Бугун, 11 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани “Домла Камолиддин Охун” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида диний идора иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, таниқли уламолар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари, масжид жамоаси ва узоқ-яқиндан келган меҳмонлар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб “Домла Камолиддин Охун” мақбарасини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятлари тиловати ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг “Домла Камолиддин Охун” масжид ва мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларни масжиднинг янги биноси ва Рамазони шариф билан муборакбод этдилар. Юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлиш лозимлиги, бунда таровеҳ намозларда тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳақида маъруза қилдилар.
“Домла Камолиддин Охун” жоме масжиди 1990 йиллар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан қайта қурилди, дейди масжид имом-хатиби Набижон домла Жангиров. – Масжиднинг умумий ер майдони бир гектардан ошиқ. Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланди. Хонақоҳ ва айвони ҳудуди 21×18 ни ташкил этади. Баландлиги 17 метр, айланаси 7,5 метр бўлган гумбаз жомега ўзгача ҳусн бериб турибди. 15 кишилик эркаклар таҳоратхона (аёллар учун ҳам алоҳида) да барча шароитлар яратилган. автотураргоҳ ҳам бор. Масжид “Шова”, “Навкар”, “Қовунчи” маҳаллаларига хизмат қилади. Хонақоҳнинг ўзига 450 киши, ҳовлисига 1000 мингга яқин сиғади. Масжид Қўшработ туманидаги энг катта масжид ҳисобланади.
Муфтий ҳазратлари ушбу файзли мажмуа ва масжид Қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини Ҳақ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати
Желатин – суюқ модда бўлиб, ҳозирда баъзи дори воситалирида ва озиқ-овқат маҳсулотларида ишлатилади. У ҳайвонларнинг териси ва суякларидан олинади. Агар шу ҳайвонлар шаръан гўштини ейиш мумкин бўлган жонзот бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Аммо, у ҳозирда мусулмон бўлмаган юртлардан келтириладиган, асбоб-ускунада шаръий сўйилмаган ҳайвонлардан олинган бўлса, қаралади. Агар желатин ҳайвон суягидан олинган бўлса ҳанафийлар наздида – жоиз. Чунки суякда ҳаёт бўлмайди. ўлимтикнинг ҳаёт нишонаси йўқ бўлган аъзолари пок ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг олди-сотдиси ҳанафийларда жоиздир. Бироқ, желатин агар шаръий сўйилмаган ҳайвонлар терисидан олинган бўлса баъзи ҳамасирлар: "У – ҳалол, сабаби, ҳайвон терисига кимёвий ишлов берилганида унинг моҳияти ўзгариб кетади, бошқа нарсага айланиши билан ҳанафий мазҳабига кўра ҳалол, пок бўлади” дейишмоқда. Мен ўзим баъзи корхоналарда бу амалиётга гувоҳ бўлдим. Лекин, менимча бу амалиёт тери моҳиятини йўқ қилиб юборишга кифоя қилмайди. тўғри, бу ерда баъзи кимёвий амалиётлар бўлади, лекин ҳамма кимёвий амалиётлар ҳам моҳиятни ўзгартиб, бошқа нарсага айлантира олмайди. Бунга далил, гўштни пиширишда ҳам кимёвий ўзгаришлар амалга ошрилади, бироқ: “Гўштнинг моҳияти пишириш билан бошқа нарсага айланди», дейилмайди. Акс ҳолда ҳамма ҳаром қилинган гўштларни пиширгандан кейин ейиш ҳалол бўлиб қоларди. Менга шу борада мутахассис бўлган кишилар: "Желатин тайёрлаш учун териларда ўтказиладиган бу амалиётлар терининг моҳиятини йўқ қилиб юбормайди, фақат бу амалиёт териларни тозалашда ва уларни суюқ моддага айлантиришда ишлатилади", дейишди. Қаттиқ нарсаларни суюлтиришнинг ўзи унинг моҳиятини ўзгартирмайди. Шу сабабли ҳалигача терининг моҳияти йўқолиб кетиш масаласи менга аён бўлгани йўқ.
Лекин бу амалиётни кўриб, мутахассисларга мурожаат қилгандан сўнг менга маълум бўлдики, бу амалиётлар билан терининг ошланиши ҳосил бўлади. «Ҳидоя» соҳиби айтади: “Ҳидни ва фасодни кетказувчи нарса ошловчидир”. Териларда амалга оширилаётган бу амалиётларда уни тозалаш, намлигини кетказиш учун «лиме» (теридан тукни тўкиб юборувчи восита) ва «алкалаи» воситалари ишлатилади. Буни мутахассислар айтиб ўтишган. Бу борада яна дўстларимдан бири, шайхи сарфароз Муҳаммад ҳафизаҳуллоҳнинг илмий баҳси бор. Ўзлари фиқҳ фанидан мутахассис бўлишлари баробарида, кимё соҳасида ҳам мутахассислиги бор. У зот: "Бу амалиёт – терини ҳақиқий ошлаш бўлади, лекин у тери моҳиятини йўқ қилолмайди" - деган хулосага келганлар.
Шаръий сўйилмаган ҳайвонларнинг суяги пок ва териси ошлаш орқали покланганидек, бу иккисидан олинган желатин ҳам пок ҳисобланади ва ҳанафийлар наздида озиқ-овқатдан бошқа нарсаларда истемол қилиш жоиз. аммо уни ейиш учун ишлатишга келсак, ҳанафийларда берилган фатвога кўра, бу – жоиз эмас. Желатинлардан олинган капсулалар билан даволаниш, бир шарт билан рухсат этилади: у ҳам бўлса, желатин чўчқа териси ёки суягидан олинмаган бўлиши керак. Бироқ даволанишдан бошқа ўринларда, модомики моҳияти йўқолиб кетмас экан, уни истеъмолидан сақланиш керак. Желатиннинг олди-сотдиси чўчқадан олинмаган бўлса жоиз, юқорида айтиб ўтганимиздек у покдир ва ундан шариатга мувофиқ йўл билан фойдаланиш мумкин, валлоҳу аълам.
Ҳадис илми мактаби талабаси
Исомиддинов Жавоҳир
Муфтий Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг "Фиқҳул буйуъ" китобидан таржима қилди.