Кеча 10 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги «Шайҳ Назруллохон эшон» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қайтадан қурилиб, халқимиз мўмин мусулмонлари учун фойдаланишга топширилган янги масжидининг хонақоси 750 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий таҳоратхона ва барча қулайликларга эга бўлган хизмат хоналари бунёд этилди.
Янги масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар домла Қаюмов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили Ҳабибуллоҳ домла Зокиров иштирок этишди.
Тадбирда масжид қурилишида жонбозлик кўрсатган барча саховатпешаларга миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, маросимга ташриф буюрган меҳмонларга шукрона дастурхони ёзилди.
Тадбир сўнгида Қуръони карим тиловати ўқилиб, ўтганларга бахшида этилди, янги масжид то қиёматга қадар мусулмонлар учун ибодатхона бўлишини яратгандан сўраб дуолар қилинди.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қишлоқ сайрида дўстларимдан бир гуруҳи бир ўйин ўйнаётганини кўрдим. Улар дарахт шоҳига бўшаган шиша идишни осиб қўйиб, масофадан туриб милтиқ билан мўлжалга олишарди. Мен ҳам уларнинг даврасига қўшилиб мерганликда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.
- Бу нима? Милтиқми? У қандай отилади? Нима қилиш керак? Шишага отиш керакми? Қани, мен ҳам синаб кўрай. Улар то диққатларини жамлаб улгурмай туриб милтиқнинг тепкисини босдим ва шиша парчалари ҳар тарафга сочилиб кетди.
Буни кутмаган дўстларим эса, ҳайратдан нафаслари ичларига тушиб кетди. Кейин билсам, улар бир соатдан бери шу ишни қила олмаётган экан. Уларнинг орасидаги учтаси мерганлик бўйича мукофот олган, аммо улар ҳам шишани ура олишмаган эканлар.
Бунинг ҳаммасини олдиндан билганимда, албатта, мен ҳам ура олмасдим. Буни, азизларим, жаҳолатнинг жасорати дейилади.
Агар жаҳолатнинг жасорати бўлмаганида, биз ҳеч нарса қила олмасдик, чунки олдиндан мағлубиятни кутиб, ўзимизни ишончсиз ҳис қилардик.
Шунинг учун ҳам ўша америкалик ёш йигит ҳақида ўқиб ҳайрон бўлмадим. У кечикиб лекция залига кириб келиб, тахтани кўрди. У ерда ечимини ҳеч ким топмаган тенглама бор эди.
Ёш йигит уни уй вазифаси деб ўйлаб, кўчириб олди. Уйига қайтиб боргач, кечгача меҳнат қилиб, ниҳоят тенгламани ечди ва эртаси куни ўқитувчига топширди.
Ўқитувчи ҳайратдан ўзига кела олмади ва йигитни чақириб, унга ҳақиқатни айтди: бу тенглама ечимсиз, буни тарих давомида математиклар ҳеч еча олмаган, ўқитувчи эса уни тахтага ечиш имконсиз бўлган тенглама сифатида кўрсатган эди. Аммо ҳақиқатни билмаган талаба уни бир кечада ечди.
Бу ерда бизга жаҳолатнинг жасорати керак, биз ўз олдимиздаги ишнинг қийинлигини ва биздан олдин қанча одамлар мағлуб бўлганини ўйламаслигимиз керак.
Бу муваффақиятга эришишнинг ягона усулидир. Агар биз бошлашдан аввал қўрқувларимизга берилсак, қора итлар келиб, бизни бир қадам ҳам ташлашга улгурмай ёриб ташлайдилар.
— Жаҳолатнинг жасорати ҳақида, Др. Аҳмад Холид Тавфиқ.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ