Ота-онага яхшилик қилиш
Дарқақиқат, Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доим уларга яхшилик қилишни буюрди.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
﴿۞وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّآ إِيَّاهُ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنًاۚ إِمَّا يَبۡلُغَنَّ عِندَكَ ٱلۡكِبَرَ أَحَدُهُمَآ أَوۡ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَآ أُفّٖ وَلَا تَنۡهَرۡهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوۡلٗا كَرِيمٗا٢٣ وَٱخۡفِضۡ لَهُمَا جَنَاحَ ٱلذُّلِّ مِنَ ٱلرَّحۡمَةِ وَقُل رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا٢٤﴾
«Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етса, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23–24)
“Уларга ёқимли сўз айт” дейилганида ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ҳурматлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил” тафсири).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “...уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима!” оятини шарҳлаб, айтади: “У нафрат сўзидир”.
Муқотил айтади: “У қўпол, ёмон сўзларни айтиш”.
Тарбия бериб, вояга етказган ота-онасининг меҳрибонлигини ва чеккан машаққатларини қадрлаши учун Аллоҳ таоло бандаларига буюради:
“...ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”»
Аллоҳ таоло инсондаги ота-она ҳақи хусусида бундай деди:
﴿وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ لَا تَعۡبُدُونَ إِلَّا ٱللَّهَ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَانٗا وَذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسۡنٗا وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ ﴾
«Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, деб аҳд олган эдик» (Бақара, 83).
Ота-онага яхшилик қилиш амалларнинг яхшиси ва тоатларнинг энг улуғидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ, энг яхши амал қайси?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Энг афзал амал) ўз вақтида ўқиладиган намоздир”, дедилар. “Сўнг қайси?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар.
Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга олиб борувчи йўллардандир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ушбу сўзларни эшитдим: “Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!” “Ким у, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. “Ота-онасининг бирини ёки иккаласини қарилик чоғида топиб, уларга яхшилик қилиб жаннати бўлиб олмаган”, дедилар».
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга маъсият бўлмаган барча нарсада уларга итоат қилишдир. Ота-онага оқ бўлиш уларни қарилик чоғида қаровсиз ташлаб қўйиш ва яхшиликдан маҳрум қилишдир”, деди.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига жиҳод қилиш учун рухсат сўраб келган бир киши қиссасини эслайлик.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: “Ота-онанг тирикми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сен жидду жаҳд билан хизматларини адо эт”, дедилар.
Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, хизматларидан бўйин товламасликдир. Баъзилар ота-онага яхшилик фақат ўзига ёқадиган ишларда ва хоҳишига мувофиқ келган ўринларда деб ҳисоблайди. Ҳақиқатда эса, бундай эмас. Яхшилик фақат яхши амалларда, банданинг ҳавойи хоҳишларига хилоф нарсаларда бўлади. Агар уларнинг ҳавойи майлларига тўғри келадиган нарсада бўлганида эди, у яхшилик деб номланмасди. Аллоҳ таоло бандани ота-онага яхшилик қилиш ва улар ҳурматини жойига қўйишга буюради:
“Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”
Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَوَصَّيۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ بِوَٰلِدَيۡهِ إِحۡسَٰنًاۖ حَمَلَتۡهُ أُمُّهُۥ كُرۡهٗا وَوَضَعَتۡهُ كُرۡهٗاۖ وَحَمۡلُهُۥ وَفِصَٰلُهُۥ ثَلَٰثُونَ شَهۡرًاۚ حَتَّىٰٓ إِذَا بَلَغَ أَشُدَّهُۥ وَبَلَغَ أَرۡبَعِينَ سَنَةٗ قَالَ رَبِّ أَوۡزِعۡنِيٓ أَنۡ أَشۡكُرَ نِعۡمَتَكَ ٱلَّتِيٓ أَنۡعَمۡتَ عَلَيَّ وَعَلَىٰ وَٰلِدَيَّ وَأَنۡ أَعۡمَلَ صَٰلِحٗا تَرۡضَىٰهُ وَأَصۡلِحۡ لِي فِي ذُرِّيَّتِيٓۖ إِنِّي تُبۡتُ إِلَيۡكَ وَإِنِّي مِنَ ٱلۡمُسۡلِمِينَ١٥﴾
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачон, у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман”, дейди» (Аҳқоф, 15).
Бақара сураси 233-оятда чақалоқ тўла икки йил эмизилиши белгилаб қўйилган. Ўттиз ойдан йигирма тўрт ой эмизишга кетса, олти ой қолади. Ҳомила одатда тўққиз ойда туғилса-да, бунинг энг кам муддати олти ой, кўп муддати эса, йигирма тўрт ой, дейишган. Бу табобатда ҳам тасдиқланган.
Уламолар: “Бу оят Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳақларида нозил бўлган”, дейди. Бу оят у кишининг оталари Абу Қуҳофа, оналари Уммул Хайр, болалари ҳақига қилган дуолари ижобат бўлганидан дарак беради. Ўзи билан бирга ота-онаси ва ўғил-қизлари Исломни қабул қилган бошқа бирор саҳоба йўқ, бунга фақат Абу Бакргина мушарраф бўлган.
Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ота-онасининг ҳақини адо этган кишидан хурсандман”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Агар унда (ота-она ҳақини адо этишда) ҳеч нарса бўлмасачи?” деб сўрадим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Агар улар бир ишга буюрса, “хўп бўлади”, десин, “уф”, демасин. Уларга қаттиқ гапирмасин, фақат яхши гапларни сўзласин”, дедилар.
Бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга бир яхшиликни билдиринг, ундан дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаат топай”, деди. “Ота-онанг борми?” деб сўраганларида, у: “Ҳа”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, уларнинг ҳақини адо қил ва уларни овқатлантиргин. Уларга едирган ҳар бир луқманг учун жаннатда қаср бино қилинади”, дедилар. Яна бир саҳоба Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менинг онам бор ва унга нафақа қилиб тураман. У эса менга тили билан азият беради. Нима қилай?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унинг ҳақини адо қил. Аллоҳга қасам, агар гўштингни кесиб берсанг ҳам, ҳақининг тўртдан бирини адо қила олмайсан. Жаннат оналарнинг оёғи остида эканини билмайсанми?” деб жавоб бердилар. Саҳоба: “Энди онамга асло ёмон гапирмайман”, деди ва онаси олдига келиб, оёқларини ўпди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) матни узун бир ҳадиснинг охирида айтганлар: “Мени ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасам, кимга Аллоҳ таоло мол ато қилса, бу молидан у ота-онасига эҳсон берса, жаннатда мен билан бирга бўлади”. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, агар ота-онаси дунёдан ўтиб кетган бўлса-чи?” деб сўради. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уларнинг номидан садақа қилади, Қуръон ўқийди ва ҳақларига дуо қилади. Агар буларни тарк қилса, уларга оқ бўлади. Ким уларга оқ бўлса, осий бўлибди”, деб жавоб бердилар.
Баъзилар: “Бир банда фарз намозини ўқиб, кетидан ота-онаси ҳақига мағфират сўраб дуо қилса, Аллоҳ таоло дуосини ижобат этиб, гарчи ота-онаси фосиқ бўлса ҳам, уларни мағфират қилади”, деган.
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитганман: “Ким ота-онасини зиёрат қилиш учун йўл юрса, Аллоҳ унинг ҳар бир босган қадамига юзта савоб ёзиб, юзта гуноҳини ўчиради ва даражасини юз баравар кўтаради. Агар улар олдида яхши сўзларни айтса, қиёмат куни унга нур бўлади. Ота-онаси олдидан гуноҳлари кечирилган ҳолатда чиқади”».
Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бир савдогар бор эди. Бир куни онаси унинг олдига келиб, ўзига зарур нарсани беришини сўради. Шунда савдогарнинг хотини: “Онанг бизнинг камбағал бўлишимизни хоҳлаяпти, агар ҳар куни шундай сўрайверса, фақир бўлиб қоламиз”, деди ва савдогар унга ҳеч нарса бермагач, онаси йиғлаб, қайтиб кетди. Бир сафар савдогар тижорат иши билан йўлга чиққанида, қароқчилар йўлини тўсди. Молларини тортиб олишди-да, қўлини кесиб, бўйнига осиб кетишди. Шу ердан ўтаётган қавм уни кўриб, уйига олиб борди. Кўргани келган қариндошларига у: “Бу менинг жазоим. Агар онамга инфоқ-эҳсон қилганимда, қўлим ҳам, молим ҳам ўзимда қоларди”, деди.
Ҳикоя қилинишича, фазилати билан машҳур шайх Маккага сафарни қасд қилди. Аммо онаси бундан норози бўлди. Онаси унинг ортидан: “Парвардигоро, ўғлим мени айрилиқ ўти билан куйдирди. Уни бу қилмиши учун жазолагин!” деб дуо қилди. Шайх шаҳарлардан бирига етгач, масжидга кириб, ибодат қила бошлади. Шу кеча бир кишининг уйига ўғри кирди. Уй эгаси ўғрининг масжид томон қочганини кўрди. Одамлар уни қувлай кетди, лекин ўғри масжиднинг олдига келганида кўздан ғойиб бўлди. Улар: “Масжидга киргандир”, деб ичкарига қаради. Намоз ўқиётган шайхни ушлаб, шаҳар ҳокимининг олдига олиб боришди. Ҳоким ўғрининг кўзини ўйиш, қўл-оёқларини кесишга буюрди. Жаллодлар ҳукмни ижро этди ва: “Бу ўғрининг жазоси”, дея бозорда жар солишди. Шунда шайх: “Ундай деманглар! Бу онасининг рухсатисиз Каъбани тавоф қилиш учун чиққан кимсанинг жазосидир, деб айтинглар”, деди. Унинг шайх эканини билишгач, қилган ишларидан пушаймон бўлишди. Онаси олдига олиб келиб, остонага қўйиб кетишди. Уй ичидан эса онасининг ноласи эшитилди: “Парвардигоро, агар боламнинг бошига бир бало солсанг, сўнгра уни қайтарсанг, ўғлимни бир бор кўрсам”. Шунда шайх: “Мен оч мусофирман, менга овқат беринглар”, деди. Онаси: “Эшик олдига кел”, деди. У: “Менинг оёқларим йўқ”, деди. Онаси: “Бўлмаса, қўлингни чўз”, деди. “Чўзадиган қўлларим ҳам йўқ”, деди у. Онаси деди: “Мен сенга номаҳрам бўлсам, қандай қилиб сени овқатлантираман”. У: “Қўрқма, менинг кўзларим ҳам йўқ”, деди. Шунда онаси битта нон билан кўзачада сув олиб, унинг олдига келди. Шайх юзини онасининг оёғига қўйиб: “Мен сизнинг осий ўғлингизман”, деди. Онаси уни таниб, йиғлаб юборди ва: “Парвардигоро, агар ҳолат бундай бўлса, иккимизнинг ҳам жонимизни олгин, токи одамлар юзларимиз қоралигини кўришмасин”, деб нола қилди. Унинг ноласи тугар-тугамас, Аллоҳ ҳар иккисининг жонини олди.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ота-онасини норози қилган бўлса, шаҳодат калимасини айтолмай ўлади ва қабридан пешонасига “Бу ота-онасига оқ бўлган кимсанинг жазосидир”, деб ёзилган ҳолатда туради», дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Кимга Аллоҳ таоло мол ато қилса-ю, у ота-онасининг ҳақини адо қилмаса, унинг амаллари бекор бўлади ва у қаттиқ азобланади”, дейилган.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигида, ғазаби ота-онанинг ғазабидадир”, дедилар».
“Саҳиҳи Бухорий”да келишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Қайси амал Аллоҳга маъқулроқ?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Яна қайси амал?” деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ йўлида ғазот қилиш”, дедилар. Шу аснода бир киши келиб, ғазотга чиқиш учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан рухсат сўради. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-онанг хизматини қилсанг, ғазот қилган бўласан”, дедилар».
Ансорлардан бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Ота-онам вафот этганидан кейин ҳам уларга яхшилик қилишим керакми?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, тўрт нарса билан хизмат қилишинг керак: уларнинг ҳақига дуо қилиш, гуноҳларига истиғфор айтиш, уларнинг аҳдлари, ваъдаларини бажариш, уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш”, дедилар.
Ота-она хизматини қилишда, уларнинг розилигини топишда сусткашлик қилиш ярамайди. Хизматларини адо этиш ва улар ҳақига раҳмат-мағфират тилаб, дуолар қилиш зарур! Шунда ҳам ота-онанинг ҳақларини тўлиқ адо эта олмайсиз. Лекин Аллоҳ таоло оз амалларингизни барака билан кўпайтириб беради.
Ота-онага яхшилик қилишга Буюк Аллоҳ тарафидан амр-фармон бўлишига қарамай, бу соҳадаги ўлчовларимиз бузилиб кетган. Гоҳо ошна-оғайниларини, хотини, фарзандларини ота-онасидан устун қўядиган кимсаларни учратамиз. Баъзилар ота-онага яхшилик қилиш каби фазилати улуғ амалларни тарк этиб, арзимас ишлар билан кифояланади. Баъзилар ота-онаси қариб қолганида ташлаб кетади ёки ота-онасини камдан-кам зиёрат қилади. Ота-онасига бақирадиган ёки қўпол муомала қиладиганлар ҳам бор. Айримлар кўча-кўйда бировларга хушомад қилади-ю, уйида кекса ота-онасига айтгани бир оғиз илиқ сўз тополмайди. Улар билан қўпол муомалада бўлади.
Бугун динимиз буйруқларига эътиборсизлик ва аёлларнинг фаоллашуви сабабли хотинини ота-онадан устун қўйиш ҳоллари кўпайди. Муоз (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга васият қилдилар: “Агар ота-онанг сенга аҳлинг (хотининг)дан ҳам, молингдан ҳам воз кечишингни буюришса ҳам, уларга итоат қил!”»
Эрини ота-онасига осий бўлишга ва қариндош-уруғчиликни узишга ундайдиган аёлда яхшилик йўқдир.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: «Умар (розияллоҳу анҳу) аёлимни ёқтирмасди. Отам менга уни талоқ қил, деди. Мен бош тортдим. Умар (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб, устимдан шикоят қилди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангга итоат қил”, дедилар».
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига бир киши келиб: “Онам хотинимни талоқ қилишимни буюряпти”, деди. Абу Дардо: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ота-она жаннат дарвозаларининг ўртасидадир. Агар хоҳласанг, бу дарвозани йўқ қиласан ёки сақлаб қоласан”, деганларини эшитганман», деди.
Киши ота-онасига роҳат-фароғатидан кечиб бўлса-да, яхшилик қилсин, итоат этсин. Ким бахт-саодат истаса, жаннат дарвозаларини бузиб ташламасин. Энди ким охиратини дунёга алмаштирса ва ўткинчи ҳаётни афзал билса, у жаннат дарвозасини бузиб ташлаган бўлади.
Юқоридаги ҳукмга кўра, агар аёл хулқи ёмон ва итоатсиз бўлса, ота-она ундан ажралишга буюрса, фарзанд итоат қилиши шарт. Аммо аёли яхши бўлса, ота-онаси мустаҳкам диндор бўлмаса, келиннинг диндорлиги туфайли талоқ қилишга буюрса, ўғил улар билан чиройли муомала қилади, хизматларини бажаради, аммо аёлини талоқ қилмайди. Аллоҳдан қўрқадиган муслима эрини ота-онасига яхшилик қилишга ундайди. У мана шу ишда Аллоҳдан савоб умид қилади. Ота-онани ҳурматлаш, уларнинг хизматларини қилиш улкан бойлик ва чиройли хулқлардандир.
Мужоҳид айтади: «Агар ота боласини ураман деб қўл кўтарса, бола отасининг қўлини қайтармасин. Ким ота-онасига хўмрайиб қараса, уларга яхшилик қилмабди. Ким уларга (Аллоҳга ва ота-онага осийлик қилиш билан) ғам келтирса, оқ бўлибди. Ота-онага оқ бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч нарса билан кишининг амаллари унга фойда бермайди. Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, душман бостириб келганида урушдан қочиш”, деганлар».
Жуҳайма (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, жаҳд қилишни истаб, сиздан маслаҳат сўраб келдим”, деди. “Онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Онангни ёлғиз қолдирма. Чунки жаннат унинг оёғи остидадир”, дедилар.
Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, ҳижрат қилиш учун сизга байъат бергани келдим. Лекин ота-онам ортимдан йиғлаб қолди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайтиб бор ва уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Сен улар олдига қайтиб бориб, уларни йиғлатганингдек кулдирмагунингча, сендан байъат олмайман”, каби келган.
Қатодадан ривоят қилинади: “Бир кишининг онаси унга фақат фарз намозларини ўқийсан ва фақат Рамазон рўзасини тутасан, деб қасам ичирди. Шундай ҳолатда у онасига итоат қилади! Чунки онага итоат қилиш нафл ибодатлардан афзалдир.
Ҳишом ибн Ҳассон айтади: «Мен Ҳасанга: “Кечаси Қуръондан таълим оламан. Онам кечқурунги овқатда мени кутиб қолади”, дедим. Ҳасан: “Кечқурунги овқатни онанг билан егин, чунки онанг ёнида бўлиб, уни қувонтиришинг нафл ҳаж қилишингдан яхшидир”, деди».
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) онасини елкасида кўтариб, Каъбани тавоф қилаётган кишини кўрди. У киши: “Эй Ибн Умар, онамнинг ҳақини адо қилдимми?” деб сўради. Ибн Умар: “Сени туғишдаги тўлғоқларидан биттасининг ҳақини ҳам адо қилганинг йўқ. Лекин сен яхши иш қиляпсан. Аллоҳ камига ҳам кўп савоб беради”, деди.
Агар биров бизга бир-икки бор яхшилик қилса, уни мақтаб, яхшиликларини эслаб юрамиз. Ота-онамизга эса баъзан итоатсизлик ва қўпол муомала билан жавоб берамиз. Бошқаларнинг кўнглини олишга уринамиз-у, аммо не-не машаққатлар билан бизларни улғайтирган ота-онамизнинг кўнглини кўтариш, дилини шод қилишга эътибор бермаймиз. Бирор фарзанд отаси ёки онаси вафот этганида касал бўлиб қолганини кўрганмисиз? Ёқуб (алайҳиссалом) қиссасини бир эслайлик. Ўғли Юсуфдан айрилиш отага қандай таъсир қилганини хотирлаб, хулоса чиқарайлик.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
﴿وَتَوَلَّىٰ عَنۡهُمۡ وَقَالَ يَٰٓأَسَفَىٰ عَلَىٰ يُوسُفَ وَٱبۡيَضَّتۡ عَيۡنَاهُ مِنَ ٱلۡحُزۡنِ فَهُوَ كَظِيمٞ٨٤﴾
«Кейин улардан юз ўгириб: “Эсизгина Юсуф!” деди. Ғам-ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди ва у энди маҳзундир» (Юсуф, 84).
Ёқуб (алайҳиссалом) саксон йил суюкли ўғли Юсуф (алайҳиссалом) фироқида йиғлайверганидан кўзлари оқариб, охири кўр бўлиб қолади. Бу йиғи сабрсизлик йиғиси бўлмай, инсонга Аллоҳ ато этган туғма табиат эди, оталик меҳри далолати эди. Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам Иброҳим исмли норасида ўғиллари вафот этганида кўзларига ихтиёрсиз ёш олганлари маълум.
Ота-онага оқ бўлишга уларни йиғлатиш, хафа қилиш, узоқ вақт зиёрат қилмаслик, саломатликлари ва моддий ҳолатларига эътибор бермаслик кабилар киради. Шунингдек, болалар Аллоҳга итоат қилмаслиги ва мункар ишларга берилиши ҳам ота-онани ғамга ботиради. Чунки бу ишлар ота-онага ёмон таъсир қилади. Кўпинча фарзандлар яхши мансабларга ва молу дунёга эга бўлганида шундай оқпадарлик қилади.
Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб деди:
– Ё Расулуллоҳ! Инсонлар орасида менинг чиройли муомала қилишимга ким ҳақлироқ?
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Онанг, – дедилар.
– Сўнг ким? – деб сўради.
– Онанг, – дедилар.
– Сўнг ким? – деди.
– Онанг, – дедилар.
– Сўнг ким?
– Отанг, – дедилар.
Ибн Баттол айтади: “Она уч нарсада отадан фарқланиб, афзал туради: болани қорнида кўтариш қийинчилиги, тўлғоқ азоби ва эмизиш машаққати. Онанинг отадан олдин қўйилишида катта ҳикмат бор. Она ўзини боқадиган, яхшилик ва парвариш қиладиган кишига муҳтождир. Чунки у заифа, касби йўқ, эътибор ва раҳм-шафқатга муҳтождир.
Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога жаннатда кимга қўшни бўлишини билдиришини сўраб, ёлборар эди.
Бир куни шундай нидо келди:
– Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг бўлади...
Мусо (алайҳиссалом) қизиқиб, қассобнинг қайси ибодати учун бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқди. Мусо (алайҳиссалом) ўша одамни қидириб топди. Қассоб Мусо (алайҳиссалом) ҳақ пайғамбар эканини билган, имон келтирган эди. Лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун танимади. Кечқурун қассоб Мусо (алайҳиссалом)ни уйига олиб кетди. Овқат тайёрлади. Дастурхон тузади. Овқат ейишдан олдин, қассоб деворга осилган бир саватни ерга туширди ва ундан ҳатто ҳаракат қилишга ҳам ҳоли қолмаган бир қари кампирни олди. Худди гўдакни овқатлантиргандек унга едирди, ичирди ва яна саватга жойлаб, деворга осди. Шунда кампир нималардир деб шивирлади. Қари аёлнинг нима деяётганини тушунмаган Мусо (алайҳиссалом) қассобдан сўради:
– Ўғлим, бу кампир киминг бўлади?
Қассоб мусофирга:
– Бу аёл онам бўладилар. Ўтириб-туришга, овқат ейишга ҳоллари йўқ. Шу боис ўзим едираман, ичираман ва тозалигига қарайман. Қўлимдан келганича хушнуд этишга ҳаракат қиламан.
Мусо (алайҳиссалом):
– Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нималар деди?
Қассоб:
– Эй Раббим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Мусо (алайҳиссалом)га қўшни қил, деб дуо қилди. Шунда Мусо (алайҳиссалом) ўзини танитадиган вақт келганини тушунди ва:
– Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусо бўламан. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришини илтижо қилган эдим. Аллоҳ сен эканингни билдирди. Сенга хушхабар бўлсин: онангга қилган хизматинг учун Аллоҳ сендан рози бўлди. Онангнинг дуосини қабул айлади, – деб марҳамат қилди.
Ота-она дунёдан ўтганларидан кейин уларнинг ҳақларига раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиш, уларнинг васиятларини бажариш, шунингдек, улар номидан садақа қилиш ва уларнинг қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиш фазилатли ишлардандир. Бир ансорий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин уларга қандай яхшилик қилишим мумкин?”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўрт амал бор: уларнинг ҳақларига дуо қилиш ҳамда истиғфор айтиш; аҳдларини бажариш; уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онанг яхшилик қиладиган кишилар билан силаи раҳм, яъни қариндошчиликни боғлаш. Мана шу ишлар вафотларидан кейин ҳам уларга қила оладиган яхшиликларингдир”, дедилар.
Биз Аллоҳ китобидан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидан васиятда айтилган насиҳатга қулоқ тутайлик:
– Ота-онамиз ёнимизда эканида, соч-соқоллари оқариб, беллари букилганида, қўл-оёқлари қалтираб, қийинчилик билан туриб, машаққат билан ўтирганида, хасталиклар кела бошлаганида уларга яхши муомaлада бўлайлик. Кўнгилларини кўтарайлик, хушнуд этайлик. Уларга молимиз ва кучимизни сарфлашда бахиллик қилмайлик. Улар билан ҳаётимизни чиройли ўтказайлик.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Намозни ўз вақтида адо этиш;
Жамоат намози;
Истиқоматда бўлиш.
Жумодул аввал ойининг навбатдаги ҳафтасида рўй берган диний-маърифий соҳадаги муҳим янгиликлар билан танишинг!
00:00 Анонс
00:51 Ўзбекистоннинг бағрикенгликда бошқа давлатларга намуна экани эътироф этилди
01:35 Муфтий ҳазрат талабалар билан дилдан суҳбат қилдилар
02:16 Пойтахтда ўтказилган амалий тадбирлар аҳоли учун манфаатли бўлди
03:29 Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди
03:58 Самарқанд ва Қашқадарё имомларининг малакаси оширилди
04:43 Наманганда диний бағрикенглик бўйича йиғилиш бўлиб ўтди
05:19 Имом Доримий меросига бағишланган танлов ғолиблари тақдирланди
05:37 Имконияти чекланганлар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат
06:13 Муфтий ҳазратлари бугун "Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” масжидига бордилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#Жумадан_жумагача