Шуаро сураси, 78-82-оятлар).
Шунинг учун ҳам шифо, офият ва куч-қувват фақат Аллоҳ тарафидандир:
وَإِن يَمْسَسْكَ اللّهُ بِضُرٍّ فَلاَ كَاشِفَ لَهُ إِلاَّ هُوَ وَإِن يُرِدْكَ بِخَيْرٍ فَلاَ رَادَّ لِفَضْلِهِ يُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
“Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир” (Юнус сураси, 107-оят).
Аллоҳнинг пайғамбари Айюб алайҳиссалом касалликлари жиддийлашган вақтда Ўз амри билан ҳар қандай зарарни кетказувчи, шифо берувчи, улуғлик эгаси бўлган Аллоҳга тазарруъ қилиб, дуо қилдилар:
وَأَيُّوبَ إِذْ نَادَى رَبَّهُ أَنِّي مَسَّنِيَ الضُّرُّ وَأَنتَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ
"Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: (Парвардигорим), “Мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан, деб илтижо қилган пайтини (эсланг)" (Анбиё сураси, 83-оят).
Дуо қилишга буюриб, уни ижобат қилишни ваъда қилган Аллоҳ айбу нуқсонлардан пок Зотдир. Аллоҳ таоло айтади:
فَاسْتَجَبْنَا لَهُ فَكَشَفْنَا مَا بِهِ مِن ضُرٍّ وَآتَيْنَاهُ أَهْلَهُ وَمِثْلَهُم مَّعَهُمْ رَحْمَةً مِّنْ عِندِنَا وَذِكْرَى لِلْعَابِدِينَ
"Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича бола-чақа ато этдик" (Анбиё сураси, 84-оят).
Демак, бемор киши Аллоҳнинг шифо беришига аниқ ишонган ҳолатида Аллоҳнинг чиройли исмлари билан кўп дуо қилиши лозим бўлади. Шунда Аллоҳ уни тезда ўз раҳматига олиб, зарарни кетказишига шак-шубҳа йўқ. Одам фарзанди Аллоҳга нақадар муҳтож!
Муҳаммад Зафар Аҳмаджонов