31 март куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) норасмий саммити бўлиб ўтади, дея хабар берди «Дунё» «Казинформ»га таяниб.
Саммит Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан чақирилмоқда. Унда ТТДҲКга аъзо барча давлатлар раҳбарлари ҳамда мазкур ташкилот кузатувчиси ҳисобланган Венгрия бош вазири иштирок этишини тасдиқлаган.
«Газета.uz» хабарига кўра, саммит якунлари бўйича Туркистоннинг Турк дунёсининг маънавий пойтахти деб эълон қилишни кўзда тутган декларациянинг имзоланиши кутилмоқда.
ТТДҲК бир қатор туркий тилли давлатларни (Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон, кузатувчи мамлакат Венгрия) бирлаштиради. Ташкилот котибияти Истанбулда (Туркия) жойлашган. Ўзбекистон 2019 йил 14 сентябрда кенгаш аъзоси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
“Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).
Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.
Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.