Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Азиз мўмин мусулмонлар, барчангизни муборак Шаъбон ойи — ибодат ойи билан табриклаймиз!
Исломда фазилатли ойлардан бири бу — Шаъбондир.
Олимлардан бири шундай деган: «Ражаб ойи баданни, Шаъбон ойи қалбни, Рамазон ойи эса руҳни тозалайди. Агар Ражаб ойида бадан, Шаъбон ойида қалб тозаланмаса, Рамазон ойида руҳ қандай тозаланади?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойнинг кўпроғини рўза тутиш билан ўтказардилар.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойидан бошқа ойда тўла рўза тутганларини кўрмаганман. Бошқа ойларда Шаъбондан кўра кўпроқ рўза тутганларини кўрмаганман».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим: «Эй Аллоҳнинг Расули, бошқа бирор ойда Шаъбончалик кўп рўза тутганингизни кўрмаганман?».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одамлар Ражаб ва Рамазон ойлари орасидаги ушбу ой — Шаъбондан ғофил бўлиб қоладилар. Бу шундай ойдирки, унда бандаларнинг амаллари оламлар Парвардигори ҳузурига олиб чиқилади. Мени ҳам амалларим Аллоҳнинг ҳузурига олиб чиқилганда рўзадор бўлишни яхши кўраман».
Абу Довуд, Насоий, Ибн Хузайма ривояти.
Шаъбон — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ойлари ҳисобланади.
Ушбу ой ҳақида Аллоҳнинг Расули: «Шаъбон ойи менинг ойимдир», деганлар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқада икки ой кетма-кет рўза тутганларини кўрмадим», дедилар».
Термизий яхши санад билан ривоят қилган.
Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет келиши маълум, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шу икки ойнинг рўзасини тутган эканлар. Бундан ҳам Шаъбон ойи рўзасининг фазилатли эканлигини билиб оламиз.
Шаъбон ойида ибодат қилган, рўза тутган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтган, умуман ушбу ойнинг барча амалларини бажарган бандаларга улуғ мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳақда ҳадиси қуддисийда Аллоҳ таоло ишорат қилиб: «Қаранг, кўринг, менинг қулларим Расулимнинг ойи бўлмиш Шаъбон ойига қандай ҳурмат ва эътибор кўрсатяптилар. Жалолим ҳаққи, мен ҳам уларни авф этдим».
Роббимиз барчамизга Шаъбон ойини муносиб ўтказишимизга ёрдам берсин ва Рамазонга ҳам чиройли, гуноҳлардан пок ҳолатда етказсин!
Манба:
«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби.
«Ҳижрий 1442» тақвим.
Хуршид Маъруф тайёрлади
Сафар ойида тўй қилса, сафарга чиқса бўлади(ми?)
Сафар ойи қандай ой?
Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича (муҳаррамдан кейинги) йилнинг иккинчи ойидир.
Сафар қандай маънони англатади?
Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар صفر – “сариқ ой” деб номланган. Агар сафар сўзидаги “сод (ص)” ҳарфи “син (س)” билан ёзилса “сафарга чиқмоқ” деган маънони англатади.
Сафар ойи Исломдан олдинги жоҳилият даврида.
Жоҳилият даврида “Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди, оила қуриб бўлмайди” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирор ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, қайтадан учириб кўришар эди.
Ислом дини келгандан кейин сафар ойи – “Яхшилик ойи” деб номланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ”, дедилар.
Сафар ойи тўғрисидаги турли бидъат-хурофотлар рад этилди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари экани эълон қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойини қандай ўтказганлар?
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги “Масжидун Набавий”масжидларини сафар ойида қурганлар.
2. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар.
3. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар.
Демак, бу ойда янги иш бошлаш, оила қуриш ва сафарга қилиш жоиз экан.
Аммо, ҳозирги кунда...
Афсуски, бугунги кунда ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар тез-тез учраб туради. Уларнинг ҳеч қандай асоси йўқ экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва суннатларидан маълум бўлди.
Энг муҳими – бандага етадиган мусибат бирор ойга боғлиқ бўлмайди. Балки ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг изни билан содир бўлади. Тақдирга иймон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга иймон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло ақидамизни мустаҳкам, ҳидоятида бардавом қилсин. Сафар ойини барчамиз учун хайрли ва баракали бўлишини насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД