Бугун, 15 март, соат 9:30 да “Имом Бухорий меросининг ўзига хос-хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуман иштирокчиларини рўйхатга олиш якунланиб, анжуманнинг асосий қисми бошланди.
Анжуманга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов модераторлик қилмоқда.
Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг хайрли дуолари билан бошланди.
Дастлаб иштирокчиларга Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар тўғрисидаги махсус фильм намойиш этилди.
Шундан сўнг унда иштирок этаётган Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондаги диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллари навбат билан анжуман мавзусига доир маърузалар билан чиқиш қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
#Ҳаж_2025
Юртимизда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар Исломнинг барча рукнлари, хусусан, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этмоқдалар.
2016 йилда 5200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини адо этган бўлса, 2017 йилдан бундай шарафга эришганлар сони яна икки минг кишига кўпайиб, 7200 нафарга етди. 2022 йилда 12 мингдан зиёд, 2023–2024 йилларда эса 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмон ҳажни адо этди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз Исломнинг бешинчи рукнини адо этадилар, иншоаллоҳ.
Бугун Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида шу йил ҳажга борувчи гуруҳ раҳбарлари иштирокида илк йиғилиш бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра маркази бўлими бошлиғи Мақсуд Каримов қатнашган йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домда Юнусов кириш сўзи билан очиб бердилар.
Тадбирда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан бу йил элликбоши бўлиб ҳажга борувчи диний соҳа ходимлари иштирок этган бўлсалар, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидан борувчи гуруҳ раҳбарлари ZOOM платформаси орқали онлайн қатнашдилар.
Йиғилишда гуруҳ раҳбариларига ҳаж мавсумидаги муҳим вазифалар эслатилиб, уларга гуруҳлар аниқ бўлгач, зиёратчилар билан учрашиб, Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳажга пухта тайёргарлик кўришлари, эҳром боғлаш, ҳажнинг арконлари, шартлари, фарзлари, вожиб ва суннатларини атрофлича тушунтиришлари зарурлиги қайд этилди.
Аллоҳ таоло бу йилги ҳаж мавсумини юқори савияда ўтказишни насиб этсин. Ҳар бир зиёратчининг ҳажи мабрур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати