Туркиянинг Коня вилоятида яшайдиган уч фарзанднинг онаси Жоҳида Шан 42 ёшида қориялик бахтига мушарраф бўлди.
У бошланғич мактабни тамомлагач, анча йилгача таълимни давом эттира олмаган. Турмуш ўртоғининг ва фарзандларининг қўллаб-қувватлаши билан аввалига ўрта мактаб ва лицейни сиртдан тамомлади, кейин эса ижтимоий фанлар ва илоҳиёт касб-ҳунар олий мактабларида ўқиди. Қирқ ёшида эса Қуръони каримни ёдлашга қарор қилиб, уйлари яқинидаги Қуръон курсига қатнай бошлади.
«Аллоҳ 42 ёшда қорияликни насиб қилди. Жуда ҳам хоҳлагандим. Қарийб 2 йил давом этди. Уй ишлари ва бошқа ишлар билан қийналиб қолган пайтларим бўлди, турмуш ўртоғим ва болаларим ҳар доим қўллаб-қувватлашди. Жуда ҳам хурсандман», – дейди Жоҳида Шан.
azon.uz
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати