Мьянма Республикаси – Жануби-шарқий Осиёда, Ҳиндихитой ярим оролининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган давлат. Майдони – 678,5 минг км2. Аҳолиси 42 миллион киши. Пойтахти – Янгон шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 14 маъмурий ҳудудга бўлинади.
Давлат тузуми – республика. Конституцияга биноан, давлат бошлиғи – президент, қонун чиқарувчи ҳокимият – Миллат мажлиси; ижро ҳокимияти ҳукумат зиммасида.
Табиати. Мьянма – тоғли мамлакат. Энг баланд жойи 5881 метр (Кхакаборази тоғи). Шарқида Шан тоғи ва унинг денгиз бўйигача чўзилган тизмалари, ғарбида Ракхайн (Аракан-Йома), Паткай ва бошқа тизмалар бор.
Йирик шаҳарлари: Янгон, Мандалай, Моламьян.
Мьянма 1948 йилдан бери БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик муносабатлари 2001 йил февралда ўрнатилган.
Аҳолиси. Мьянма – кўп миллатли давлат. Мамлакатда 76 га яқин миллат ва элат бор. Мьянмада (бирмаликлар) карен, шан, чин, качин, мон ва бошқа халқлар яшайди. Ҳиндлар, хитойлар, европаликлар (асосан, инглизлар) ҳам бор. Расмий тили – мьянма тили. Диндорлари, асосан, буддавийлар (70 фоиз), мусулмон, ҳинду ва насроний жамоалари ҳам бор.
Мьянмада мусулмонлар сони 2,5 миллиондан зиёд. Мамлакат аҳолисининг 4,3 фоизини ташкил қилади. Шундан роҳинжа мусулмонлари 1 миллион нафардан ортиқ.
Мьянманинг шимоли-ғарбидаги Ракхайн штатида мусулмон-роҳинжаларга қарши зўравонликлар кузатилган. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 4 йил мобайнида мазкур минтақадаги 120 минг одам тазйиқлар туфайли ўз уйларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишга мажбур бўлган.
Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти баёнотида Мьянмада давом этаётган мантиқсиз воқеаларга нисбатан ўз ёндашувини билдириб, мамлакатдан роҳинжа-мусулмонларининг қувилиши, уларни ўлдириш билан қўрқитиш, ўз ерларида яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жиноят экани таъкидланган.
Маълумотларга кўра, Мьянманинг Аракан вилоятида табиий бойликларнинг жуда катта ерости захираси мавжуд. Айнан роҳинжа аҳолиси яшайдиган ҳудудда 1,2 триллион куб-метр табиий газ ва 2,1 миллиард баррель нефть конлари борлиги тахмин қилинмоқда. Бу эса минтақада давом этаётган можароларнинг асл сабабини илғашга имкон беради.
Ўзбекистон ҳукумати Мьянмадаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдириб, 2017 йил 18 сентябрь куни зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг Даккадаги миллий бош қароргоҳига етказиб берган. Бу инсонпарварлик ёрдами Бангладешда бўлиб турган 50 мингдан ортиқ қочоқ эҳтиёжини қондиришга хизмат қилган.
Нурмуҳаммад НОСИРОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди
Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, муаммо, арз ва таклифларини тингладилар.
Қабул жараёнида Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, диний таълим, ҳаж-умра ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Айрим масалалар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати