Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Бугун, 14 март куни Ўзбекистон муслмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва бошқа мутасаддилар Самарқандга ташриф буюрган Тожикистон Республикаси делегациясини “Жартепа” чегара масканида кутиб олдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Самарқанд вилоятида бўлиб ўтадиган анжуманга Афғонистон Ҳаж ва Вақф ишлари вазири бошчилигидаги уламоларни Сурхондарё вилоятида кутиб олди.
Бугун меҳмонлар Самарқанд вилоятидаги муборак қадамжоларни зиёрат қиладилар.
Эслатиб ўтамиз, эртага 15 март куни бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондаги диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллар иштирок этади.
Сафар жараёнлари ва анжуман ҳақидаги маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Айни кунларда ҳаж сафарига киришган илк зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Мазкур меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни адо этиш, Равзаи шарифга кириш ва бир неча бор Расул алайҳиссаломга салом йўллаш саодатига эга бўлмоқда.
Меҳмонхонада ҳозирланган шароитлар барча ҳожиларимизни мамнун этмоқда. Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телевизор бор. Фойе, лифт ва хоналар кенг ва ёруғ.
Ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар яратилган. Бир неча минг кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган лазиз таомлар, салатлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Мазкур меҳмонхонада жойлашган Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби барча ташкилий ишларни рисоладагидек бўлиши учун 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Мавсум давомида ҳожиларимиз тетик, соғлом бўлишлари учун аввало, ўзлари, сўнгра тиббиёт ходимлари ҳам масъул. Бу йил ҳам ҳожиларимизнинг соғликларини доимий кузатиб бориш учун олий тоифали шифокорлар жалб этилган. Улар ҳамюртларимиз саломатликлари учун туну кун хизматда бўлиб туришибди.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар бермоқда. Тиббий хизмат марказларида муолажа учун керакли жиҳозлар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар мавжуд. Барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.
Жорий мавсумда ҳожиларимизга яна бир қулайлик ва туҳфа улашилди. Ўзбекистон алоқа оператори тарафидан бу йилги ҳар бир зиёратчига интернет трафиги ва бонусли дақиқалари мавжуд бўлган бепул телефон сим картаси, махсус сумка, термос, соябон ва бош кийим кабилар тақдим этилди.
Жорий мавсумда бўлғуси ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилгани ва шароитлар сезиларли даражада яхшилангани барчани чексиз мамнун этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати