Бугун, 11 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани “Домла Камолиддин Охун” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида диний идора иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, таниқли уламолар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари, масжид жамоаси ва узоқ-яқиндан келган меҳмонлар иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб “Домла Камолиддин Охун” мақбарасини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятлари тиловати ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг “Домла Камолиддин Охун” масжид ва мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларни масжиднинг янги биноси ва Рамазони шариф билан муборакбод этдилар. Юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлиш лозимлиги, бунда таровеҳ намозларда тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳақида маъруза қилдилар.
“Домла Камолиддин Охун” жоме масжиди 1990 йиллар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан қайта қурилди, дейди масжид имом-хатиби Набижон домла Жангиров. – Масжиднинг умумий ер майдони бир гектардан ошиқ. Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланди. Хонақоҳ ва айвони ҳудуди 21×18 ни ташкил этади. Баландлиги 17 метр, айланаси 7,5 метр бўлган гумбаз жомега ўзгача ҳусн бериб турибди. 15 кишилик эркаклар таҳоратхона (аёллар учун ҳам алоҳида) да барча шароитлар яратилган. автотураргоҳ ҳам бор. Масжид “Шова”, “Навкар”, “Қовунчи” маҳаллаларига хизмат қилади. Хонақоҳнинг ўзига 450 киши, ҳовлисига 1000 мингга яқин сиғади. Масжид Қўшработ туманидаги энг катта масжид ҳисобланади.
Муфтий ҳазратлари ушбу файзли мажмуа ва масжид Қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини Ҳақ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати
Тарихчилар Усмонли султонларининг ҳаж зиёратига бормаганига икки сабабни кўрсатадилар:
1. Хавфсизлик муаммолари:
Султонлар ҳаж сафарига боришда хавфсизлик муаммоларига дуч келган бўлишлари мумкин. Улар учун ҳажга бориш оддий одамларникидан фарқли равишда мураккаб бўлган, чунки султоннинг йўлда ҳужумга учраш хавфи катта эди. Бу ҳолат катта қўшин билан сафар қилишни талаб қиларди. Ҳаж ниятида йўлга чиқиб қон тўкишга сабаб бўлмаслигини афзал билганлар.
2. Давлат бошқарувидаги масъулият:
Султонлар мамлакатни муддатсиз тарк этиш хавфли деб ҳисоблашган. Ҳаж сафарлари бир неча ой давом этгани сабабли, давлатни ҳукмдорсиз қолдириш анархия ва сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун султонлар ҳаж ўрнига давлат бошқаруви ва харбий юришларга устунлик берганлар.
Вақт ўтиши билан Усмонлилар сулоласига бу анъанага айланди. Султонлар “ҳажжи бадал” қилишни тайинлаган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Усмоний султонлари Макка ва Мадинага доим эътибор қаратган. Улар ҳар йили хайрия карвонларини жўнатиб, муқаддас шаҳарларнинг аҳолисига молиявий ёрдам кўрсатганлар ва Ҳарамайн масжидларини таъмирлаб, кенгайтириб турганлар.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.