Волга булғорлари Исломни қабул қилинганига 1100 йил тўлиши арафасида “Баракат” исломий китоблар концептуал чакана савдо дўконининг очилиш маросими Москва жоме масжиди ҳудудида бўлиб ўтади.
Islamnews.ru хабарига кўра, тадбир шу йил 1 апрель куни соат 13.00 да Москва шаҳридаги Выползов кўчаси, 7-уйда ўтказилади. Бу пойтахтдаги биринчи ихтисослашган мусулмон адабиёти дўконидир.
“Баракат” дўкони москвалик ва меҳмонларни зарурий Исломий адабиётлар билан таъминлаш учун мўлжалланган. Унинг жавонларида Россия ва Осиё мамлакатларининг 15 дан ортиқ тилларида чоп этилган китоблар жой олган. Айни шу номдаги компаниянинг бошқа лойиҳалари – сувенир дўконлар, ҳалол маҳсулотлар бозори ҳамда тарихий масжиддаги кийим-кечак дўконини ташкил этишдан иборат.
Янги китоб дўкони жавонларида Қуръони карим, Ислом шариати, ақида, Ислом тарихи, Пайғамбарлар сийратлари, араб тили дарсликлари, болалар адабиёти ва бошқа мавзуларга оид китоблар ўрин олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД