“Катара” маданият муассасаси “Қурони каримни ўз овозинг билан зийнатла” шиори остида ўтказилаётган IV Халқаро Қуръони карим мусобақасининг якуний саралаш босқичида қатнашиш ҳуқуқини 2004 нафар қори ичидан 100 нафари қўлга киритганини маълум қилди.
IV Халқаро Қуръони карим мусобақасининг якуний саралаш танлови Рамазон ойида Доха шаҳрининг Ислом оламидаги маданият пойтахти мақомига сазовор бўлгани муносабати билан ташкил этиладиган тантаналар билан бир вақтда ўтказилади.
“Катара” маданият муассасаси Бош директори Холид бин Иброҳим ал-Сулаити бундай деди: “Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш бўйича “Катара” мукофоти ташкил этилган 2017 йилдан бошлаб 4 йил ичида Ислом дунёсида катта қизиқиш уйғотмоқда. Мукофот ҳайъати тўртинчи даврада қатнашиш учун 62 давлатга таклифномалар жўнатган.
Маълумот учун: номзодлар 2019 йил 1 октябрдан 2020 йил 31 январгача ўзаро рақобатлашди, унда 14 та араб давлатидан 70 нафар ва 20 та хориж давлатидан 30 нафар, жами 100 нафар иштирокчи якуний саралаш мусобақасида қатнашади.
“Катара” мукофоти ҳайъати мусобақадаги бўлажак ғолиблар учун бир ярим миллион риял (412 минг доллор) ажратди. Унга кўра биринчи ўрин 500 минг риял (137 минг доллор), иккинчи ўрин 400 минг риял (110 минг доллор), учинчи ўрин 300 минг риял (82 минг доллор), тўртинчи ўрин 200 минг риёл (55 минг доллор) ва бешинчи ўрин соҳиби эса 100 минг риал (27 минг доллор) миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идора
Халқаро алоқалар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД