Хабар берганимиздек, бугун, 14 март куни Тожикистон ва Афғонистон делегацияси Самарқандда Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро анжуманда қатнашиш учун юртимизга келди. Мартабали меҳмонларни мамлакатимиз Диний соҳа раҳбарлари юқори даражада кутиб олдилар.
13 март куни юртимизга келган Афғонистонлик меҳмонлар дастлаб Имом Термизий мажмуасига ташриф буюриб, у кишининг мақбараларини зиёрат қилдилар. Шундан сўнг делегация вакиллари Термиздан Самарқанд шаҳрига етиб келдилар.
Юртимиз Диний соҳа вакиллари ҳамрохлигида Тожикистон ва Афғонистон делегацияси Самарқанд шаҳридаги диққатга савовор жойларни, жумладан, Регистон майдони, Гури амир мақбараси ҳамда Шоҳи Зинда мажмуасини зиёрат қилишди.
Зиёрат давомида Қуръон тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди. Меҳмонларга муборак қадамжолар, уларни обод қилиш ва келгуси авлодга бус-бутун етказиш бўйича юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг уч қардош халқ уламолари “Шоҳи Зинда” жоме масжидида пешин намозини ўқишиб, жамоат билан хайрли дуолар қилдилар.
Сафар жараёнлари ва анжуман ҳақидаги маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Набий алайҳиссалом: "Ўзингиз яхши кўрган нарсани бировларга ҳам раво кўрмас экансиз, ҳеч бирингиз чин мўмин бўла олмайсиз", деганлар.
Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Биз Исломдан олдин бой бўлиш учун пулни йиғиш керак деб ўйлар эдик. Кейин билсак, бой бўлиш учун уни сарфлаш (эҳсон, садақа қилиш) керак экан".