Динимиз таълимотига кўра, банда Аллоҳнинг ягоналигига, Фаришталарига, муқаддас китобларига, барча Пайғамбарлар Унинг элчиси эканига, Охират кунига, тақдирнинг яхши ва ёмони ҳам Аллоҳдан эканига, ўлгандан кейин Қиёмат куни қайта тирилишига имон келтирса ва қатъийлик билан фарзни инкор этмаса ҳамда ҳаромни ҳалол демаса ҳақиқий имонли мўмин ҳисобланади.
Ҳанафий мазҳабига кўра, имон – Аллоҳнинг ҳузуридан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган барча нарсаларнинг ҳақлигига тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир. “Тил билан иқрор қилиш” – “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур росулуллоҳ”, яъни Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир”, деган сўзларни талаффуз қилишдир. “Қалб билан тасдиқлаш” эса юқоридагиларнинг барчасига қалбда заррача ҳам гумон ва шубҳа қолдирмасдан ишонишдир.
Инсоннинг имонини ҳисоб-китоб қилиш улкан масъулият бўлиб, кишининг мусулмон ёки кофирлигини муҳокама қилиш ҳуқуқи ҳар кимга ҳам берилмаган. Чунки имоннинг макони инсоннинг қалбида, қалбнинг муҳокамаси эса бандаларга берилмаган, балки фақатгина Аллоҳнинг ҳукмидадир.
Маълумки, имоннинг зидди “куфр” бўлиб, у “беркитмоқ”, “кофир бўлмоқ”, “динсиз бўлмоқ” каби маъноларни англатади. Қалбида умуман имони бўлмаган шахсга эса «кофир» дейилади.
Бу сўзни ишлатишнинг юки ўта оғир ва оқибати жуда хатарли эканини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг хадисларида алоҳида таъкидлаганлар. Имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккаласидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади”, дедилар.
Бундан келиб чиқадики, қалбида заррача имони бор кишини куфрда айблайдиган инсоннинг ўзи диндан чиқиб, кофир бўлиш хатари вужудга келади.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар қалб зулмга мойил бўлса, золимларни яхши кўради. Қайси тоифани яхши кўрса, улар жумласидан бўлади. Агар қалб Ҳаққа ва унга эргашганларга мойил бўлса, уларга дўст бўлади. Бунинг сабаби шуки, амал ва сўзларнинг юзага чиқиши қалбга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам, тил билан имон келтириб, қалб билан имон келтирмаган банда Аллоҳнинг наздида мўмин эмас ва аксинча, қалб билан имон келтириб, тил билан имон келтирмаган банда Унинг наздида мўминдир”, деб таълим берганлар.
Ҳижрий 970 йилда вафот этган Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлмиш Ибн Нажийм раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деганлар.
Бу билан бизга кўп бўлиб кўринган тўқсон тўққиз, Яратганнинг ҳузурида ҳеч нарсага арзимас бўлиши, биз учун кам бўлиб кўринган арзимас бир нарса эса Аллоҳ учун барча нарсадан аҳамиятли бўлиши мумкинлигини англатади.
Шу билан бирга, биргина далил инсоннинг имони бор эканини тасдиқлайдиган бўлса, уни мусулмонлар сафида олиб қолиш, қолган мусулмонлар зиммасидаги шарт ва лозим бўлган вазифа эканини ҳам англатади.
Аммо бугунги кунда динда ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифа ва оқимлар бу масалада “мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейишлик учун биргина далил топилса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига мутлақо тескаридир.
Ислом тарихи экстремистик оқимлар куфр масаласида Исломнинг моҳиятига зид даъволар билан чиққанидан гувоҳлик беради. Хусусан, “хавориж ёки хорижийлар” номи билан тилга олинадиган тоифанинг “гуноҳ иш қилган мўминни кофир, фаҳш ишни қилган мусулмонни эса диндан чиққан”, деган иддаоси қирғин-барот урушларнинг келиб чиқишига ва кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилишига сабаб бўлган эди.
Бу эса Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабига мутлақо зид эътиқоддир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куфр борасидаги ҳадисларига эътибор қаратсак, уларда жумладан бундай дейилади: “Мусулмон билан куфрнинг ўртасида, намозни тарк қилиш бордир” (Муслим ривояти), “Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди” (Имом Ҳоким ривояти).
Шу каби ҳадисларда келган масалалар ҳақида Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабининг якуний хулосаси шуки, хадисларда зикр этилгани каби ишларга йўл қўйган мўмин қилаётган ишида қатъийлик билан фарзни инкор этмаса ва ҳаромни ҳалол санамаса, шариат таъқиқлаган муҳокамага киришмаса кофир бўлмайди, балки ўта оғир гуноҳкор бўлади.
Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар.
Шу ерда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг мазкур ҳадисга берган шарҳиларини келтириш ўринли бўлади: “Калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола! “Лаа илааҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида - шу!”
Бугунги кунда йўл қўйилаётган катта хатолардан бири, куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилинаётганидир. Масалан, уламолар “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади”, деган фатвони чиқарганлар. Бу эса мазкур тоифага мансуб кишиларнинг ҳар бири кофир, дегани ҳам эмас. Куфр фатвосини якка шахсларга нисбатан беришдан аввал, у ҳақида сўраб суриштириб, аниқлик киритиб, шахсан баҳс олиб бориб, унинг куфрда эканини исботлагач, бўйнига қўйиш лозим бўлади.
Ақийда илми уламолари: “Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм ҳам чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди”, деб ҳукм берганлар.
Қуръони каримнинг “Нисо” сурасининг 10-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар”. Ушбу ояти каримадаги қўрқитиш, шунга ўхшаш бошқа оятларда ҳам борлиги ҳақдир. Аммо мана шу оятга биноан, аниқ бир шахсга келганда, бу одам, албатта, дўзахга тушади, деган қатъий ҳукмни айтиб бўлмайди.
Аҳли қибла бўлган бир кишининг бу каби ҳолатларда дўзахга киришига даб-дурустдан гувоҳлик бериш мутлақо билим ва савиясизликдир. Чунки у мазкур оят маъноси ва ҳукмини билмаслиги мумкин. Билгач эса гуноҳидан тавба қилиши, шу гуноҳни ювадиган савоб ишларни амалга ошириши, Қиёмат кунида Шафоатчининг шафоатидан баҳраманд бўлиши ёки бошқа имкониятлардан фойдаланиб жаннатга кириш эҳтимоли мавжуд. Буларни мутлақо эътибордан қолдириш мумкин эмас!
Бир одамнинг куфр гапни айтгани сабаб қозининг ҳузурига келтирилса, қози гувоҳларнинг даъволаридаги масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. Агар айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапдан тонишнинг ўзи тавба ҳисобланади.
Агар айбдор мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилади. Бундан кейин ҳушёр бўлишни уқтирилиб, бу ҳолатда қўйиб юборилади.
Аммо ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чақирилади ҳамда тавба қилгунига қадар қамаб қўйилади.
Хулоса шундан иборатки, куфр гапни очиқ айтган ва тан олиб турган одамга Исломнинг муомаласи шу бўлгач, имони бор эканини тасдиқлаётган ва Исломга имкон қадар амал қилаётганларни турли баҳона ва асоссиз сабаблар туфайли кофирга чиқариш ва уларга турли кўринишдаги зулмни раво кўриш бизнинги ақийдамизга мутлақо тўғри келмайди.
Шундай экан, мусулмоннинг имонини муҳокама қилишга ўта хушёр бўлишимиз лозим.
Манбалар асосида
Акмалхон Аҳмедов тайёрлади
Ўзбекистон халқининг
35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ
Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз.
Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:
1) Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.
2) Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.
3) Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.
4) Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.
5) Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.
6) Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.
7) Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.
8) Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.
9) Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.
10) Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.
11) Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.
12) Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.
13) Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.
14) Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.
15) Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.
16) Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.
17) Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.
18) Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.
19) Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.
20) Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.
21) Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.
22) Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.
23) Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
24) Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.
25) Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.
26) Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.
27) Ўтганларни ҳам қадрлаш – бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.
28) Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.
29) Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.
30) Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.
31) Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.
32) Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.
33) Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.
34) Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.
35) Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.
* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...
*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!
☼ Қуръони карим ояти карималари;
☼ Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;
☼ динимиз асослари;
☼ шариатимиз аҳкомлари;
☼ шарқона одобларимиз;
☼ мазҳабимиз меъёрлари;
☼ жамиятшунослик алоқалари;
☼ одамгарчилик муносабатлари;
☼ инсоний туйғулар;
☼ руҳшунослик сир-асрорлари;
☼ юртимиз урф-одатлари;
☼ ўзбекчилик қоидалари;
☼ маданиятимиз ахлоқлари;
☼ инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;
☼ доно мақолларимиз;
☼ миллий анъаналаримиз;
☼ диний қадриятларимиз;
☼ халқимиз онг-тафаккури;
☼ миллатимиз менталитети,
☼ анъанавий фалсафаси;
☼ ўзбек халқининг илғор қадриятлари;
☼ улуғларимиз ҳикматлари;
☼ доно халқимиз дунёқараши;
☼ мусулмончилигимиз кўрсатмалари
а с о с в а н е г и з л а р и д а
– улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,
– буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,
– меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,
– элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
– жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
– замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,
– бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар
дан
улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!
Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!
Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!
Иброҳимжон домла ИНОМОВ