Қадимда хабарни бир мамлакатдан бошқа мамлакатга чопарлар олиб боришган. Ўз даврида чопарлар хар хил турдаги хабар ва маълумотларни от, туя каби уловлар орқали амалга оширганлар. Кейинчалик техника ривожланиш натижасида поезд, машина, самолётлар орқали инсонларга хабарлар етказилган. Орадан вақт ўтиб хабарлар телефонлар, телеграммалар орқали инсонларга етказилди.
Ҳозирги кунларда интернет орқали янгидан янги хабарлар тез ва осон етказилмоқда. Зеро, интернет инсонларга бутун дунё бўйлаб хабар ва маълумотларни етказиш учун яратилган. Буни интернет деган сўзнинг маъносидан билиб олиш ҳам мумкин. Интернет сўзи аслида хорижий сўзларнинг қисқартма шаклидан ясалган бўлиб, у “халқаро хабарлар тўри ёки халқаро маълумотлар тўри“, деган маънони англатади.
Қадимда хабарлар қушлар орқали етказилган ва олинган. Қадимда хабарчи қушлардан бири ҳудҳуд ҳисобланади.
Ҳудҳуд қандай қуш?
Ҳудҳуд қушнинг арабча номидир. Унинг ўзбекча атамаси попишак, сассиқпопушакдир. Бу ҳақда “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Ҳудҳуд (арабча)- попишак, сассиқ попушак ” дейилади.
Маълумотларга қараганда, Ҳуд-ҳуд-Кўкқарғасимонлар туркумига мансуб қуш. У мамлакатимизнинг дашт, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида учрайди. Бошида тожи (попуги) бор бўлиб, пати оқ-қора йўл-йўл, сарғиш жигар ранг бўлади.
Ҳудҳуд қушининг хабарчи эканлиги ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади: “У (Сулаймон пайғамбар) қушларни кўздан кечириб: “ Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман. Балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?! Албатта, уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки менга узрини баён қилиб аниқ ҳужжат келтирур” деди. Сўнг узоқ вақт қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабо шаҳридан ишончли хабар келтирдим” (Намл сураси, 20-22-оятлар).
Ҳудҳуд Сулаймон алайҳиссалмо ёзган мактубларини Сабо шаҳрига элтади. Мактубда ёзилганлар тўғрисида Қуръони каримда: (Ҳудҳуд мактубни олиб келиб малика Билқис олдига ташлагач) у деди: «(Эй, зодагонлар!) Ҳақиқатан менга шарафли бир мактуб ташланди. Албатта, у Сулаймондандир ва у (мактуб-да): «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар Менга катталик қилмай ҳузуримга итоатли ҳолингизда келингиз!» (деб ёзилган) (Намл сураси, 29-31-оятлар) дейилади. Сулаймон пайғамбарнинг бу хабарини Ҳудҳуд бир зумда Сабо мамлакатининг маликаси Билқисга етказади. Ҳудҳуднинг Сулаймон пайғамбар хабарини етказиши бугунги кундаги интернет ёки телефондан “смс” ташлашга қиёс қилиш мумкин.
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Вафот этишингиз билан дастлаб номингиз одамлар ёдидан кўтарилади. Ғассол келса: “Майит қаерда” – дейди. Мансабингизни ҳам, насабингизни ҳам ва ҳатто исмингизни ҳам сўрамайди. Жанозангизни ўқишдан олдин Имом: “Марҳумнинг ёши неччида эди?” – дейди. Мансабингиз ҳам, насабингиз ҳам ва ҳатто номингиз ҳам зикр қилинмайди. Кейин: “Тобутни кўтаринглар!” – дейилади. Бунда ҳам на мансабингиз, на насабингиз ва на номингиз эсланади. Ҳаётда тез унутиласиз, шунчаки хотирага айланасиз. Эсингиздан чиқарманг, ҳамма нарса ўткинчи сиздан фақат яхшилик қолади халос..!
Хулоса шуки, бугун сизу бизга АЛЛОҲ томонидан умр берилди. Бугун янги тонг отди. Сиз уйғондингиз, бунинг учун АЛЛОҲга ҳамд айтишни унутманг. Дунёнинг қайсидир бурчагида қанчадан-қанча одам бугун уйғонмади.
Аввало, ёнингизда бўлишса, ота-онангизнинг ҳолларидан хабар олинг, ёнингизда бўлишмаса телефон орқали авҳол сўранг. Ҳар куни кўчага чиқишингиздан аввал АЛЛОҲ номини зикр қилинг, ҳамд айтиб, ота-онангизни дуоларини олинг. АЛЛОҲ касбингизга молингизга ризқингизга, албатта, барака беради, иншааллоҳ. Агар бу оламдан ўтган бўлсалар ҳақларига кўп-кўп дуолар қилинг. Шунда ҳам уларнинг ҳақларини адо эта олмайсиз.
АЛЛОҲ берган ва бераётган барча неъматларни қадрига етайлик!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ