Кеча 10 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги «Шайҳ Назруллохон эшон» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қайтадан қурилиб, халқимиз мўмин мусулмонлари учун фойдаланишга топширилган янги масжидининг хонақоси 750 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий таҳоратхона ва барча қулайликларга эга бўлган хизмат хоналари бунёд этилди.
Янги масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар домла Қаюмов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили Ҳабибуллоҳ домла Зокиров иштирок этишди.
Тадбирда масжид қурилишида жонбозлик кўрсатган барча саховатпешаларга миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, маросимга ташриф буюрган меҳмонларга шукрона дастурхони ёзилди.
Тадбир сўнгида Қуръони карим тиловати ўқилиб, ўтганларга бахшида этилди, янги масжид то қиёматга қадар мусулмонлар учун ибодатхона бўлишини яратгандан сўраб дуолар қилинди.
ЎМИ матбуот хизмати
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД