Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Ёшлар – БМТ ва Ўзбекистон нигоҳида...

1.04.2021   4947   2 min.
Ёшлар – БМТ ва Ўзбекистон нигоҳида...

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг  жорий йилнинг 31 март кунида берган расмий маълумот ва хабарларида қайд этилганидай, Ўзбекистон ташаббуси билан «Ёшларнинг ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи» ташкил этилди.

БМТ Бош котибининг ёшлар билан ишлаш бўйича вакили Джаятма Викраманаяке Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган «Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи»нинг тақдимотида иштирок этди.  Ушбу халқаро лойиҳа доирасида сайёрамиздаги ёшларнинг ҳуқуқларини илгари суриш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Бугунги кунда дунёда деярли 2 миллиард ёшлар яшамоқда – бу инсоният тарихидаги энг катта авлод.  Дунёнинг айрим мамлакатларида ёшлар аҳолининг 70 фоизини ташкил қилади.

Шу билан бирга ҳозирги инқироздан олдин нашр этилган БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар бешта ёшлардан бири ўқимайди, касбий тайёргарликдан ўтмайди ва ишсиз.  Тўрт кишидан бири тўқнашувда яшайди.

Пандемия вазиятни янада оғирлаштирди: мактаб ўқувчиларининг камида учдан бир қисми таълим олиш имкониятидан маҳрум қилинди, ярим миллиардга яқин ўқувчи мактабга бормади.  “Бир қатлам авлод офатга дуч келмоқда, – дея огоҳлантирди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда қилган чиқишида.  Шу билан бирга экстремистик гуруҳлар ижтимоий тармоқларда фаоллашиб, нафратни ёйиб, ёшларни ўз сафларига қўшилишга ундашмоқда.

«Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи»нинг асосий мақсади – ёшлар сиёсати ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришдир.  

Хабаримиз бор, БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни қабул қилишни таклиф қилди.  Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди.  Бугунги кунга қадар ўнлаб мамлакатлар гуруҳга қўшилишди, жумладан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлатлари.

«Ёш авлоднинг жамоат ҳаётидаги роли ўсиб бораётганига қарамай, уларнинг иштироки кўпинча ўзларининг келажаги учун муҳим бўлган қарорлар ва жараёнларга бевосита таъсир ўтказиш билан эмас, балки фақат маслаҳатлашувлар билан чекланади», – дея таъкидлади Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов.

Элчи жаноблари «Дўстлар гуруҳи» ёшлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришда, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти тўғрисида мунозараларни тарғиб қилишда муҳим роль ўйнашлигини таъкидлаб, бошқа мамлакатларни ҳам гуруҳга қўшилишга даъват этди.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

25.11.2024   1381   3 min.
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.

Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.

Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.

Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.

«Миллионер саҳобалар» китобидан