Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2024   |   26 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
27 Декабр, 2024, 26 Жумадул сони, 1446

Оилада фарзанд тарбияси: ЭР ВА ХОТИН ҚУЙИДАГИЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИШИ ЛОЗИМ. НАФСНИ САҚЛАШ. АЛЛОМА АЛИ ТАНТОВИЙ НАСИҲАТЛАРИ. ФАРЗАНДГА ЖИНСИЙ ТАРБИЯНИ ОЧИҚ БАЁН ҚИЛИШ.

24.03.2021   4765   24 min.
Оилада фарзанд тарбияси: ЭР ВА ХОТИН ҚУЙИДАГИЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИШИ ЛОЗИМ.  НАФСНИ САҚЛАШ.  АЛЛОМА АЛИ ТАНТОВИЙ НАСИҲАТЛАРИ.  ФАРЗАНДГА ЖИНСИЙ ТАРБИЯНИ ОЧИҚ БАЁН ҚИЛИШ.

 

Эр ва хотин қуйидагилардан огоҳ бўлиши лозим

  1. Эр-хотин қўшилиши ҳақида бошқаларга сўзлаши ҳаром. Бунинг оқибатини ушбу ҳадисдан биламиз:

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللَّهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ الرَّجُلَ يُفْضِى إِلَى امْرَأَتِهِ وَتُفْضِى إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا ». (رواه مسلم وأبو داود)

Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни (Аллоҳ ҳузурида) макони энг ёмон киши шуки, у хотинига тегинади (қўшилишга ишора) ва аёли унга тегинади, сўнг сирни фош қилади (тарқатади)”, дедилар.

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилади: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз билан намоз ўқидилар. Тугатгач: “Сизлардан бир киши эшикни беркитиб, парда осиб, аҳли билан яқинлик қилади. Сўнг “Мен аҳлим билан шундай қилдим, аҳлимни бундай қилдим”, дейдими?” деб сўрадилар. Кишилар жим қолди. Сўнг аёлларга юзланиб: “Сизлардан гапириб берадиган борми?” дедилар. Шунда бир қиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўриши ва эшитиши учун бир тиззалаб ўтирди ва бошини кўтариб: “Ҳа, Аллоҳга қасам, мана шу эркаклар ва ушбу аёллар ҳам сўзлаб беришади”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бундайларнинг ўхшашини биласизми? Улар шайтон эр ва шайтон хотинга ўхшаш. Уларнинг бири соҳибини кўчада учратади ва ҳожатини чиқаради, инсонлар эса уларни томоша қилади”, дедилар».

  1. Эр хотинининг орқа томонига яқинлик қилиши ҳаром.

عن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « لا ينظر الله إلى رجل أتى امرأة في دبرها ». (رواه النسائي وابن حبان)

Имом Насоий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хотинининг орқа томонига яқинлик қилувчига Аллоҳ раҳмат назари билан боқмайди”,  дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади:

عن عقبة بن عامر الجهني قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : «لعن الله الذين يأتون النساء في محاشهن ». (رواه الطبراني)

Табароний ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлининг орқа томонига келувчи киши лаънатлангандир”, дедилар.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай ношаръий ишнинг оқибатини қуйидагича баён этганлар:

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : من أتى حائضا أو امرأة في دبرها أو كاهنا فقد كفر بما أنزل على محمد صلى الله عليه و سلم. (رواه الترمذي)

Термизий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ҳайз кўрган хотинига ёки хотинининг орқа томонига келса ёки фолбин сўзини тасдиқласа, Муҳаммадга (алайҳиссалом) нозил бўлган нарсага куфр келтирибди”, дедилар.

Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло инсониятни хушсурат шаклда яратди, унга гўзал одобни буюрди. Жумладан, муқаддас динимиз таълимотларида ўз жуфти ҳалолига муомаласи ҳам бошқа мавжудотлардан фарқли бўлиши учун қонун-қоидалар баён қилинди. Аммо айрим кимсалар бор, сурати инсон, бироқ бу борада қилаётган ишлари ҳайвонларни ожиз қолдиради.

  1. Эр хотини ҳайз ёки нифосда бўлганида яқинлик қилиши ҳаром. Аллоҳ таоло амр қилади:

فَٱعۡتَزِلُواْ ٱلنِّسَآءَ فِي ٱلۡمَحِيضِ

«...Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз...» (Бақара, 222).

Юқорида ҳайз ҳақидаги ҳадис баён қилинди. Тиббиёт мутахассислари аниқлашича, ҳайз ва нифос пайтида яқинлик қилиш кўп касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Қуйида ана шу касалликлар ҳақида қисқа баён қиламиз:

  1. Аёлнинг баъзи аъзоларида оғриқ пайдо бўлади. Кўпинча бачадон шамоллашига, мояк ёки тос шамоллашига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида одам соғлиғига зарар етади. Кўп ҳолларда моякнинг бузилиши ва бепуштликка олиб келади.
  2. Эркакнинг жинсий аъзосида сўзакка ўхшаш йирингли касалликка олиб келади. Кўпинча эркакнинг тухумдонида оғриқ пайдо қилади ва эркак бепуштликка мубтало бўлади.

Демак, ҳайз пайтида яқинлик қилиш турли дардлар пайдо қилиб, эркак ва аёлни бепуштликка мубтало қилиши мумкин. Бунданда катта зарар борми? Шунинг учун табиблар бу пайтда қўшилишдан қатъий қайтаради.

Аллоҳ таоло огоҳ этган:

وَيَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡمَحِيضِۖ قُلۡ هُوَ أَذٗى فَٱعۡتَزِلُواْ ٱلنِّسَآءَ فِي ٱلۡمَحِيضِ

 «Сиздан ҳайз ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз...» (Бақара, 222).

Ким бундай ишга мубтало бўлган бўлса, у гуноҳига самимий тавба қилиши ва Аллоҳга истиғфор айтиб, қилган ишига пушаймон бўлиши лозим.

Табиблар ва аҳли илмлар насиҳати:

  1. Шаҳватни қондиришда мўътадил бўлиш. Мўътадил бўлишнинг чегараси ҳафтада икки марта. Уни эҳтиёжга қараб кўпайтириш ёки камайтириш мумкин. Лекин ҳаддан зиёд кўпайтириш танага зарар етказиб, ақлни сусайтиради ва зиммадаги масъулиятни бажаришдан тўсади.
  2. Олдин кўнгилхушлик қилиб, сўнг шаҳватни қондириш.
  3. Қўшилиш учун муносиб вақтни белгилаш. Чунки аёлнинг мижози нозик бўлади. Агар унинг мижозига тўғри келмайдиган вақтда бўлса (касал вақтига ўхшаш), эрини ёқтирмаслиги ва нафратланишига сабаб бўлади.
  4. Ҳар қандай ойда, кунда ва соатда қўшилиш жоиз. Фақат рўза тутганида (кундузи), аёл ҳайз ёки нифосдалигида мумкин эмас. Бу ишдаги суннат жума куни кечаси ва кундузидир.

Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилади, “Жума куни ким ювинишга мажбур бўлса (хотини билан қўшилганидан сўнг), ювинса, сўнг намозга эрта борса ва имомга яқин ўтирса, унга қулоқ солиб, лағв қилмаса, унинг ҳар бир босган қадамига кечаси қоим, кундузи рўза тутган бир йиллик амал савоби берилади”.

  1. Хотин эр табиатини яхши билиши, эрини қандай зийнат қизиқтиришини, унга қандай меҳрибон бўлишни, қайси вақтда қўшилишни ёқтиришини билиши лозим. У хоҳламаган пайтда уни қизиқтириши ёки унинг рухсатисиз нафл рўза тутиши мумкин эмас. Аксинча, эри ҳоҳлаган вақтда қайтармаслиги керак.

عن أَبي هريرة - رضي الله عنه - ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - : (( إِذَا دَعَا الرَّجُلُ امرَأتَهُ إِلَى فرَاشِهِ فَلَمْ تَأتِهِ ، فَبَاتَ غَضْبَانَ عَلَيْهَا ، لَعَنَتْهَا المَلائِكَةُ حَتَّى تُصْبحَ )) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Эр хотинини ётоққа чақирса, у келмаса, эри ундан ғазабланиб ухласа, фаришталар уни тонг отгунча лаънатлайди”, дедилар.

وفي رواية: حتى يرضى عنها

Бошқа ривоятда: “Ҳатто эри ундан рози бўлгунича”, дейилган.

Бошқа ҳадисда аёл эри рухсатисиз нафл рўза тутишидан қайтарилган:

عن أَبي هريرة - رضي الله عنه - أيضاً : أنَّ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - ، قَالَ : (( لاَ يَحِلُّ لامْرَأةٍ أنْ تَصُومَ وزَوْجُهَا شَاهدٌ إلاَّ بإذْنِهِ)). (رواه البخاري)

Имом Бухорий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эри изн бермасдан аёлнинг (нафл) рўза тутиши ҳалол бўлмайди” , дедилар.

 

Нафсни сақлаш

Молу давлат дунё ҳаёти учун муҳим эканини ҳеч ким инкор қилмайди. Чунки моддий жиҳатдан имконияти кенг инсон муаммоларни осон ҳал этади.

Аллоҳ фазли билан давлатманд бўлганлар уйланиш ёшига етиб, бироқ маблағ топа олмай юрган ёшларга ёрдам кўрсатса, улкан ажру савобга эга бўлади. Шундай хайрли ишларни амалга оширса, молу дунёни устун ҳисобловчи эмас, аксинча, бойлигининг баракаси зиёда бўладиган саховатли ва мурувватли киши ҳисобланади. Қадимдан қаерда инсоният яшар экан, бойлар, ўртаҳоллар ва камбағаллар доим бор бўлган. Шу боис динимиз бойлар зиммасига етимлар, бевалар ва кам таъминланган оилаларнинг ҳақларини юклади. Улар ўзларининг закотлари, ушрлари ва садақа-эҳсонлари билан бундай инсонларга ёрдам бериши вожиб. Аммо бойларнинг саховат йўллари беркилиб қолса, қандай йўл тутиш лозим? Бунинг энг гўзал йўли Қуръони карим чорловига жавоб бериш. Бу чин мўмин киши иқтисоди танг бўлганида, нафсини ислоҳ қилиши ва сақлаши учун қўлланадиган ҳалол йўлдир.

Улуғ Раббимиз марҳамат қилади:

وَلۡيَسۡتَعۡفِفِ ٱلَّذِينَ لَا يَجِدُونَ نِكَاحًا حَتَّىٰ يُغۡنِيَهُمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦۗ

«Никоҳ (учун лозим маблағ) топа олмайдиган кишилар то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар...» (Нур, 33).

Имони комил мусулмонлар шундай йўл тутадилар. Бу кишининг хулқини зийнат ва кўрк ила товлантирувчи шундай бир нурли йўл, исломий ахлоқларнинг асли бўлган сабрга ўргатувчи, бир оз машаққатли бўлсада, аммо мўминлар учун тақвони кучайтирувчи, бир сўз билан айтсак, Парвардигор ризолигига элтувчи ажру савоб йўлидир.

 

Аллома Али Тантовий насиҳатлари

Ёшларга гўзал одоблардан жуда кўп мисоллар келтирган уламо Али Тантовийнинг ҳикматли сўзларини қуйида келтирамиз.  Қалбга файз ва ором берувчи бу сўзлар ҳар бир мўмин кишини бефарқ қолдирмайди, чуқур ўйга толдиради, ҳидояга чорлайди, дилларга сурур ва қаноат бахш этади.

Уламо Али Тантовий ҳазратлари “Эй ўғлим” деб номланган рисолаларида бундай дейди:

“Эй ўғлим, менга нима учун иккиланиб ва уялиб ёзасан? Эй ўғлим, тинчлан, сен шикоят қилаётган дард ёлғиз сенда эмас, у барча йигитлар дарди. Ўн етти ёшингда бу дард сени уйқусизликка олиб келган бўлса, бошқаларни ҳам бедорликка олиб борган, уларнинг ҳам уйқу-оромини йўқ қилган. У кўп ўқувчини дарсдан, ишчини меҳнатдан, тожирни савдодан қайтарган.

Бундай йигит нима қилади? У шаҳват қийноғи, тана азоби ва қони қайнаганида қандай йўл тутади? Бу жуда қийин, албатта! Аллоҳнинг йўли унга уйлан, дейди. Бошқа фикрлар эса уни чалғитиб, уч йўлдан бирини танла, қолгани бекор, дейди.

Сен тўртинчиси ҳақида фикр қилишни ўзингга лозим тут. Фақат шу тўртинчиси яхши. У ҳам бўлса “уйланиш”дир.

Юқорида айтилган уч хато йўл қуйидагилар:

  1. Шаҳват орзусига берилиш, уни ўйлашни одат қилиш, турли ҳаёсиз ҳикоялар, бузуқ филм ва суратларга қараб вақт ўтказиш. Ҳатто ўйлашнинг ўзи нафсни бузади, қулоқ ва кўзга таъсир қилади. Ҳар ерда фақат фитна ўйғотувчи сурат намоён бўлади, ҳатто, китобга қараганида ҳам шундай. Тўлин ой чиққанида ҳам, уфқ қизарганида ҳам, қоронғу кечада ҳам, орзуда ва тушда ҳам шу нарса кўринади. Гўёки ҳар йўлда Лайло мисоли кўринади. Сўнг бу ҳолат ёш йигитни мажнун сифат инсонга айлантиради.
  2. Онанизм (капаки)ни қасд қилиш сабабли нафс ғамга, жисм эса касалликка мубтало бўлади. Бу иллат ёшни бечораҳол кексага, ғамгин кишига ва ёлғизликка дучор қилади. Одамлардан қочадиган бўлади. Уларга йўлиқишдан қўрқади. Ҳаётдан қўрқиб қолади ва ҳаёт масъулиятидан узоқлашади.
  3. Ҳаром лаззат ва залолат йўлини тутиш. Ўткинчи лаззат йўлида дин, ёшлик ва сиҳатни сарфлаш. Агар шундай бўлса, инсон ҳаракат қилиб топган мақомини, шарафли вазифасини ва олган илмини зое қилади. Қуввати қолмайди. Киши мана шундан кейин бўлди, деб ўйлайди. Ҳар қачон унга етганида истак зиёда бўлаверади. Худди шўр сув ичувчи ичгани сайин чанқоғи зиёда бўлганидек. Уни йўқотганида яна бу аёлни ҳеч билмаган кишидек азобни ҳис қилади. Ана шундай ғарибликка маҳкум бўлади.

Бу қабиҳ йўлга имкон бераётган мол-дунёдир. Маълум муддат ўтиб, “роҳат” бераётган тана бўйсунадими? Ана ўшанда соғлиқ кучи шаҳват талабини кўтара оладими?

Қанча-қанчалар ажойиб қувватли, кучли кишилар курашда, тош отишда ва югуришда ғолиб эди. Улар шаҳватига эргашиб ўта нимжон, бўш, камбағал, бечора бўлиб қолишди.

Аллоҳнинг ажиб ҳикматига эргашганлар фазилатли амал эвазига соғлом ва қувватли бўлиб ажрга эга бўлади. Разолат ва гумроҳлик йўлини тутган эса таназзул ва касаллик азобига лойиқ бўлади.

Кўпинча ўттиз ёшдан ўтмаган ўз нафсига жабр қилганидан гўё олтмишга киргандек кўринади. Кўпгина кексалар иффатлилигидан худди ўттиз ёшли йигитдек кўринади. Шундай ҳикмат бор: “Ким ёшлигини сақласа, унга кексалиги сақланур”.

Бу дарднинг давоси нима? Бунинг давоси Аллоҳнинг йўлини тутиш. Албатта, Аллоҳ нимани ҳаром қилган бўлса, унинг ўрнига бошқасини ҳалол қилган. Рибони ҳаром қилди ва савдони ҳалол қилди. Зинони ҳаром қилди ва уйланишни ҳалол қилди. Бас, даво – уйланиш. Агар уйланишга қурби етмаса, ўзини пок тутишдир.

Бир мисол. Олов устида қайнаб турган чойнакни кўрганмисиз? Агар сиз уни маҳкам беркитсангиз ва олов ёқсангиз тўсилган буғ уни ёриб чиқади. Агар уни тешсангиз суви оқиб кетади ва чойнак куяди. Агар унга паравоз ричагига ўхшаш ричак қўйсангиз-чи, сизга моторни айлантиради ва поездни юргазади!

Шаҳват гирдобидан қутулиш чоралари:

Биринчи, шаҳватдан нафсини тийган киши унинг тубан оқибати ҳақида фикр қила бошлайди ва унга қарши қаттиқ курашади.

Иккинчи, залолат йўлига эргашган киши ўзининг ҳолати ҳаром лаззат ўчоғига тинмасдан тортаётганини пайқайди ва бунинг олдини олади.

Учинчи, олдин йўл қўйган хатоларидан батамом тийилган киши улардан ўзини узоқда сақлайди.

Руҳий, ақлий ва қалбий жидду жаҳд ила нафсдан бундай ғамни улоқтириш лозим. Ана шунда тўпланиб қолган шайтоний қувват тамом бўлади ва ғафлат босиб, қамалиб қолган нур яна зоҳир бўлади. Бу эса Аллоҳга илтижо қилиш, ибодатда қоим бўлиш, тавбада бардавом бўлиш ва ихлос билан бўлади. Шунинг баробарида тасаввурда пайдо бўладиган манзаралардан фориғ бўлиш ва шаҳват ўйғотувчи нарсалардан бутунлай воз кечиш шарт. Албатта, спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳам бундай ёмон одатларни эсдан чиқаришга катта ёрдам беради.

Эй ўғлим, инсон ўзини яхши кўради. Бирон кишини ўзидан афзал кўрмайди. У ойна олдида туриб, елкаси доирасимон бўлганини ва танаси қаттиқ, қўли бақувват бўлганини кўрса, бу унга ҳар қандай аёл зотидан севимли бўлади. Ҳақиқий имонли, мард йигит эса, қандайдир бир ҳаёсизни деб, бундай кўркам виқорни йўқотишга, қувватини бой беришга, мушаклари кучсиз ва қомати дол бўлишига зинҳор рози бўлмайди.

Энг маъқул йўл – уйланиш йўлини танлайди. Бу мукаммал даводир. Агар бунга қодир бўлмаса, рўза тутгани яхши.

Хуллас, тўғри йўл тутсанг, эй ўғлим, уйланиш лозим. Агар уйланишга қодир бўлмасанг, Аллоҳга тақво қилиш, ибодат ва билимга шўнғиш, барча фанлар ва спорт билан шуғулланишни маҳкам тутиш лозим. Чунки бу ишлар нафсни жиловлашда жуда яхши чорадир.

Эй йигит-қизлар, бу усуллар жинсий муаммоларни ечишдаги ҳалол йўллар. Сизларга бузуқликни зийнатлаб кўрсатаётганларни эшитишдан сақланинг. Улар ахлоқсизликни гўзал қилиб айтади. Бу мушкулларни енгиш гўдаклик ёки ёшлик вақтидан бошлаб, ички туйғу ва тарбияни яхшилаш билан бўлади.

Ғаламис кимсалар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширишга уринади. Йигит-қизларни соғлом жамиятдан бузуқ майдонга ва ахлоқсизлик кўламига тортади. Нима учун, биласизми?! Маърифатли ёшларни уруш билан эмас, балки ушбу ялтироқ усул билан тўғри йўлдан буриб, уларнинг бошини эгиш ва бузуқликни жорий қилиш фитначи кимсаларнинг қинғир мақсадидир.

Бундай ёлғон, алдамчи чақириқлардан сабр қилиш ва қалбларни Аллоҳга боғлаш йўли билан сақланинг. Аллоҳ таолонинг бу улуғ амрига қулоқ тутинг:

وَلَا تَتَّبِعُوٓاْ أَهۡوَآءَ قَوۡمٖ قَدۡ ضَلُّواْ مِن قَبۡلُ وَأَضَلُّواْ كَثِيرٗا وَضَلُّواْ عَن سَوَآءِ ٱلسَّبِيلِ٧٧

«...Олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!» (Моида, 77).

 

Фарзандга жинсий тарбияни очиқ баён қилиш

Кўп ота-она ва мураббийлар тез-тез ушбу саволларни беради. Фарзандга беихтиёр таъсирини кўрсата бошлаётган балоғат ёши аломатларини қай тарзда тушунтириш лозим? Уларга жинсий аъзоларнинг вазифаларини, қиз болаларга ҳомиладорлик, бола парваришлаш ва оналик вазифаларини сўзлаш мумкинми? Ўспиринларга жинсий қўшилиш одоблари, уйланиш арафасидаги вазифалар, оталик масъулиятларини очиқ ва равшан айтиш жоизми?  Хуллас, шу маънодаги саволлар талайгина.

Баъзан кўпчилик бундай саволларга жавоб беришда ожизлик қилади. Шу боис бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида бу ҳақда шариатимиз ҳукмларини баён қилишни лозим топдик. Яқин келажакда оила қуриб, ота ва онадек шарафли бурч соҳиб ва соҳибалари бўладиган ўғил-қизларга бу борадаги шаръий ҳукмларни очиқ айтиш нафақат жоиз, балки ҳар бир ота-она зиммасига вожиб бўлади. Фақат уларнинг ёшига катта эътибор қаратиш лозим.

Кўп оятлар ўз жуфти билан жинсий қўшилиш ҳалоллиги ва бошқа бегоналар билан эса тақиқланганини очиқ баён қилади:

وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِفُرُوجِهِمۡ حَٰفِظُونَ٥ إِلَّا عَلَىٰٓ أَزۡوَٰجِهِمۡ أَوۡ مَا مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُهُمۡ فَإِنَّهُمۡ غَيۡرُ مَلُومِينَ٦ فَمَنِ ٱبۡتَغَىٰ وَرَآءَ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡعَادُونَ٧

«Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар» (Мўъминун, 5–7).

أُحِلَّ لَكُمۡ لَيۡلَةَ ٱلصِّيَامِ ٱلرَّفَثُ إِلَىٰ نِسَآئِكُمۡۚ

«Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди...» (Бақара, 187).

وَيَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡمَحِيضِۖ قُلۡ هُوَ أَذٗى فَٱعۡتَزِلُواْ ٱلنِّسَآءَ فِي ٱلۡمَحِيضِ وَلَا تَقۡرَبُوهُنَّ حَتَّىٰ يَطۡهُرۡنَۖ فَإِذَا تَطَهَّرۡنَ فَأۡتُوهُنَّ مِنۡ حَيۡثُ أَمَرَكُمُ ٱللَّهُۚ

«Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз)» (Бақара, 222).

نِسَآؤُكُمۡ حَرۡثٞ لَّكُمۡ فَأۡتُواْ حَرۡثَكُمۡ أَنَّىٰ شِئۡتُمۡۖ

«Хотинларингиз сизлар учун зироатгоҳдир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз...» (Бақара, 223).

Қуйидаги оятлар инсон асли нимадан яратилгани, сўнг она қорнида қай ҳолатда бўлишидан хабар беради:

وَلَقَدۡ خَلَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ مِن سُلَٰلَةٖ مِّن طِينٖ١٢ ثُمَّ جَعَلۡنَٰهُ نُطۡفَةٗ فِي قَرَارٖ مَّكِينٖ١٣

«Қасамки, Биз инсонни (одамни) лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик» (Мўъминун, 12–13).

إِنَّا خَلَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ مِن نُّطۡفَةٍ أَمۡشَاجٖ نَّبۡتَلِيهِ فَجَعَلۡنَٰهُ سَمِيعَۢا بَصِيرًا٢

«Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бир нутфадан яратдик. Бас, уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик» (Инсон, 2).

Қуйидаги оятда эса ҳомиладорлик жараёни ўз-ўзидан эмас, балки машаққат эвазига бўлиши ва туғилажак болани эмизиш муддати очиқ баён қилинмоқда:

وَوَصَّيۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ بِوَٰلِدَيۡهِ إِحۡسَٰنًاۖ حَمَلَتۡهُ أُمُّهُۥ كُرۡهٗا وَوَضَعَتۡهُ كُرۡهٗاۖ وَحَمۡلُهُۥ وَفِصَٰلُهُۥ ثَلَٰثُونَ شَهۡرًاۚ

«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир...» (Аҳқоф,15).

Қуйидаги оят зино зарарли, ҳалокатли эканини яна бир бор таъкидлаб келмоқда:

وَلَا تَقۡرَبُواْ ٱلزِّنَىٰٓۖ إِنَّهُۥ كَانَ فَٰحِشَةٗ وَسَآءَ سَبِيلٗا٣٢

«Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир» (Исро, 32).

Навбатдаги оят аёллар қолиб, эркак киши эркаклар билан жинсий алоқа қилишидек тубанликни, ахлоқсизликни қоралаб келади:

وَلُوطًا إِذۡ قَالَ لِقَوۡمِهِۦٓ أَتَأۡتُونَ ٱلۡفَٰحِشَةَ مَا سَبَقَكُم بِهَا مِنۡ أَحَدٖ مِّنَ ٱلۡعَٰلَمِينَ٨٠ إِنَّكُمۡ لَتَأۡتُونَ ٱلرِّجَالَ شَهۡوَةٗ مِّن دُونِ ٱلنِّسَآءِۚ بَلۡ أَنتُمۡ قَوۡمٞ مُّسۡرِفُونَ٨١

«Лутни ҳам (пайғамбар қилиб юбордик). Ўз қавмига айтди: “Шундай (ёмон) фаҳш ишни қиласизми? Сизлардан олдин бутун оламда ҳеч ким уни қилмаган эди. Сизлар хотинлар қолиб, шаҳват билан (нафсни қондириш учун) эркакларга “келасиз”. Ҳа, сизлар исрофгар қавмдирсизлар» (Аъроф, 80–81).

Аллоҳ таоло ушбу масалалар ва уларнинг ҳикматларини инсонга таълим бериш мақсадида очиқ ва равшан баён этмоқда. Демак, бу каби масалаларни балоғат ёшига етган фарзандга динимиз таълим берганидек ўргатиб бориш зарур. Аммо фарзанд бундай оятларни ва уларнинг ҳукмларини қандай тушунади? Албатта, ота-она бу қоидаларнинг асл моҳиятини ва ундан кўзланган мақсадларни англатиши керак. Бунинг учун эса таълим берувчи муаллим ёки ота-она бундай тарбиявий ҳукм оятларни мукаммал ўрганиши зарур. Бу борада Қуръони карим илмидан хабардор бўлган олимларга мурожаат қилиши ва бу ҳақда ёзилган китобларни қунт ила ўқиб-ўрганиши шарт. Чунки ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг улуғ Каломини ўқиб-ўрганиб, тафаккур қилиши ҳақида Раббимиз бундай марҳамат қилади:

كِتَٰبٌ أَنزَلۡنَٰهُ إِلَيۡكَ مُبَٰرَكٞ لِّيَدَّبَّرُوٓاْ ءَايَٰتِهِۦ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ٢٩

«(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир» (Сод, 29).

Бу оятлардан маълум бўладики, ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг улуғ каломини нафақат ўқиши, балки илоҳий хукмларни чуқур уқиб, уларни ҳаётига татбиқ этиши шартдир.

Шундагина ёшларимиз ўзларини Аллоҳ таоло яратганини, У зот доимо кўриб, кузатиб туришини чуқур ҳис қилади. Оддий бир нутфадан поғонама-поғона ривожланиб, инсон шаклу шамойилига келганини билиб, имони янада зиёда бўлади. Ҳақиқий мусулмонга хос ҳаёт кечириб, ўз Раббиси ҳузуридаги ҳақларини, жамият ва атрофдаги инсонлар олдидаги бурчларини чин кўнгилдан адо қилади. Шунда ҳар бир йигит-қиз ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўғри маънода фойдаланиб, турли иллатларнинг олди олинади.

Шунинг баробарида ота-боболаримиз қўллаб келган, диний ва миллий қадриятлар уйғунлашган тарбия услубларини қўллаш қатъий талаб этилади. Натижада, фарзанд ҳалолликка бутун вужуди билан талпинадиган, ҳаром деб аталмиш жирканч уммонга қадам ташлаш тугул, ўгирилиб ҳам қарамайдиган гўзал маданият соҳибига айланади. Бу маданият шарму ҳаёдан узоқ бўлганларнинг “маданият”ларидан фарқли ўлароқ, инсонни том маънода камолотга етаклайди. Шу боис барча ёшу қари, аёлу эркак бу маданиятдан бирдек баҳраманд бўлиши бениҳоя зарурдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, фарзандга жинсий тарбия масалаларини очиқ ўргатиб боришдан мурод, аввало уларни бу ёшларида нималар жоиз-у, нималар мумкин эмаслигидан хабардор этишдир. Шу билан бирга, ҳар бир йигит-қиз оила қуришдан асл мақсад нималиги, бунинг учун эса жинсий ҳаёт зарурлиги ва унинг ўзига яраша қоидаларини ҳам билиши лозим.

Аммо бу каби масалаларни сингдиришда, айтиб ўтилганидек, фарзандларнинг ёшларига катта эътибор бериш лозим. Дейлик, 9–12 ёш оралиғидаги болага бу тушунчалар сингдирилмайди. 14–16 ёш орасидаги ўспиринларга бу мавзудаги рухсат ва тақиқ, ҳалол ва ҳаром тушунчалари бериб борилса, 16–18 ёш оралиғидаги йигит, қизларга эр-хотинлик одобу қоидалари мукаммал тарзда етказилиши, тушунтирилиши жуда муҳим. Қиз болаларга, албатта, бу тарбияни оналари ёки бошқа қариндош аёллар етказишади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

МУҚАДДАС ДАРГОҲ:

Ёмон хулқдан сақланиш.

ХОТИМА

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Кураш Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритилди

26.12.2024   764   1 min.
Кураш Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритилди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Албаниянинг Тирана шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA)нинг 13-Бош ассамблеясида миллий спортимиз кураш 2025 йили Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ташкил этиладиган Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритилгани эътироф этилди.

Дунёнинг кўплаб давлатларидан делегатлар, спорт ташкилотларининг мутасаддилари, халқаро спорт федерацияларининг раҳбарлари қатнашиб, Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги спорт турлари, техник-тактик жиҳатлар, мусобақалар тақвими кўриб чиқилди, муҳокама қилинди.  

Ассамблеяда делегатларнинг таклифи ва қўллаб-қувватлаши натижасида ўзбек спорти - кураш Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидан жой олгани эълон қилинди.  

Ассамблея йиғилиши доирасидаги тадбирларда Халқаро кураш ассоциацияси раҳбарияти ISSA мутасаддилари билан курашни халқаро майдонда ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлаш борасида фикрлашилди.    

Муҳокамалар жараёнида IKA ва ISSA техник вакиллари кураш мусобақаларига тегишли масалалар, хусусан вазн тоифалари, ҳакамлик, қуръа ташлаш, трансляция, жиҳозлар, инвентарлар ва бошқа техник тафсилотлар борасида ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш лозимлигини таъкидлади. Келишувларга эришилди.  

Ота-боболаримиздан мерос курашнинг спорт тури сифатида халқаро майдонда оммалашаётгани, қамрови йилдан йилга кенгаяётгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлаши шубҳасиз. Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги расмий спорт турларидан бири бўлгани эса Олимпиада сари ташланган муҳим қадам, дейиш мумкин.  

Дунё янгиликлари