Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари Мадина ислом университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мулоқот чоғида мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Хусусан, диний соҳадаги эркинлик ва шаффофлик, бағрикенглик тамойилларига асосланган давлатимиз сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, талабаларга Бош консулхона тақдим этаётган хизматлар кўлами кенгайгани, хусусан, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт расмийлаштириб бериш имконияти мавжудлиги ҳақида қамровли маълумот етказилди.
Суҳбат ниҳоясида талабаларни қизиқтирган масалалар бўйича савол-жавоб ўтказилиб, консуллик-ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати