Шу йил 13-14 март кунлари Қоҳирада Миср Араб Республикаси Вақф ва Ислом ишлари вазирлиги ташкил этадиган “Динлар ва маданиятлар мулоқоти” мавзусидаги Ислом ишлари бўйича Олий Кенгашнинг 31-халқаро анжумани ўз ишини бошлайди.
Миср Араб Республикаси Вақф ва Ислом ишлари вазири, доктор Муҳаммад Мухтор Жума ушбу анжуманда 35 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши, унда илмий ишлар муҳокама қилиниши, маданият ва динлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган мавзуларда суҳбатлар олиб борилишини маълум қилди.
Анжуман доирасида Миср Вақфлар вазирлиги хорижий тилларга таржима қилган нашрлар тақдимоти бўлиб ўтади. Шунингдек, чет тилларини биладиган имом-хатибларни хорижга юбориш билан боғлиқ масалалар ўрганилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати