Бу дунё охират экинзоридир. Гўё қалб ерга ўхшайди, иймон эса унга сочилган уруғ кабидир. Тоат-ибодатлар эса, ана шу ерни ағдариш, унга ариқ очиб сув келтиришдир.
Дунё муҳаббатига ғарқ бўлган қалб гўё гиёҳ унмайдиган унумсиз ер кабидир. Қиёмат куни ҳар ким ўзи эккан нарсанинг ҳосилини олади. Табиийки, иймон уруғини сочган кишигина унинг ҳосилини кўради. Унумсиз ерда уруғ унмаганидек, чиркин қалб ва ёмон ахлоқнинг иймонга нафи тегмайди.
وَالْبَلَدُ الطَّيِّبُ يَخْرُجُ نَبَاتُهُ بِإِذْنِ رَبِّهِ وَالَّذِي خَبُثَ لَا يَخْرُجُ إِلَّا نَكِدًا كَذَٰلِكَ نُصَرِّفُ الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَشْكُرُونَ
“Яхши ернинг гиёҳи Раббининг изни билан униб чиқаверади. Ёмон ер эса фақат унумсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда баён этурмиз” (Аъроф сураси, 58-оят).
Банданинг мағфиратдан умидворлигини ер эгасининг ҳосил унишидан умидвор бўлишига қиёслаш мумкин. Унумдор ерга эга бўлган киши, аввало, унга сифатли, зарарланмаган, заҳарланмаган уруғни танлаб экади. Кейин экиннинг униб-ўсиши учун зарур бўлган бошқа ишларни амалга оширади. Жумладан, суғоради, ўғитлайди, бегона ўтлардан тозалайди, кўчатнинг яхши униб-ўсишига монелик қиладиган нарсаларни бартараф қилади. Сўнгра Аллоҳ таолодан экинини осмондан келадиган офатлардан, чақмоғу довуллардан асрашини сўраб дуо қилади. Мана шунинг оти ҳақиқий умидворлик деб аталади. Аммо уруғни унумсиз, қақраб ётган ерга сочсаю, унга на сув қуйса ва на уни парвариш қилса, шундан кейин ҳам серҳосилни умид қилса, бу умидворлик дейилмайди, балки бу аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.
Демак, ражо – умидворлик тушунчасининг банда ўз имкониятидаги жами сабабларни бажариб бўлгач, имконияти бўлмаган, фақат Аллоҳ таолонинг фазли орқали эришиши мумкин бўлган нарсани кутишга ишлатилиши тўғри бўлади.
Банда қалбига иймон уруғини қадаб, уни тоат суви билан суғорса, қалбни жирканч хулқ-атворлар тиканларидан тозаласа ва шундан кейингина то ўлгунича шу ҳолатда қолиб, мағфиратига сазовор бўлишни Аллоҳнинг фазлидан деб умидвор бўлса, ана уни ҳақиқий ражо – умидворлик дейиш мумкин. Аммо қалбдаги иймон уруғини парвариш қилишни унутса, уни разолат тиканлари қуршовидан халос этмаса, дунё ҳой-ҳаваслари талабида умрини ўтказса-ю, сўнгра Ҳақ таолонинг мағфиратидан умидвор бўлса, бу шунчаки ёлғончи “умидворлик” бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
الكيِّسُ مَنْ دَانَ نفْسَه، وعَمِلَ لما بعدَ الموْتِ، والعاجزُ مَنْ أتْبعَ نَفْسَه هواها، وتمنَّي علَي اللهِ. ( رواه التِّرمِذيُّ )
“Оқил ўзини назорат қилиб, ўлимдан кейинги ҳолати учун амал қилган кишидир. Ожиз-нотавон киши эса, ҳавоий нафсига эргашиб, Аллоҳдан яхшиликлар умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривояти).
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати