Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Жидда шаҳрида жойлашган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) бош қароргоҳида ИТБ гуруҳи президенти Бандар Ҳажар билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Учрашувда ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ва Тошкентда бўлиб ўтадиган ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Бугун ИТБ томонидан Ўзбекистон учун тасдиқланган имтиёзли кредитларнинг умумий ҳажми 2,4 миллиард долларни ташкил этмоқда. Банкнинг Ўзбекистондаги маблағлар портфели иқтисодиётнинг турли соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ туманларини ривожлантириш, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларга диверсификация қилинган.
ИТБ гуруҳи президенти банк томонидан Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни бир-бирига боғлайдиган темир йўл, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини бунёд қилиш ва бошқа лойиҳалар қўллаб-қувватланишини тасдиқлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати