23 - وَفَرْضٌ لاَزِمٌ تَصْدِيقُ رُسْلٍ وَأَمْلاَكٍ كِرَامٍ بِالنَّوَالِ
Маънолар таржимаси:
Расулларни ва инъомлар билан улуғланган фаришталарни тасдиқлаш лозим фарздир.
Назмий баёни:
Фарзу лозим эрур тасдиқлаш расулларни,
Ҳам инъомлар-ла шарафланган малакларни.
Луғатлар изоҳи:
فَرْضٌ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. Фарз калимаси луғатда “вазифа қилиб белгилаш” маъносига тўғри келади. Истилоҳда эса шак-шубҳасиз қатъи далил билан собит бўлган ҳукм фарз дейилади. Фарз икки хил бўлади:
لاَزِمٌ – лозим луғатда “зарур”, “керакли” маъноларига тўғри келади. Истилоҳда “маълум бир нарсадан ажралиши мумкин бўлмаган нарса лозим дейилади”. Масалан, 4 сонининг тенг 2 га бўлинишдан ажралиши ақлан мумкин эмас. Шунга кўра 4 сонининг тенг 2 га бўлиниши лозим ҳисобланади.
تَصْدِيقُ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Луғатда рост деб билиш, қалбан ишониш маъноларини англатади.
رُسْلٍ – музофун илайҳ. Назм зарурати учун ўртаси сукунли қилиб келтирилган. Аслида, رُسُلٍ дир.
وَ – мутлақ жамлаш учун келтирилган атф ҳарфи.
اَمْلاَكٍ – бу калима аслида, مَلَكٌ нинг эмас, балки مَلِكٌ нинг кўплик шаклидир. Лекин Нозим назм зарурати учун ушбу шаклда келтирган.
كِرَامٍ – бу калима كَرِيمٌ нинг кўплик шакли бўлиб, اَمْلاَكٍ га сифат бўлиб келган. كَرِيمٌ калимаси ҳар бир нарсанинг энг яхшисига ва рози бўлинадиган ва мақталадиган нарсаларга нисбатан ишлатилади.
بِ – “табъийз” (бўлакларга ажратиш) маъносида келган жор ҳарфи.
النَّوَالِ – жор ва мажрур كِرَامٍ га мутааллиқдир. Луғатда “тортиқ”, “ҳадя” каби маъноларни англатади.
Матн шарҳи:
Пайғамбарлар ва Фаришталарни тасдиқлаш ҳар бир мўмин кишига фарзи айн бўлганидан “фарзу лозим эрур” дея таъкидланди.
Аллоҳ таоло башариятга огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчи пайғамбарлар юборганига шак-шубҳасиз ишониш, иймон рукнларидан бири ҳисобланади. Пайғамбар сўзи араб тилида “расул” ёки “набий” деб ифодаланади. Бу икки исм ўртасида қуйидагича фарқ бор: Расул луғатда “элчи” “вакил” каби маъноларни англатади.
Истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан шариат ваҳий қилинган ва уни етказишга буюрилган инсон, расул деб аталади”.
Расулларнинг рисолатни етказишга буюрилганларига ушбу оятлар далилдир:
﴿ٱلَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَٰلَٰتِ ٱللَّهِ وَيَخۡشَوۡنَهُۥ وَلَا يَخۡشَوۡنَ أَحَدًا إِلَّا ٱللَّهَۗ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ حَسِيبٗا٣٩﴾
“Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундан қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир”[1].
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилинган:
﴿۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلرَّسُولُ بَلِّغۡ مَآ أُنزِلَ إِلَيۡكَ مِن رَّبِّكَۖ وَإِن لَّمۡ تَفۡعَلۡ فَمَا بَلَّغۡتَ رِسَالَتَهُۥۚ وَٱللَّهُ يَعۡصِمُكَ مِنَ ٱلنَّاسِۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٦٧﴾
“Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлар (зарари)дан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас”[2].
Набий сўзи луғатда, “баланд бўлмоқ”, “маълумот”, “хабар”, “янгилик” каби маъноларни англатади.
Истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан шариат ваҳий қилинган, лекин уни етказишга масъул қилинмаган инсон, набий деб аталади”.
“Расуллик мартабаси набийлик мартабасидан олий ҳисобланади. Чунки барча расуллар набий ҳам саналади, аммо набийлар расул саналмайди. Пайғамбарларнинг адади аниқ маълум эмас. Аммо баъзи асарларда уларнинг ададлари 120 мингдан ортиқ экани хабар берилган. Расулларнинг адади оздир. Қуръони каримда зикр қилинганларига батафсил иймон келтириш вожиб бўлади, улар 25 та бўлиб, барчалари расулдирлар” [3].
Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар
Қуръони каримда 25 нафар пайғамбарларнинг номлари зикр қилинган:
Анъом сурасида 18 нафар пайғамбар алайҳиссаломларнинг номлари кетма-кет зикр қилинган:
﴿وَتِلۡكَ حُجَّتُنَآ ءَاتَيۡنَٰهَآ إِبۡرَٰهِيمَ عَلَىٰ قَوۡمِهِۦۚ نَرۡفَعُ دَرَجَٰتٖ مَّن نَّشَآءُۗ إِنَّ رَبَّكَ حَكِيمٌ عَلِيمٞ٨٣ وَوَهَبۡنَا لَهُۥٓ إِسۡحَٰقَ وَيَعۡقُوبَۚ كُلًّا هَدَيۡنَاۚ وَنُوحًا هَدَيۡنَا مِن قَبۡلُۖ وَمِن ذُرِّيَّتِهِۦ دَاوُۥدَ وَسُلَيۡمَٰنَ وَأَيُّوبَ وَيُوسُفَ وَمُوسَىٰ وَهَٰرُونَۚ وَكَذَٰلِكَ نَجۡزِي ٱلۡمُحۡسِنِينَ٨٤ وَزَكَرِيَّا وَيَحۡيَىٰ وَعِيسَىٰ وَإِلۡيَاسَۖ كُلّٞ مِّنَ ٱلصَّٰلِحِينَ٨٥ وَإِسۡمَٰعِيلَ وَٱلۡيَسَعَ وَيُونُسَ وَلُوطٗاۚ وَكُلّٗا فَضَّلۡنَا عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ٨٦﴾
“Ана ўшалар, Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи Зотдир. Ва Биз унга (Иброҳимга) Исҳоқ ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни ҳам (ҳидоят қилдик). Чиройли иш қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз. Ва Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир. Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик”[4].
Қолганларининг номлари эса Қуръонда турли ўринларда зикр қилинган:
﴿وَإِلَىٰ عَادٍ أَخَاهُمۡ هُودٗاۚ ﴾
“Од (қабиласи)га биродарлари Ҳудни (пайғамбар этиб юбордик)”[5].
﴿۞وَإِلَىٰ مَدۡيَنَ أَخَاهُمۡ شُعَيۡبٗاۚ ﴾
“Мадян (қавми)га биродари Шуайбни (элчи – пайғамбар этиб юбордик)”[6].
﴿۞إِنَّ ٱللَّهَ ٱصۡطَفَىٰٓ ءَادَمَ وَنُوحٗا وَءَالَ إِبۡرَٰهِيمَ وَءَالَ عِمۡرَٰنَ عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ٣٣﴾
“Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон авлодларини оламлар узра (пайғамбарлик учун) танлади”[7].
﴿وَإِسۡمَٰعِيلَ وَإِدۡرِيسَ وَذَا ٱلۡكِفۡلِۖ كُلّٞ مِّنَ ٱلصَّٰبِرِينَ٨٥﴾
“Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир”[8].
﴿مُّحَمَّدٞ رَّسُولُ ٱللَّهِۚ ﴾
“Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир”[9].
Муҳаммад Али Собуний “Нубувват вал анбия” (Пайғамбарлик ва пайғамбарлар) китобида Қуръони каримда зикр қилинган пайғамбарлар ҳамда уларларнинг хусусиятлари ҳақида батафсил баён қилган.
Пайғамбарларга иймон келтириш тушунчаси
Пайғамбарларга иймон келтириш ҳамда уларни тасдиқлаш қуйидаги тушунчаларни ўз ичига олади:
– Барча пайғамбарлар башариятни Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириш учун юборилган;
– Барча пайғамбарлар ўзларига топширилган вазифаларни тўла-тўкис адо этган;
– Барча пайғамбарларга итоат этиш ва бирортасига ҳам қарши чиқмаслик вожибдир. Чунки уларга итоат этиш Аллоҳга итоат этиш ҳисобланади;
– Барча пайғамбарлар инсониятнинг энг ростгўйлари, энг хулқи гўзаллари, илм жиҳатидан ҳам, амал жиҳатидан ҳам энг афзали бўлганлар;
– Барча пайғамбарлар эркак жинсидан бўлганлар, фаришталардан ҳам, аёллардан ҳам бўлмаганлар;.
– Аллоҳ таоло бирор пайғамбарни инсоният табиатидан бошқа табиат билан хосламаган. Уларнинг барчалари оддий инсонлар каби еб-ичадиган, бозорда юрадиган, ухлайдиган, куладиган ва азиятларга учрайдиган кишилар бўлганлар.Улар касал ҳам бўлган, ҳатто баъзилари ноҳақ қатл ҳам этилган. Инсонга етиши мумкин бўлган азиятлар уларга ҳам етган, бироқ бу нарсаларнинг бирортаси уларнинг олий мартабаларига нуқсон етказмаган;
– Аллоҳ таоло пайғамбарларни Ўзининг ҳақиқий элчилари эканларини тасдиқлаб, уларни мўъжиза билан қўллаб-қувватлаган;
– Пайғамбарларнинг энг афзали Муҳаммад алайҳиссаломдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:
فُضِّلْتُ عَلَى الاَنْبِيَاءِ بِسِتٍّ اُعْطِيَتُ جَوَامِعَ الْكَلِمِ وَ نُصِرْتُ بِالرُّعْبِ وَ اُحِلَّتْ لِى الْغَنَائِمُ وَ جُعِلَتْ لِى الاَرْضُ مَسْجِدًا وَ طَهُورًا وَ اُرْسِلْتُ اِلَى الْخَلْقِ كَافَّةً وَ خُتِمَ بِى النَّبِيُّونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِرْمِذِىُّ
“Пайғамбарлардан олти нарсада афзал кўрилдим:
Пайғамбарларнинг умумий адади ҳақида эътиқодимиз
Мотуридия мазҳабининг мўътабар уламоларидан бўлган Нажмиддин Умар Насафий “Ақоидун Насафия” асарида пайғамбарларнинг умумий адади ҳақида шундай деган:
وَقَدْ رُوِيَ بَيَانُ عَدَدِهِمْ فِى بَعْضِ الْاَحَادِيثِ وَالْاَوْلَى اَنْ لاَ يُقْتَصَرَ عَلَى عَدَدٍ فِى التَّسْمِيَةِ فَقَدْ قَالَ اللَّهُ تَعَالَى ﮋ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞﮊ وَلَا يُؤْمَنُ فِى ذِكْرِ الْعَدَدِ أَنْ يُدْخِلَ فِيهِمْ مَنْ لَيْسَ مِنْهَمْ اَوْ يُخْرِجَ مِنْهُمْ مَنْ هُوَ فِيهِمْ
“Албатта, баъзи ҳадисларда уларнинг ададлари баёни ривоят қилинган. Афзалроғи уларни маълум ададга чекламасликдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик”[10], – деган. (Шунга кўра) адад зикр қилинса, улардан бўлмаганни улар сафига киритиб қўйиш ёки улардан бирини улар сафидан чиқариб юбориш (эҳтимоли)дан омонда бўлинмайди”.
Ушбу ўринда пайғамбарларнинг адади ҳақидаги машҳур саволнинг жавобини билиб қўйиш лозим бўлади. Яъни “пайғамбарларнинг адади ҳақида ҳадиси шарифда хабар берилган бўлса, ўша ҳадисда айтилган ададни тайин қилиш вожиб бўлмайдими? Агар вожиб бўлмайди, дейилса, ҳадисда баён қилинган нарсага эътиқод қилиш вожиб эмас деган гап бўлиб қолади-ку, буни қандай тушуниш мумкин?
Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар:
– мазкур ҳадис мақбул ҳадис бўлган тақдирда ҳам “хабару воҳид” ҳисобланади. “Хабару воҳид” эса эътиқодий қатъиликни ифодаламайди, балки “зон”ни ифодалайди. “Зон” билан эса қатъи эътиқод собит бўлмайди;
– мазкур ҳадис қатъиликни ифодалаган тақдирда ҳам, пайғамбарларнинг адади ҳақидаги ривоятлар қувватлари бир хил бўлгани учун ўзаро таоруз (қарама-қарши) бўлиб қолган;
– “Хобарул воҳид”нинг мақбул бўлиш шарти Қуръоннинг зоҳирига зид бўлмаслик керак. Мазкур ҳадис эса “улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик” маъносидаги оятга зоҳиран зид бўлиб қолган.
Шунинг учун пайғамбарларнинг адади ҳақида гапирилганда уларни маълум бир ададга чекламасдан Аллоҳ таоло қанча пайғамбар юборган бўлса, барчасига иймон келтирдим, дейилади.
Фаришталарга иймон келтириш тушунчаси
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ сўзларининг давомида “ҳам инъомлар-ла шарафланган малакларни” дея фаришталарни тасдиқлаш ҳам фарзу лозим эканини баён қилган. Фаришталар Аллоҳ таолога исён қилмайдиган, инсонлар нафас олишдан чарчамаганлари сингари улар ҳам тоат-ибодатдан чарчамайдиган зотлардир. Улар эркаклик билан ҳам, аёллик билан ҳам васф қилинмайди. Уларнинг жисмлари нурдан яратилган бўлиб, турли шаклларга кира олиш салоҳиятига эгадирлар. Улар мазкур имтиёзлардан ташқари ҳам кўплаб фазилатлар берилган ҳурматли зотлардир.
Фаришталарнинг борлигига қатъи ишониш иймон рукнларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам фаришталарга иймон келтириш ҳақида жуда кўплаб хабарлар келган:
﴿ءَامَنَ ٱلرَّسُولُ بِمَآ أُنزِلَ إِلَيۡهِ مِن رَّبِّهِۦ وَٱلۡمُؤۡمِنُونَۚ كُلٌّ ءَامَنَ بِٱللَّهِ وَمَلَٰٓئِكَتِهِۦ وَكُتُبِهِۦ وَرُسُلِهِۦ ﴾
“Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) иймон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига (ҳаммасига) иймон келтирди”[11].
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَارِزًا يَوْمًا لِلنَّاسِ فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَقَالَ مَا الْإِيمَانُ قَالَ الْإِيمَانُ أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكِتَابِهِ وَلِقَائِهِ وَرُسُلِهِ، وَتُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ. أَخْرَجَهُ الْبُخَارِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамларнинг олдиларига чиқиб турган эдилар. Бир киши у зотнинг ёнларига келди ва: “Иймон нима?”, – деб сўради. У зот: “Иймон – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобига, Унга йўлиқишга, Унинг пайғамбарларига ва қайта тирилишга ишонмоғингдир”, – дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.
Фаришталарга иймон келтиришнинг
мўмин ҳаётидаги таъсири
Фаришталарга иймон келтириш мўмин-мусулмонларнинг ҳаётида улкан таъсирга эга бўлиб, ундан кўплаб манфаатлар ҳосил бўлади:
– Фаришталарнинг бандалар қилаётган ҳар бир ишини кузатиб, ёзиб бораётганларига аниқ ишонган киши доимий равишда кузатувда эканини ҳис этади ва инсонлар кўрмаётган пайтларда ҳам гуноҳ ишларни қилишдан ҳаё қилиб қолади;
– Қийинчилик пайтларида ҳам сабр қилиши осон бўлади. Чунки у чекаётган машаққатларини ҳар доим ўзи кўрмаётган фариштанинг ёзиб бораётганини, унинг ҳаққига Роббисидан истиғфор сўраб турганини билиб туради.
Фаришталар қачон яратилган?
Фаришталар Одам алайҳиссаломдан олдин яратилган ҳисобланади. Бунга ушбу оят далолат қилади:
﴿وَإِذۡ قَالَ رَبُّكَ لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٞ فِي ٱلۡأَرۡضِ خَلِيفَةٗۖ قَالُوٓاْ أَتَجۡعَلُ فِيهَا مَن يُفۡسِدُ فِيهَا وَيَسۡفِكُ ٱلدِّمَآءَ ﴾
Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: “Мен Ер юзида халифа қилмоқчиман”, – деди. Улар: “Унда (Ерда) фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан?”[12].
Ушбу оят тақозосига кўра ҳали инсон яратилмасидан илгари фаришталар яшаганлар ва Аллоҳ таоло Одамни яратишини хабар берганида улар таажжубланиб мазкур гапни айтганлар. Инсонларнинг бузғунчилик қиладиган ва ноҳақ қонлар тўкадиган мавжудот бўлишини фаришталар қаердан билганлар, улар ғайбни билмайдилар-ку, деган саволга бир қанча жавоблар берилган:
Фаришталарни асл қиёфаларида кўриш мумкинми?
Уламолар инсонларнинг фаришталарни кўришлари мумкинлиги ҳақида шундай деганлар: “Фаришталар нурдан яратилганлари сабабли уларни асл қиёфаларида кўришга башарнинг тоқати етмайди. Шунинг учун асл қиёфаларидан инсон кўринишига ўтганларидан кейингина инсонлар уларни кўришлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни асл кўринишларида икки марта кўрганлари эса у зотнинг ўзларига хос хусусият ҳисобланади”.
Фаришталарнинг ададлари қанча?
Фаришталар жуда кўп бўлиб, уларнинг адади қанча эканини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай баён қилинган:
﴿ وَمَا يَعۡلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَۚ ﴾
“Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас”[13].
Шунингдек, ҳадиси шарифларда “Байтул маъмур” (Каъбанинг тепасида, еттинчи осмонда фаришталар тавоф қиладиган уй)ни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилиши ва ададлари кўплигидан бир марта тавоф қилганлари қайта тавоф қила олмасликлари хабари берилган.
Фаришталар ухлайдиларми?
Фаришталарда ухлаш ва чарчаш сингари инсонлар ва бошқа жониворларга хос сифатлар бўлмайди. Бунга қуйидаги оят далолат қилади:
﴿يُسَبِّحُونَ ٱلَّيۡلَ وَٱلنَّهَارَ لَا يَفۡتُرُونَ٢٠﴾
“Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар”[14].
Яъни фаришталар доимий равишда ибодат билан машғул бўлиб турадилар. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, инсонлар нафас олишдан чарчаб қолиб "бир оз дам олиш"га асло тўхтамаганларидек, фаришталар ҳам ибодат қилишдан асло тўхтамайдилар.
Фаришталар гўзал суратда бўладиларми?
Фаришталар ниҳоятда гўзал суратда яратилган махлуқотлар ҳисобланади. Бунга қуйидаги оятда далолат бор:
﴿عَلَّمَهُۥ شَدِيدُ ٱلۡقُوَىٰ٥ ذُو مِرَّةٖ فَٱسۡتَوَىٰ٦﴾
“У (Муҳаммад)га шиддатли қувват эгаси таълим берди. Миррат эгаси кўтарилди”[15].
Ушбу оятдаги “Зу мирротин” сўзини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу “гўзал кўриниш эгаси”, деб тафсир қилган.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Фаришталарнинг вазифалари:
Фаришталар вафот этадиларми?
[1] Аҳзоб сураси, 39-оят.
[2] Моида сураси, 67-оят.
[3] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 17.
[4] Анъом сураси, 83, 86-оятлар.
[5] Ҳуд сураси, 50-оят.
[6] Ҳуд сураси, 84-оят.
[7] Оли Имрон сураси, 33-оят.
[8] Анбиё сураси, 85-оят.
[9] Фатҳ сураси, 29-оят.
[10] Ғофир сураси, 78-оят.
[11] Бақара сураси, 285-оят.
[12] Бақара сураси, 30-оят.
[13] Муддассир сураси, 31-оят.
[14] Анбиё сураси, 20-оят.
[15] Нажм сураси, 5, 6-оятлар.
Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари
«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларинииг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.
Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир.
Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган хошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.
Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лаҳмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.
Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Фуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.
Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавок ва бошқалар ҳам бор.
Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:
«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.
Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.
Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.
Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.
«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.
Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.
Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.
Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.
Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Химс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.
Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули!
Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.
Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Оснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Зориёт сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.
Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: "Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади".
Кейинги мавзу:
Ўлганларга атаб Қуръон тиловат қилишнинг ҳукми;
Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф.