Бугун, 19 март куни Самарқанд вилояти Ургут шаҳрида янги қад ростлаган “Ургут” марказий жоме масжидида илк жума намози ўқилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими мудири Эрдон домла Эсонов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Ургут тумани бош имоми Шоди домла Ҳақбердиев, уламолар, тажрибали имом-хатиблар, мўйсафид отахонлар ва намозхонлар иштирок этди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб маконлар қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир” деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бунинг сабаби – масжидларда Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингани, у ерларда Унинг исми зикр этилгани, у ерларда Унинг буйруқ ва қайтариқлари эълон қилингани, у ерларда мусулмонлар ибодатларнинг турли кўринишлари, жумладан, намоз, зикр, Қуръон тиловати, тасбеҳ, дуо кабилар билан Унга қурбат ҳосил қилганлари, у ерларда нафслар гуноҳ ва исён кирликларидан поклангани, у ерларда роҳат, унс, хотиржамлик, иймон, Аллоҳга муножот лаззати пайдо бўлгани учундир.
Ишонч билан айта оламизки, ушбу муҳташам масжид ҳам мўмин-мусулмонларимизнинг руҳий тарбиясини сайқаллашда жуда катта хизмат қилади. Зеро, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу мустажоб дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД