Муқаддас динимиз аёл-қизларни юксак қадрлайди. Уларнинг шарафи, иффати ва ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал таъминлаб берган. Аёлларнинг ҳар бир эзгу амали учун улуғ ажру-мукофотлар, хушхабарлар ваъда қилинган.
Қуръони каримда: «Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (Наҳл сураси, 97-оят).
Ислом аёлга таълим олиш ва маънавий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак вааёлга баробар фарзлигини, қизларга ва сингилларга таълим-тарбия берган киши жаннатий бўлишини яхши биламиз.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки ҳисса ажр бўлур”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аёл киши фақат таълим олиш билан эмас, балки ёш авлодга таълим бериш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиши ҳам лозим. Муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.
Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб қолиб, менга: “Бунга ёзишни ўргатганингдек, намила руқйасини ҳам ўргатмайсанми?” дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ойша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Ойша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.
Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, Аллоҳ таоло ҳам эшитган, қабул қилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳижрий 6 йили 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳ зиёрати учун борганларида, Ҳудайбия номли жойда мушриклар йўлни тўсишди. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Набий алайҳиссалом саҳобаларига бу гапни эълон қилиб: «Шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар!» дедилар. Саҳобалар оғриниб, бу ишни қилишдан норози бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам, бирор киши қимирламади.
У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Бўлган воқеани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундай ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар.
Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўзал маслаҳат бердилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, амрингиз бажарилишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай, қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.
Бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди.
Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.
Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган. Лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, улар билан тенг ажр олишни жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодига тенглаштирган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан баён қилинган.
Таъкидлаш жоизки, Исломда аёлнинг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.
Ёш болаларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.
Хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Имом Термизий, фалакиёт илми билимдони Мирзо Улуғбек, дунё тиббиётига устоз бўлган Абу Али ибн Синонинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи бўлган. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбиялашган. Ушбу илм дарғаларининг болалик йилларига назар солинса, бошланғич таълимни гўдаклик чоғларида оналаридан олишгани маълум бўлади.
Албатта, бундай шахслар камолоти замирида мўътабар ва маърифатли аёл меҳнати ётади. Шоиралар мураббийи Жаҳонотин Увайсий, маърифатпарвар шоира Нодирабегим ва доно маслаҳатчи Бибихоним каби оқила момоларимиз яхши тарбия кўрганлари боис, ўз даврларининг машъаллари, хайрли ва улуғвор ишларнинг йўлбошчилари бўлишган.
Бугунги кунга келиб, аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларни ўрганиш, турли салбий оқибатларнинг олдини олиш ишларига эътибор кучайиб бормоқда. Аёлларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, маънавияти ва маърифатини юксалтириш орқалигина жамият тараққий топади.
Зулайҳо СОАТОВА,
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят, Макка фатҳ бўлди. Бир пайтлар ғордан ваҳий даҳшатидан титраб-қалтираб ёлғиз тушиб келган бир нафаргина Инсон бутун бир умматга айланди.
Тун зулматида Қурайш ўлдиришга қасд қилган Инсон Маккадан содиқ дўсти билан Мадина томон чиқиб, бир неча йилдан сўнг Макканинг тўрт дарвозасидан куппа-кундуз куни ғолиб бўлиб кириб келди! Курайш эса, ўша куни ўзларидан қасос олинишини кутиб, у зотнинг олдида бош эгиб ўтирарди. Уларни нима қилди деб ўйлайсиз?
У кишини ёлғончига чиқарганларни, азият берганларни, Каъба атрофида сажда қилаётганида устига туянинг эшини (яъни, кўп китобларда " سَلَى جَزُور"ни туянинг ичак-чавоғи деб ёзишади. Устоз Абдул Азим Зиёуддин домла «Нурул яқийн» китобларида ёзган изоҳда бундай тушунтирганлар: «Имом Бухорий ривоятида سَلَى جَزُور ва Муслим ривоятида سَلَى جَزُور, яъни «туянинг қоғоноғини» дейилган. Қоғоноқ — ҳомилани ўраб турувчи шиллиқ парда, йўлдош.) ағдарганларни, Абу Толиб дарасида қамал қилганларни, у кишини ёлғончи, сеҳргар, мажнун деб айблаганларни, сўнгра у кишини ўлдириш учун ҳар бир қабиладан биттадан киши танлаб, у кишининг қони барчага тарқалиши учун биргаликда ўлдирмоқчи бўлганларни нима қилди деб ўйлайсиз?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан қасос олмадилар. Балки уларга: «Бораверинглар, сизлар озодсизлар!» дедилар!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилишлари ва исломга кириши учун қартайиб қолган, оёқларини кўтаришга ҳам мажоли йўқ отаси Абу Қуҳофани олиб келди. У ҳали-ҳамон иймон келтирмаган эди. Уни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қарияни овора қилибсан-ку, уни уйида қолдирсанг бўлмасмиди, биз ўзимиз унинг олдига борар эдик», дедилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтди: «Ё Аллоҳнинг Расули! Сизнинг боришингиздан кўра отам келиши тўғрироқдир».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтиришга таклиф қилдилар. Унинг кўксини силадилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Абу Қуҳофа иймон келтирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлади. Қўлида кўп саҳобалар исломга кирган, кўп буюклар иймонга кирган буюк саҳобанинг отаси энди Исломга кирди...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига қаранг! У киши ёши бир жойга бориб қолган қариянинг ҳузурларига келишини ноўрин билдилар. Ўзлари унинг олдига боришга тайёр эканликларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёши катталарга шафқатли эдилар. Доимо: «Сочлари оқарган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир!» дер эдилар.
Бир қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб келди. Саҳобалар унга йўл беришмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни ҳурмат қилмаганлар биздан эмас!» дедилар.
Қарияларга худди отамиз ёки бобомиз каби муомалада бўлишимиз лозим. Онахонларга эса онамиз ёки бувимиз каби муомалада бўлишимиз керак. Инсон қариганда ўзининг заифлиги, беморлиги ва ожизлигига қараб қачонлардир ёш бўлганини, кучли бўлган пайтларини эслайди, эзилади. Гарчи бошқаларга кўрсатмаса-да, қалбида синиқликни ҳис қилади. Бу синиқликка фақатгина атрофдагилар берадиган эътибор ва ҳурматгина даво бўла олади! Кўнгил олиш ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди