Хабар берганимиздек, бугун, 14 март куни Тожикистон ва Афғонистон делегацияси Самарқандда Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро анжуманда қатнашиш учун юртимизга келди. Мартабали меҳмонларни мамлакатимиз Диний соҳа раҳбарлари юқори даражада кутиб олдилар.
13 март куни юртимизга келган Афғонистонлик меҳмонлар дастлаб Имом Термизий мажмуасига ташриф буюриб, у кишининг мақбараларини зиёрат қилдилар. Шундан сўнг делегация вакиллари Термиздан Самарқанд шаҳрига етиб келдилар.
Юртимиз Диний соҳа вакиллари ҳамрохлигида Тожикистон ва Афғонистон делегацияси Самарқанд шаҳридаги диққатга савовор жойларни, жумладан, Регистон майдони, Гури амир мақбараси ҳамда Шоҳи Зинда мажмуасини зиёрат қилишди.
Зиёрат давомида Қуръон тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди. Меҳмонларга муборак қадамжолар, уларни обод қилиш ва келгуси авлодга бус-бутун етказиш бўйича юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг уч қардош халқ уламолари “Шоҳи Зинда” жоме масжидида пешин намозини ўқишиб, жамоат билан хайрли дуолар қилдилар.
Сафар жараёнлари ва анжуман ҳақидаги маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Наманган вилоятида фаолият юритаётган имом-ноиблар учун йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, маҳаллаларда фуқаролар билан мунтазам ишлашлик ва ёт ғоялар таъсирига берилмаслик, айниқса, ижтимоий тармоқлар имкониятидан оқилона фойдаланиш, унда айрим динни ниқоб қилиб олган кимсалар томонидан тарғиб этилаётган мазҳабсизлик, радикализм ва бошқа экстремистик ғоялардан ўзимизни ва фарзандларимизни ҳимоялаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳада эҳтиёжларини қондириш учун доимо изланиб, хизмат қилишларига алоҳида ўрғу берилди.
Учрашув мобайнида Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Олимжон Жўраев тўғри йўлдан адашганлар қисматини ўз ҳаётий мисоллари ва ёшларда ёт ғояларга қарши иммунитетини шакиллантиришнинг муҳим жиҳатлари ҳақида таъсирли суҳбат қилиб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати