Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр ибн Абдушшамс ибн Абдувад ибн Наср ибн Ҳасл ибн Омир ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр Омирий Қурайшийдир. Исми Ос.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг буюк саҳобаларидан бири бўлган. Исломга кирганда отаси уни уйга қамаб, қўлларига кишан солиб қўйди. Ҳудайбия сулҳи кунида кишанларини ечиб қочиб кетди. Ўша пайтда отаси Росулуллоҳнинг ёнларида сулҳ ёзиш учун ҳозир эди.
Улуғ саҳобий Абу Жандал розияллоҳу анҳунинг ҳижрат қилишлари ҳақидаги қисса улар учун ҳам улар билан бирга хайриҳоҳ бўлганлар учун ҳам жуда оғир қиссадир. Бу ҳижрат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам жуда оғир машаққат юклади. Чунки Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳу Ҳудайбия сулҳи имзоланган пайтда Росулуллоҳнинг ёнларига келди. Отаси Суҳайл ибн Амр Қурайшнинг катталаридан бўлиб, уни қўл оёқларини занжирбанд қилиб қўйган эди. Отаси баджаҳл, қаттиқ-қаттиқ гапирадиган, нутқи фасоҳатли киши эди. Сулҳнинг шартларидан бири, кимки Маккадан мўмин бўлиб ҳижрат қилиб келса, уни ортига қайтариб юбориш эди. Кимки Маккага Росулуллоҳнинг ҳузурларида кетса, улар уни ортига қайтармасликлари эди. Бу иш саҳобаларга жуда оғир келди, айниқса Абу Жандални кишанлардан қийналиб Набий алайҳиссаломдан уни Қурайшдан ҳимоясига олишини сўраб келганини кўрганларида оғриқлари янада ортди. Шу заҳоти Суҳайл ибн Амр ўзи ва Набий алайҳиссаломнинг ўрталаридаги сулҳни тузди ва айтдики: "Бу орамиздаги биринчи келишувдир". Ва Абу Жандал қайтарилишини талаб қилди. Набий алайҳиссалом бу келишувдан Абу Жандал истисно бўлишини сўрадилар. Лекин Суҳайл бундан бош тортди ва Абу Жандални ўзи билан олиб кетди.
Бу ҳақида Ибн Сириндан келган ривоятда: Набий алайҳиссалом Абу Жандалга: "Эй Абу Жандал сабрли бўл, савоб оласан. Аллоҳ таоло сенга ва сен каби заифларга осончилик беради. Биз қавминг билан аҳдлашдик, аҳдимизга вафо қиламиз, аҳдимизни бузолмаймиз", дедилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Жандални четга олдилар ва: "Сабр қил Эй Абу Жандал, улар мушриклардир. Албатта, уларнинг қони итнинг қони билан баробардир", дедилар ва Абу Жандалга қилични сопини яқинлаштирдилар.
Кейинчалик Умар розияллоҳу анҳу: "Мен уни қилични олиб, отасини уради деб ўйлаган эдим, лекин отасининг ҳурматини сақлади", деганлар.
Барча сийрат китобларида ривоят қилинадики, Аллоҳ таоло Абу Жандални азиятларини аритди, уни мушриклар қўлидан қутулишга муваффақ қилди ва уни денгиз соҳилида Абу Басир исмли киши билан учраштирди. Иккалалари 70 га яқин одам йиғдилар ва Қурайшнинг карвонларига катта ҳавф туғдира бошладилар. Уларни ёнидан ўтганки карвонни тунаб, ичидагиларни ўлдиришди. Улар гуруҳларига Маккадан одамларни қабул қилишди. Уларни келганини эшитган кўплаб араб қабилалари уларга қўшилишди, ҳаттоки гуруҳидагилар сони 300 га етди. Ва аҳдига вафо қилишни гап сотаётган Қурайшнинг ўзи Абу Жандалларни Мадинага чақириб олишларини илтимос қилишди. Абу Басир кўксида Набий алайҳиссаломнинг мактублари билан вафот этди. Абу Жандал эса Мадинага қайтди. Амвос кунида вафот этгунча ўша ерда Аллоҳнинг йўлида жиҳодда бўлди.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Етимнинг ҳаққини ейишнинг катта гуноҳ, оғир жиноят ва ўта кетган пасткашлик эканини ҳеч ким инкор қилмаса керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Етимларнинг мол-мулкларини зулм билан еган кимсалар қоринларига дўзахни ебдилар, холос» (Нисо сураси, 10‑оят), дея бежизга таҳдид қилмаган.
«Фалончи етимнинг пулини ўмарибди», дейилса, ҳар қандай виждонли одам ўзи билган энг оғир гаплар билан уни қарғаши, ҳақорат қилиши табиий.
Бироқ, шариат ва воқелик нуқтаи назари билан қарасак, етимнинг ҳаққини ейишдек яна бир катта гуноҳ, оғир жиноят бор, аммо негадир кўпчилик унга бепарво. Бу ‒ омманинг молидан ноҳақ, ўғрин-ча, ейишдир.
Очиғини айтиш керак, постсовет мамлакатларда давлатнинг мулкини ўмариш одат тусига кириб, одамларнинг қон-қонига сингиб кетди. Одамлар давлатнинг мулкини худди эгасиз молдек тасаввур қиладиган бўлиб қолган. Давлатнинг мулкидан ўғрилаётганлар ўзини ҳеч ноқулай ҳам ҳис қилишмайди, худди отасидан қолган боғдан олма егандек, халқ мулкини бемалол ўпқонига тиқаверади. Ўрни келса, бу борада мусобақалашиб ҳам кетишади.
Бунинг бир қатор сабаблари мавжуд бўлиб, шулардан бири биздаги замонавий давлатчиликнинг тарихий илдизига бориб тақалади. Даҳрийлар инқилоб қилиб, Русия ҳукуматини ағдарди, уларнинг тож-тахтини, мол-мулкини талон-тарож қилиб, тортиб олди. Кейин бу талончилик давом этиб, кенгайиб, бутун бир халқнинг юқори қатламига тегишли барча нарса мусодара қилинди. Даҳрий тузумга қарши чиққанлар, зиёлилар, ҳур фикрли, онгли кишилар халқ душмани деб эълон қилиниб, ўлдирилди, қамалди, сургун қилинди. Шунинг учун ўша пайтдаги мазлум қатлам бу давлатга нисбатан аламзада бўлиб қолди, «давлат менинг насабимни, мавқеимни, мол-мулкимни тортиб олди, энди мен ҳам давлатникини совураман, чунки унда менинг ҳаққим бор» деган тушунчада бўлди. Совет даврининг охирига бориб, ниҳоятда оммалашган бу тушунча бутун халққа сингиб, давлатнинг мулкини ўғирлаш оддий иш бўлиб қолди, ҳатто уддабуронлик ҳисоблана бошлади.
Шу зайлда давлат халқнинг мулкини, халқ давлат мулкини талон-тарож қилишга одатланиб қолди. Буларнинг барчаси давлат билан халқ ўртасида жарлик, беаёв душманликни янада чуқурлаштириб юборди. Бугун ҳам мана шу руҳият кўп жойда ҳукмрон. Бу, Қуръон таъбири билан айтганда, халқнинг ўз-ўзини ўлдиришидир (Нисо сураси, 29-оятга ишора).
Минг афсуски, мустабид тузум парчаланиб, юртимиз мустақил бўлса ҳам, жуда кўпчиликда давлатнинг мулкига нисбатан ана шундай нотўғри муносабат сақланиб қолди. Жамиятни бугунгача зимдан қўпориб, емириб, заҳарлаб келаётган коррупция, порахўрлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, бировларнинг мулкини алдов ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш ана шу манфур тузумдан қолган разил сарқит, десак, хато бўлмайди.
Аслида давлат мулки омманинг моли бўлиб, уни ноҳақ ва яширинча олиш энг оғир ҳаромлардан саналади.
Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда омманинг молидан яширинча олиб ейиш «ғулул» дейилади. Бу сўз одатда ўлжа тақсимланмасдан олдин ундан бирор нарсани махфий равишда олишни билдиради, лекин уламолар бу нарса омманинг молидан яширинча ейишнинг барча кўринишларини ўз ичига олишини таъкидлашади.
Руммоний айтади: «Ғулул сўзи «ғолалун» сўзидан олинган бўлиб, аслида сувнинг дарахтлар орасига сингишига айтилади. Хиёнатда мулкка одамлардан махфий суратда, ҳалол бўлмаган йўл билан кирим бўлгани учун бу гуноҳ «ғулул» деб аталган».
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
«Кимки ғулул қилса, ўлжага хиёнат қилса, Қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади. Сўнгра ҳар бир жон қилган қилмишини(жазосини) тўлиқ олади. Уларга зулм қилинмас».
Демак, ким омманинг мулкидан яширинча бирор нарса олса, Қиёмат куни маҳшаргоҳга ўша нарса бўйнига осилган ҳолда келади, одамлардан яшириб қилган хиёнати барчага ошкор этилади. Бу ҳолатнинг тафсирини бевосита ҳадиси шарифда ўқишимиз мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, ғулул ҳақида сўзладилар. Унинг гуноҳи катталигини, иши оғирлигини гапириб, шундай дедилар: «Қиёмат куни бирортангиз елкасида маъраётган қўй билан, кишнаб турган от билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, сенга (ҳукмларни) етказганман», демайин. Елкасида ўкириб турган туя билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», деб турмайин. Елкасида унсиз нарса билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин. Ёки елкасида ҳилпираб турган бир парча латта билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин».
Бухорий ва Муслим ривояти.
Бу ҳадиси шарифда ким омманинг молидан нимани ўғирлаган бўлса, Қиёмат куни ўшани елкасига ортган ҳолда келиши, унга ҳатто шафоатчиларнинг пешвоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёрдам бера олмасликлари таъкидланмоқда. Бундан оғир ҳолат бўлмаса керак.
Омманинг мулкидан ўмаришнинг катта-кичиги бўлмайди, барчаси ҳаром ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да бу ҳақда алоҳида боб очиб, уни «Ғулулнинг ози ҳақида», деб номлайди ва унда бундай хиёнатнинг ози ҳам оғир гуноҳ эканига далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтиради:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларига Киркира деган киши мутасадди эди. У вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Бориб қарашган эди, бир абоа (чопонга ўхшаш устки кийим) топиб олишди. У буни ўлжага хиёнат қилиб олган экан».
Омманинг молидан ҳақсиз равишда, яширинча олиш ҳатто шаҳидни ҳам дўзахга улоқтиради. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Бир қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётган эди, тўсатдан дайди ўқ келиб, ўша қулга тегди. Одамлар: «Унга шаҳидлик қутлуғ бўлсин!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни ўлжалардан улушлар тақсим бўлмай туриб олган шамласи (ўраниб олинадиган устки кийим) унинг устида олов бўлиб ловуллайди», дедилар. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитган заҳоти бир пойабзал ипини олиб келиб, «Мен мана шуни олган эдим», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу дўзахдан (олинган) пойабзалнинг ипи!» дедилар».
Қаранг, ким омманинг молидан бирор нарса олса, дўзахдан ўшанча улуш олган ҳисобланар экан. Бир ип олса, дўзахдан бир ип, бир кўйлак олса, дўзахдан бир кўйлак олган бўлади. Бу маъно бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланади.
Имом Термизи Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаромдан битган ҳар бир эт дўзахга муносибдир», деганлар.
Имом Бухорий Хавла Ансорийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳнинг молига ўзини ноҳақ урадиган кишиларга Қиёмат куни дўзах бўлади», деяётганларини эшитганман».
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, «Яъни мусулмонларнинг мол-мулкини ботил тасарруф этадиганлар», дея изоҳлайди.
Демак, мусулмонларнинг молига масъул бўлган киши уни ўзига эмас, бировга ноҳақ берса ҳам, ўзига дўхазни сотиб олган бўлар экан.
Бу ҳадиси шарифда эътибор бериладиган яна бир нукта шуки, омманинг моли Аллоҳнинг моли ҳисобланар экан. Бинобарин, халқнинг мулкини ўмараётган кимса Аллоҳнинг молидан олаётганини унутмаслиги керак.
Кимдир «Нима учун омманинг моли етимнинг ҳаққига тенглаштирилмоқда?» дейиши мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Омманинг молида етимнинг ҳаққи бўлиши тайин, чунки умумий бойликда бутун халқнинг ҳаққи бор, жамиятда эса етимлар бўлиши табиий. Бинобарин, омманинг мулкидан ноҳақ олган киши қайсидир етимнинг ҳаққини ҳам олган бўлади. Аммо у қайси етимнинг қанча ҳаққини олганини била олмайди ва шу жиҳатдан бунинг гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Бу гуноҳнинг тавбаси чин қалбдан надомат чекиш, бу ишни қайтиб қилмасликка қатъий жазм қилишдан ташқари ўша ноҳақ олинган молни тўлалигича ўз жойига қайтариш билангина бўлади.