2015 йилда Мичиган штатидаги олтита шаҳардан тўрттаси мусулмонлардан иборат бўлган ва Америка тарихида илк маротаба шаҳар кенгашининг кўпчилик аъзолари мусулмон бўлган.
Мусулмон аҳолиси билан машҳур бўлган Мичиган ҳудуди 2021 йилга келиб АҚШнинг олтинчи йирик штатига айланди (биринчиси Иллинойс штати).
Мичиган штатидаги Хамтрамк - Шимолий Америкада ва АҚШда мусулмонлар яшайдиган биринчи шаҳар ҳисобланади. 2010 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, шаҳар аҳолиси 22423 кишини ташкил этган. Хамтрамк Мичиган штатининг энг гавжум шаҳарларидан биридир.
Хамтрамк йигирманчи асрда Полша-Америка ҳаёти ва маданиятининг маркази сифатида танилган эди, аммо сўнгги 30 йил ичида шаҳарга, айниқса Яман ва Бангладешдан янги муҳожирлар кириб келди. Натижада шаҳар тузилиши тубдан ўзгариб кетди.
1970 йилда аҳолининг 90 фоизи полшаликлар эди, аммо бугунга келиб Мичиган штатининг бой ҳудудларида иммиграция сабаб аҳолининг атиги 11 фоизини поляклар ташкил этади холос.
Бугунги кунда Хамтрамк шаҳри кўплаб муаммолардан азият чекмоқда. Шаҳарда бир нечта автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган заводларнинг ёпилиши бир неча юзлаб аҳолининг ишсиз қолишига олиб келди. Иқтисодий вазият аҳолининг тахминан 49,1% статистик мезонларга кўра, камбағал деб таснифланган. Оқибатда бу Хамтрамкни Мичиганнинг энг қашшоқ шаҳрига айлантирди.
Freep маълумотлар базасида ёзилишича, ҳозирда поляклардан кейин босниялик мусулмон муҳожирлар шаҳарда энг кўп европалик иммигрантларни ташкил қилади. 2015 йилда Хамтрамк шаҳар кенгашининг олтитасидан тўрттаси мусулмон бўлган ва Америка тарихида биринчи марта шаҳар кенгашларининг кўпчилиги мусулмон бўлган.
Кейинги миграция тўлқинларига албанлар, македонияликлар ва украинлар кирган. 2001 йилга келиб Бангладеш, Босния ва Ироқдан кўплаб халдей насронийлари шаҳарга кўчиб келишди. 2011 йилга келиб, Хамтрамк аҳолисининг тахминан бешдан бир қисмини осиёлик ташкил этарди. (Жануби-ғарбий осиёликлар бундан мустасно). 2003 йилдан бери Хамтрамк шаҳрида 30 дан ортиқ тилларда сўзлашув жараёни амалда ва аҳоли тўртта динга амал қилиб келмоқда. Ислом, насронийлик, ҳиндуизм ва буддизм.
2000 йилларда шаҳарда расмий равишда фаолият олиб юритаётган масжидда азон чақирилиши учун шаҳар кенгашидан рухсат сўралган. Бироқ мусулмонлар ва диний фаоллар масжидни қўллаб-қувватласа-да, баъзи динга қарши фаоллар бу даъватга қарши чиқишди. 2004 йилда шаҳар кенгаши бир овоздан масжидларда азонни оммавий равишда эфирга узатиш ҳуқуқини берди ва АҚШнинг кам сонли шаҳарларидаги масжидда азон садоси янгради. Айни пайтда шаҳарда 4 та масжид мавжуд.
Хуршид Маъруф тайёрлади
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.