Заиф сўзи луғатда: исми фоил бўлиб, ўзаги ضعف يضعف)) феьли, бешинчи бобдан олинган.
Заиф сўзининг антоними "қувватли" деган маьнода келади. Заиф бўлди иборасининг маьноси: кучи ёки соғлиғи йўқолди, вазни йуқолди, бетоб бўлди. Заиф сўзининг кўплиги зуафо, зуъфо, зиъоф шаклида келади.
Заиф ҳадис муҳаддислар истилоҳида: бир неча маъноларда шарҳланган. жумладан:
Заиф ҳадис кўп қисмларга бўлинади. Ҳадисда қабул қилинадиган шарт ва сифатлар топилмаса, мурсал ё мунқотеъ ё мўъзал ё муааллақ ё мудаллас,агар ҳадиснинг сиртдан иллати билинмаса,у ҳолда муаллал ҳадис дейилади.
Шу тарзда Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ал-Бустий заиф ҳадисларни 49 қисмга ажратган. Заиф ҳадислар бир хил даражада қиёсланмайди. Мурсал[1], Мунқотеъ[2], Мўъзал[3], Муаллаққа[4] ўхшаш, заиф ҳадислар ровийсининг заифлиги ё ровийнинг ёдлаш қобилиятини сустлиги билан бошқасидан ажралиб туради.
Мақлуб[5], Мусаҳаф[6], Муддараж, Шозз[7], Музториб[8] ҳадислар юқоридаги ҳадислардан ҳам заифроқ ҳисобланади. Мункар[9], Матрук[10], Муъаллал[11] ҳадислар заиф ҳадисларнинг энг қуйи пағонаси ҳисобланади. Ҳатто айрим заиф ҳадислар тўқима ҳадислар сирасига кириб, баьзи муҳаддислар бу турдаги ҳадисларни ҳадислар сонига қўшмайди. Ровийнинг ёдлаш қобилиятини сустлиги ё ровийнинг номаълумлиги ё ҳадиснинг санадининг узулиши сабабли заиф саналган ҳадислар, мутобеь ва шоҳид ҳадислар билан қувватлантирилади.
Натижада заиф ҳадис бошқа йўллар билан ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилади. Ровийнинг фисқ ва ёлғонга мойиллиги жиҳатидан заиф саналган ҳадислар, бошқа ҳадислар билан қувватланирилмайди. Ва бу турдаги ҳадисларни ҳасан ҳадис даражасига кўтариш тавсия этилмайди.
Фахритдин ХУДОЙНАЗАРОВ,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими.
[1] Мурсал ҳадис – санадининг охиридан тобеъиндан кейин бирорта ровий тушиб қолган ҳадис.
[2] Мунқотеъ ҳадис – санади муттасил бўлмаган, яъни уланиб келмаган, кесилиши бор ҳадис.
[3] Мўъзал ҳадис – санадидан икки ва ундан ортиқ ровий кетма–кет тушиб қолган ҳадис.
[4] Муаллақ ҳадис – санадининг аввалида битта ёки ундан кўп ровий кетма–кет тушириб қолдирилган ҳадис.
[5] Мақлуб – ҳадис санадида ёки матнида бир лафзнинг ўрнига бошқасини келтириш, аввал ёки охирига суриб қўйиш ва шунга ўхшаш ишлар.
[6] Мусаҳҳаф – ҳадисдаги сиқа ровийлар ривоят қилган бир сўзнинг лафзини ёки маъносини алмаштириб қўйиш.
[7] Шозз ҳадис – ҳадиси мақбул бўлган одам ўзидан кўра яхшироқ ровийга мухолиф равишда ривоят қилган ҳадис.
[8] Музториб ҳадис – турли йўллар ила баён қилинган ва қуввати тенг бўлган ривоят.
[9] Мункар – санадида катта хатоси бўлган ёки ғафлати кўпайган ёҳуд фисқи зоҳир бўлган ровий бор ҳадис.
[10] Матрук ҳадис – санадида ёлғончиликда айбланган ровийси бор ҳадис.
[11] Муъаллал – сиртдан қаралганда иллати билинмайдиган, лекин саҳиҳлигига футур етказадиган иллати топилган ҳадис.
Савол: Қуръони карим оятлари ёзилган қоғозларни ерга ташлаш ёки улардан мева-чева, писта-бодом ва шунга ўхшаш нарсаларни ўрашда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга динимизнинг муносабати қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони карим оятлари, ҳатто унинг бошқа тилга ўгирилган таржимаси ёзилган варақлардан сиз айтган ҳолатларда фойдаланиш нотўғри, балки оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу Қуръони каримни таҳқирлаш ва хорлаш демакдир. Бундай ишларни қасддан қилган киши иймонидан айрилади. Қуръони каримни улуғлаб эҳтиром қилиш, таҳоратсиз ҳолда ушламаслик, ножўя жойларга қўймаслик динимизнинг қатъий талабидир. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Барча мусулмонлар Қуръон мусҳафини асраш ва уни ҳурмат қилиш фарз эканига ижмо (иттифоқ) қилишган. Бизнинг мазҳаб уламолари ва бошқалар ҳам бундай дейишган: "Агар бир мусулмон Мусҳафни ахлатхонага ташласа, у бу амали билан кофир бўлади (Аллоҳ сақласин)!” (“Ат-Тибён” китоби).
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Қуръони каримни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг эътиқодий бурчидир. Қуръон саҳифаларини ҳар қандай ножўя мақсадда ишлатиш, уни камситиш — Аллоҳнинг Каломига нисбатан очиқ беҳурматлик бўлиб, бу иш катта гуноҳ бўлиши билан бирга иймондан айирувчи разил амалдир. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.