Бугун, 17 март куни Имом Мотуридий халқаро тадқиқотлар марказининг Халқаро илмий кенгашининг биринчи онлайн анжумани ўтказилиши режалаштирилган. Унда узоқ муддатли режалар муҳокамаси, Ислом дунёсида мўътадил таълимотларни тарғиб қилиш, жумладан, мотуридизмни ўрганиш, марказ фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш учун етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва экспертлар билан ҳамкорлик киради.
Жумладан, Марказ фаолиятида хорижий грантларнинг иштирокини муҳокама қилиш, Имом Мотуридий халқаро стипендияси уставини тасдиқлаш, Марказий кутубхонада Имом Мотуридий таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини тўплаш ва ўз электрон майдончасини яратиш режалаштирилган.
Халқаро илмий кенгаш конференциясида 50 дан ортиқ мамлакат вакиллари ва Афғонистон, Босния ва Герцеговина, Германия, Миср, Туркия, Иордания, Қозоғистон, Малайзия, Россия ва Ўзбекистондан илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда "Кабар" хабар беришича, Қирғизистондан Ўш Давлат университети илоҳиёт факультети декани доктор Зайдиндин Ажимаматов қатнашади.
Марказнинг Халқаро илмий кенгаши 2020 йил август ойида имом Мотуридий маркази фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, 22 нафар маҳаллий ва халқаро олимлардан иборат. Халқаро илмий кенгаш раиси - Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Бутундунё Ислом уюшмаси Таъсис мажлиси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси фахрий доктори Усмонхон Алимов.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бир ҳамсуҳбатимиз айтади: “Масжидда пешин ўқиб бўлганимиздан сўнг нуроний киши ёнимга келиб, “Қачондан бери намоз ўқийсиз?” деб сўради. “Гапираверинг-чи...” дедим. Намозни жуда тез ўқидингиз, бундай қилиш мумкин эмас. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамларнинг ичида энг ёмонлари намозидан ўғирлайдиганидир”, деганлар. Абу Қатода розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг Расули, намозидан қандай қилиб ўғрилик қилади?" деб сўраганларида у зот: "(Ўша ўғри) рукусини ҳам, саждасини ҳам, хузу ва хушусини ҳам тўлиқ қилмайди", деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти)”, деб менга танбеҳ берган бўлди.
Кейин ўтириб ўйладим: биз, йиғилишиб турадиган дўсту ёронлар жамоа бўлиб намоз ўқиганимизда мен ҳамиша ҳаммадан ортда қолиб кетаман. Ҳатто витр вожибнинг учинчи ракатига турганимда улар салом айтиб бўлишади. Модомики, мен намозни шошқалоқлик билан ўқиётган бўлсам, уларнинг намози нима бўлаётган экан?..”
Дарҳақиқат, намозни тез ўқиш бор, шошқалоқлик билан ўқиш бор. Тез ўқиш маҳбуб амаллар сирасига киради. Инчунун, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаш енгил ва тугал намоз ўқийдиган имомнинг ортидан ҳеч намоз ўқиганим йўқ. У зот бувакнинг йиғисини эшитар ва унинг онаси фитнага учрамасин, деб намозини енгиллатар эдилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Бундан намозни вақтини чўзиб ҳам юбормасдан, шошқалоқликка ҳам йўл қўймасдан пухта ва енгил ўқиш лозимлиги аён бўлади. Ушбу мавзуга мисоллар кўп улардан бири қуйидаги воқелик:
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот: “Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган).
Шошқалоқлик билан намоз ўқиш эса номақбул амал саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг руку ва саждаси комил бўлмаган намозига боқмайди” (Имом Аҳмад ривояти), деганлар. Яна бир ҳадисда эса “Рукуъ ва саждада белига ором бермаган кишининг намози қабул бўлмайди” (Абу Довуд ривояти), деб таълим берганлар.
Яъни руку ва саждани комил қилиб, сажда чоғида белига ором бермаган намозда хушу ҳам, хузу ҳам бўлмайди. Намозини бу тартибда ўқиган кишининг ташвиши ибодатдан имкон қадар тезроқ фориғ бўлишдир. Буни фольклор намоз деса ҳам бўлади: ота-онаси, ён-атрофдагилар намоз ўқигани учун уларга эргашиб ўқиб юраверади. Ўзини ибодат вақтида Раббимизнинг қаршисида тургандек ҳис қилмайди, шунчаки вақти кирган вазифани наридан бери бажариб қўя қолади, холос.
Шундай экан, намозга диққатли бўлайлик, ахир Даргоҳи Олийга борганимизда биринчи бўлиб намоздан сўраламиз. Шунингдек, бизнинг энг катта сармоямиз намоз экан, уни муҳофаза қилайлик, азизлар.
Дамин ЖУМАҚУЛ