Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр ибн Абдушшамс ибн Абдувад ибн Наср ибн Ҳасл ибн Омир ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр Омирий Қурайшийдир. Исми Ос.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг буюк саҳобаларидан бири бўлган. Исломга кирганда отаси уни уйга қамаб, қўлларига кишан солиб қўйди. Ҳудайбия сулҳи кунида кишанларини ечиб қочиб кетди. Ўша пайтда отаси Росулуллоҳнинг ёнларида сулҳ ёзиш учун ҳозир эди.
Улуғ саҳобий Абу Жандал розияллоҳу анҳунинг ҳижрат қилишлари ҳақидаги қисса улар учун ҳам улар билан бирга хайриҳоҳ бўлганлар учун ҳам жуда оғир қиссадир. Бу ҳижрат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам жуда оғир машаққат юклади. Чунки Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр розияллоҳу анҳу Ҳудайбия сулҳи имзоланган пайтда Росулуллоҳнинг ёнларига келди. Отаси Суҳайл ибн Амр Қурайшнинг катталаридан бўлиб, уни қўл оёқларини занжирбанд қилиб қўйган эди. Отаси баджаҳл, қаттиқ-қаттиқ гапирадиган, нутқи фасоҳатли киши эди. Сулҳнинг шартларидан бири, кимки Маккадан мўмин бўлиб ҳижрат қилиб келса, уни ортига қайтариб юбориш эди. Кимки Маккага Росулуллоҳнинг ҳузурларида кетса, улар уни ортига қайтармасликлари эди. Бу иш саҳобаларга жуда оғир келди, айниқса Абу Жандални кишанлардан қийналиб Набий алайҳиссаломдан уни Қурайшдан ҳимоясига олишини сўраб келганини кўрганларида оғриқлари янада ортди. Шу заҳоти Суҳайл ибн Амр ўзи ва Набий алайҳиссаломнинг ўрталаридаги сулҳни тузди ва айтдики: "Бу орамиздаги биринчи келишувдир". Ва Абу Жандал қайтарилишини талаб қилди. Набий алайҳиссалом бу келишувдан Абу Жандал истисно бўлишини сўрадилар. Лекин Суҳайл бундан бош тортди ва Абу Жандални ўзи билан олиб кетди.
Бу ҳақида Ибн Сириндан келган ривоятда: Набий алайҳиссалом Абу Жандалга: "Эй Абу Жандал сабрли бўл, савоб оласан. Аллоҳ таоло сенга ва сен каби заифларга осончилик беради. Биз қавминг билан аҳдлашдик, аҳдимизга вафо қиламиз, аҳдимизни бузолмаймиз", дедилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Жандални четга олдилар ва: "Сабр қил Эй Абу Жандал, улар мушриклардир. Албатта, уларнинг қони итнинг қони билан баробардир", дедилар ва Абу Жандалга қилични сопини яқинлаштирдилар.
Кейинчалик Умар розияллоҳу анҳу: "Мен уни қилични олиб, отасини уради деб ўйлаган эдим, лекин отасининг ҳурматини сақлади", деганлар.
Барча сийрат китобларида ривоят қилинадики, Аллоҳ таоло Абу Жандални азиятларини аритди, уни мушриклар қўлидан қутулишга муваффақ қилди ва уни денгиз соҳилида Абу Басир исмли киши билан учраштирди. Иккалалари 70 га яқин одам йиғдилар ва Қурайшнинг карвонларига катта ҳавф туғдира бошладилар. Уларни ёнидан ўтганки карвонни тунаб, ичидагиларни ўлдиришди. Улар гуруҳларига Маккадан одамларни қабул қилишди. Уларни келганини эшитган кўплаб араб қабилалари уларга қўшилишди, ҳаттоки гуруҳидагилар сони 300 га етди. Ва аҳдига вафо қилишни гап сотаётган Қурайшнинг ўзи Абу Жандалларни Мадинага чақириб олишларини илтимос қилишди. Абу Басир кўксида Набий алайҳиссаломнинг мактублари билан вафот этди. Абу Жандал эса Мадинага қайтди. Амвос кунида вафот этгунча ўша ерда Аллоҳнинг йўлида жиҳодда бўлди.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов
Ғийбатнинг таърифини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзилар “Мен биродаримнинг йўқ айбини гапирмаяпман. Балки бор айбини айтяпман” деб даъво қилишади. Мазкур ҳадисга кўра уларнинг даъвоси асоссиз бўлиб, улар ғийбат қилаётган бўлишади.
Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасида Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".
Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.
Афсуски, уч-тўртта улфатлар йиғилиб қолса, суҳбат орасида кимнидир ғийбат қилиш ҳам содир бўлади. Иймони комил мусулмон бировни ғийбат қилмаслиги, ғийбатчиларни бу гуноҳдан қайтаришга уриниши, агар улар ғийбатдан тилларини тиймасалар, ўзи ундай мажлисни тарк этиши керак. Чунки ғийбатчилар билан бирга ўтириб, уларни бу ишдан қайтармай ўтираверган киши ўша кимсаларнинг гуноҳига шерик бўлади.
Ғийбат биродаримизнинг унга ёқмайдиган нарса билан эслаш экан, бу нарса унинг ташқи кўриниши, шаклига оид бўлиши ҳам мумкин. Масалан, баъзилар “Фалончи пакана”, “Фалончи чўлоқ”, “Фалончи найнов”, “Фалончи қора” каби гапларни кўп ишлатишади. Бу гапни ўша инсон эшитса, хафа бўлади. Демак, бу ҳам ғийбат ҳисобланади.
Ғийбатчини ҳеч ким ёқтирмайди. Ундай кимсага охиратда ҳам аламли азоб бордир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Оддий тирноқ билан юзингизни ёки танангизнинг бирор жойини қашийверсангиз, бориб-бориб ўша жой ярага айланади. Энди мисдан бўлган тирноқлар билан юз ва кўкракларни тирнаш жуда қўрқинчлидир. Ҳадиси шарифда ғийбатчилар “одамларнинг гўштларини ейдиганлар” деб васф қилинмоқда. Бу Ҳужурот сурасида келтирилган ғийбатчи мисолининг ҳадисда ҳам келтирилишидир. Ғийбатчи кимса ғийбат қилаётган пайтда дўстининг, диндошининг гўштини еб ўтирган бўлади.
Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Абу Барза Ал Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг авратлари орқасидан (номусларига тегувчи гап тарқатиб) тушманглар! Чунки ким ўз биродарининг аврати ортидан тушса, Аллоҳ унинг аврати ортидан тушади. Кимки, Аллоҳ унинг ортидан тушган бўлса, уни шарманда-ю шармисор қилади, гарчи уйининг ичкарисида бўлса ҳам!”.
Саъд ибн Абу Ваққос билан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумонинг орасидан гап ўтиб қолди. Кейин бир киши Саъднинг олдида Холидни ғийбат қилмоқчи эди, Саъд унга бундай деди: «У билан ўртамизда бўлиб ўтган нарсанинг асло динимизга алоқаси йўқ!».
Ғийбат ҳаром бўлгани каби ёмон гумон ҳам ҳаром. Биродарингиз ортидан ёмон гаплар сўзлаш ҳаром бўлганидек, ундан асоссиз равишда ёмон гумон қилишингиз ҳам ҳаром. Ёмон гумон деганда биров ҳақида қалбда чиқарилган ҳукм ёки мустаҳкам эътиқодни назарда тутяпмиз. Аммо хаёлга келган турли нарсалар, ўй-фикрлар авф қилинган, ҳатто шак ҳам кечирилган.
Гумон қалбнинг ўша томонга кўпроқ мойил бўлиши, кўпроқ таянишидир. Аллоҳ таъоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ёмон гумон ҳаром қилинишининг сабаби шуки, қалблардаги сир-асрорларни фақат ғайбни билувчи Зотгина билади, шундай экан сиз биров ҳақида ёмон эътиқодда бўлишга ҳаққингиз йўқ. Магар сизда бунга етарлича асослар бўлса ва уларни яхши тарафга таъвил қилиш имкони бўлмаса, унда кўрган, гувоҳи бўлган нарсангиздан бошқани эътиқод қилишдан ўзга имконингиз йўқ. Аммо кўзингиз билан кўрмасангиз ҳам, қулоғингиз билан эшитмасангиз ҳам ичингизда гумон пайдо бўлаётган бўлса, билингки, бу шайтондандир.
Биринчидан, ғийбатни эшитган пайтда ғийбат қилинаётган инсон ҳақида ёмон гумонга бормаслик, у ҳақда зикр этилаётган ёмон сифатларни рост деб билмаслик, бошқа одамлар ҳузурида уни накл қилмаслик, ғийбат қилган кишини гуноҳи кабира қиляпти деб билиш, унинг гапини эътиборсиз деб ҳисоблаш, «Эҳтимол, ғийбат қилинган инсонга унинг адовати бордир, шунинг учун шундай гапларни гапираётгандир», деб ўйлаш лозим.
Иккинчидан, ғийбатни эшитгач, унга шерик бўлиб, мусулмон биродарининг қолган айбларини ҳам очмасин. Ғийбат қилувчи киши Аллоҳ таолонинг итобига қолади, агар мен унга шерик бўлсам, Аллоҳ таоло мендан норози бўлади ва қиёмат куни азоблайди, деган фикрда бўлсин.
Учинчидан, бир мусулмон биродарининг ғийбат қилинаётганини эшитса, ўша мусулмонни мақташни бошласин ва унга ёрдам берсин. Ажаб эмаски, шунда ғийбат қилувчи ғийбатдан тийилса.
Тўртинчи иш шуки, ғийбат қилувчини тил билан айтиб ёки қўл ва кўз билан ишора бўлса ҳам, ғийбатдан тўхтатиш лозим.
Агар бинамки нобинову чоҳаст,
Агар хомуш бинишинам гуноҳаст.
Назмий маъноси:
Агар кўрсамки кўр олдида чоҳдур,
Индамай ўтирсам, бешак, гуноҳдур.
Насрий баëни:
Агар кўзи кўр кишининг олдида чуқурни кўрсам-у, индамай ўтираверсам, гуноҳдир.
Агар уни ғийбат қилишдан қайтариш имкони бўлмаса, ўша мажлисдан туриб кетиш лозим. Борди-ю, туриб кетишнинг ҳам иложи бўлмаса, у ҳолда бўлаётган ғийбатни дилда ёмон кўриб ўтириш керак. Рози бўлиб, жим ўтириш жоиз эмас.
Яна бир гап. Ғийбатчига «Жим бўл» деб туриб, лекин бўлаётган ғийбатни дилда хоҳлаб туриш мунофиқликдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, агар бир киши бошқа кишини “бу итни эмган” деб айблаганда, куни келиб ўзи, албатта, итни эмган бўларди».
Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларнинг энг хатокори бошқаларнинг айбини кўп гапирадиганидир”. Саҳобалар ва тобеъинлар гуноҳнинг касофатига шунчалик аниқ ишонишган экан.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ