frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Интернетдаги таҳдидлардан сақланайлик

08.04.2021   3887   3 min.
Интернетдаги таҳдидлардан сақланайлик

Ҳаммамизга маълумки, 21-аср ахборот асридир. Бу асрда ахборот технологиялари шу даражада ривожландики, дунёнинг бир чеккасидаги воқеа шу заҳотиёқ кенг жамоатчиликка етиб боради. Ахборотнинг бундай тезликда тарқалишига интернет глобал тармоғининг кашф қилиниши сабаб бўлди. Ҳозирги даврда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Албатта, ахборот етказишда, инсон билим доирасини кенгайтиришда, бизнес оламида ва бошқа соҳаларда унинг ўрни беқиёс. Лекин интернет омма мафкурасини бузишда, бузғунчи ғоя ва ақидаларни тарқатишда, инсон онгини заҳарлашда ҳам қора кучларни асосий тарғибот манбаси бўлиб қолмоқда. Глобал тармоқнинг салбий характерга эга бўлган бир неча омиллари борки, бу омиллар ҳар бир инсон учун асосий хатар ҳисобланади. Биз қуйида ана шу омилларнинг баъзиларини санаб ўтамиз. 

1.Соғлом эътиқодга таҳдид.

Интернет айниқса, ёшларни соғлом эътиқодига тажовуз қилувчи манбалар маконидир. У ерда ўзларини “дўст сановчи” ёки “ҳидоятга бошловчи” қилиб кўрсатувчилар кўп. Аслида уларнинг дин илмидан хабарлари йўқ. Ўз раҳнамоларидан эшитганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Улар ўз жоҳилликлари билан бошқаларни ҳам жарга етаклайдилар. Бундай ақидапараст оқимлар тарғиботини олиб бораётган сайтлар сони маълумотларга кўра 7000 дан ошган. “Ал-Қоида”, ИШИД каби террористик ташкилотларнинг тарғибот манбаларининг асосий қисми интернетга тўғри келади. Афсуски бутун дунё бўйлаб илмсиз, эътиқодсиз ёшлар уларнинг ўлжаларига айланмоқда. 

2.Турли фитналар макони.

Интернет халқлар, миллатлар орасида низо келтириб чиқарувчи манбалар маконидир. Улар айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кенг фаолиятни йўлга қўйишган. У ерда ёлғон-яшиқ, ирқий камситилишга сабаб бўлувчи хабарлар тарқатилади ва кишиларни оммавий норозилик уюштиришга чақириб фитна қўзғашга ҳаракат қилинади. Фитна ҳар бир ривожланишга интилаётган давлат учун катта ҳалокатдир. Шунинг учун Аллоҳ ўз каломида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”,  деб марҳамат қилади. Шунингдек, диний тушунчалар ҳам бузиб кўрсатилади. Улар “Шаҳид”, “Жиҳод”, “Ҳижрат” каби тушунчаларни баъзи саводсиз “олим” ларнинг фатволарига таяниб бузиб талқин қилишади. Шу йўл билан омма орасида диний асосда низо чиқаришга уринишади. Бу ишлар эса динимизда қатъиян ман қилинган ишлардир. 

3.Бекорчилик ва бузуқлик ўчоғи.

Ёшларнинг кўп ҳолларда интернетдан фақат кўнгилочар манба сифатида фойдаланиши ачинарлидир. Бу инсон учун жуда қадрли бўлган вақтнинг беҳуда ўтишига сабаб бўлади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда беҳуда вақт ўтказиш, кераксиз нарсаларни томоша қилиш ёшларнинг зеҳнини ўлдиради, фикрлашини сусайтиради. Аслида, кераксиз нарсаларга вақт сарфлаш гуноҳдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида: “Беҳуда ишларни тарк этиш киши исломининг гўзаллигидандир”, деб марҳамат қилганлар. Оммавий маданиятни, айниқса, бузуқчиликни тарғиб қилувчи сайтлар маънавият учун ҳалокатлидир. Бундай сайтлар кишиларни ҳиссиз, атрофидагиларни қадрламайдиган манқуртларга айлантириб қўяди. Бундай бузуқчиликни доимий кўриш қалбни ўлдиради. Ҳикматларда шундай дейилади: “Кўз билан қилинган гуноҳнинг қалбга таъсири катта.Чунки кўз қалб билан боғлиқдир”.

Юқорида санаб ўтилганлар глобал тармоқдаги хатарларнинг баъзилари холос. Лекин ана шу “баъзилари”нинг таъсирига берилиб вайронкорлик билан шуғулланаётганларни, бу вайронкорлик бутун давлатларни ўз домига тортаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Бундай иллатлардан сақланиш, ёшларимизни сақлаш ўзимизнинг қўлимизда. Шу йўл билан юртимиз келажагини, тинч ҳаётимизни асраш учун курашишимиз лозим.

 

Ф.Сейтимметов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кеч ухлаш умрни қисқартиради

25.08.2026   15357   1 min.
Кеч ухлаш умрни қисқартиради

Тадқиқотларга кўра, дунё аҳолисининг 58 фоизи уйқусизликдан азият чекмоқда. Бунинг биринчи сабаби гаджетлар доимий томоша қилиш оқибатида кечки соат 23:00 дан кейин ухлашга одатланишдир. 
 

Кеч ухлаш соғлиққа бир қанча хавф туғдиради.


Жигар ва бошқа аъзолар ўзини тиклай олмайди. Инсон организмидаги барча аъзолар тунда, айниқса, соат 22:00–02:00 оралиғида фаол тикланиш жараёнига киришади. Хусусан, жигар соат 23:00 дан кейин танани фаол тозалаш (детоксикация) вазифасини бажаради. Агар инсон у пайтда ухламаган бўлса, вазифа тўлиқ бажарилмайди. Бу эса чарчоқ, безовталик, тушкунликка олиб келади.


Гормонлар мувозанати бузилади. Уйқу вақтида, айниқса, соат 22:00–01:00 орасида ўсиш гормони (мелатонин ва соматотропин) ишлаб чиқарилади. Бу гормонлар иммунитетни кўтариш, тери ва ҳужайраларни тик лаш, стрессни камайтиришга хизмат қилади. Агар ухлаш кечикса, бу гормонлар кама йиб боради.


Ақлий фаолият сусаяди. Эътиборни жамлаш, эслаб қолиш қобилиятининг пасайиши айнан ўз вақтида ухламаслик билан боғлиқ. Оқибатда иш унумдорлиги ёмонлашиб, сифатли ўқишга ҳам салбий таъсир қилади.


Руҳий мувозанат бузилади. Соат 23:00 дан кейин ухлайдиган инсонларда депрессия, қўрқув, руҳий заифликлар кўп кузатилади.


Юрак уриш мувозанати ёмонлашади.


Сўнгги йилларда юракқон томир касалликлари ҳам кўпайиб, ҳам “ёшариб бормоқда”. Кам ва ўз вақтида ухламаслик юракни зўриқтириб, умрнинг қисқаришига сабаб бўлмоқда. Юракни даволаш учун ўз вақтида ухлаш керак.


Энг фойдали уйқу эса соат 22:00 дан 05:00 гача бўлади. Чунки айнан шу соатларда уйқу фазалари мукаммал кечади.


Интернет манбалари асосида тайёрланди.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ўзбекистон янгиликлари