Шу йил 8 ноябрь куни Кувайт шаҳрида бошланган XII халқаро Қуръони карим мусобақасида 70 мамлакат вакилларидан иборат 120 дан ортиқ қори ўзаро беллашмоқда. Мусобақа 15 ноябрда якунига етади.
Мусобақа қуйидаги йўналишларда ўтказилмоқда:
- Қуръони каримни ўн хил қироатда мукаммал ёддан ўқиб бериш;
- Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан ўқиш;
- Қуръони каримни машҳур қорилар услубида чиройли тиловат қилиб бериш;
- Ёш қорилар ўртасида Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан ўқиш;
- Қуръони каримни ўргатишга хизмат қилишга энг яхши техник лойиҳани тақдим этиш.
Мазкур нуфузли мусобақада вакилимиз “Кўкалдош” ислом билим юрти талабаси Абдулҳай қори Ҳасанов Қуръони каримни тажвид қоидаси асосидан тўлиқ ёддан ўқиб бериш бўйича қатнашиб, саралаш босқичида ҳакамлар томонидан берилган саволларга жавоб берди.
Яратган парвардигордан қоримизга ушбу нуфузли халқаро мусобақада муваффақият ва зафарлар ато этишини сўраб қоламиз.
Ҳозир Сизнинг эътиборингизга Абдулҳай қорининг мусобақадаги тиловатини ҳавола этамиз. Марҳамат тингланг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати