Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кишининг саодати ҳисобланадиган беш нарса бор . Улар:
Зикр қилинган беш ҳислатнинг барчасининг ўртасида бир-бири билан узвий боғлиқлик мавжуд. Ўгитда айтилганидек, қайси кишида мана шу беш нарсанинг ҳаммаси мужассам бўлса демак, у дунёдаги энг бахтли инсон ҳисобланади. Зеро, турмуш ўртоғи билан табиатлари бир-бирига мос келмайдиган бўлишини дунёда ҳеч ким истамайди. Агар шундай бўлиб чиққан тақдирда ҳам мослашишга ҳаракат қиладилар. Бунинг уддасидан чиқолмаган оила ё сабр қилади ёки бахтни ҳис қилмай яшашга ҳам рози бўлади ёхуд ажрашиб кетади. Ўгитда айтилганидек, эр-хотиннинг бир-бирига мувофиқ бўлиши, халқимиз таъбири билан айтганда юлдузи юлдузига тўғри келиши айни саодатнинг биридир.
Шунингдек фарзандлар одоб-ахлоқли, иймон-эътиқодли, солиҳ бўлсалар, уларнинг ҳар бири ютуғи билан ота-она фахр осмонида парвоз этади, шундай фарзандларни ато қилган Яратганга беҳисоб шукроналик ҳисси ва саодат билан яшайдилар. Аммо фарзандлар ноқобил чиқса, ҳар қадамда улар туфайли кўнгилсизликлар, маломатлар юз бераверса, ахлоқсизлик билан оқпадар бўлиб қолсалар, ота-она учун дунё қоронғу бўлиб кетади. Кишининг оиласидан кўнгли тўқ, лекин дўстлари иймону виждондан йироқ бўлса (аслида бу каби кимсалар ҳақиқий дўстлик нималигани билмайди), оиласидаги фаровонлик ҳам татимайди. Ҳаётда дўстларининг касрига қолиб юзи қора бўлганлар оз эмас. Оддий мисол бугунги кунда мактабнинг юқори синф ўқувчилари орасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилаётганлар кўзга ташланиб қолаяпти. Эътибор берсангиз, улар ёлғиз эмас, баъзан синфи(гуруҳи)нинг талайгина аъзолари бўлиб чиқади. Барчасини шу иллатга мубтало бўлаётганида улар орасидаги “дўстлар”нинг чорлови катта роль ўйнаётганига шубҳа йўқ. Демак битта “яхши дўст”нинг “шарофати” билан чекишни, кейинчалик маст қилувчи ичмликлар ичишни “ўзлаштиради” ва у туфайли давом этадиган кўп кўнгилхираликлар ҳатто жиноятгача бўлган масофани бирга босиб ўтадилар. Минг афсус, баъзилари дўстликни фақат шулардан иборат деб, ўйлашади.
Бунинг акси ўлароқ дўстлар Аллоҳдан тақво қиладиган, ҳалол, инсофли, диёнатли бўлса нақадар бахт. Дўстларнинг шарофати билан катта ютуқ ва обрўга эга бўлаётганлар ҳам жуд кўп. Халқимиз орасида “Сен дўстингни кимлигини айт, мен сени кимлигингни айтаман” қабилидаги ҳикматлар, кишининг атрофидагилардан таъсирланиши ҳақидаги хулосалардир.
Дўстларингиз рисоладагидек бўлсада, улар билан ҳар куни, ҳар соат бирга бўлавермайсиз. Ҳар вақт сиз билан ёнма-ён умр ўтказадиган яна бир тоифа инсонлар борки, уларни қўшнилар деб атаймиз. Динимиз кўплаб оятларда очиқ-равшан қўшниларга фақатгина яхшиликни раво кўриш ҳақида кўрсатма беради ҳамда улар томонидан азиятлар бўлса, сабр қилишга буюради.
Ҳадиси шарифларда ҳам бу ҳақида алоҳида тавсиялар бор. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Оиша онамиздан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Жаброил доимо менга қўшнига яхшилик қилишга буюраверганидан охир оқибат уни меросхўр қилиб қўяди, деб ўйлаб қолдим” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Агар қўшнилар шариат чизгисини тасвирлагандай солиҳ, яхши қўшнилар бўлса, ҳар кунингиз, ҳар соатингиз осуда ўтади. Зеро, қўшнинг тинч-сен тинч, деб бежиз эътироф этилмаган.
Яна бир саодат белгиси бу - Аллоҳ киши ризқини ўз юртида қилиб қўйишидир. Бу айтилган саодат турини ҳақиқий мазасини ватандан, оиласидан йироқларда меҳнат қилаётган одамлар жуда яхши хис қиладилар. Касбингиз ўз юртингизда бўлиши, эрталаб ишга оилангиз қучоғидан чиқиб, кечга яна аҳлингизга қайтиб келиш нақадар бахтдир. Буни тўлиқ англаш учун жуда катта ақл, фаҳм шарт эмас, барча бирдай биладиган ҳақиқатдир.
Аллоҳ барчамизни соадати мукаммал бўлган инсонлардан айласин!
Ёқуб Бухарбаев
Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
Тошкент вилояти Чаноқ масжиди имом хатиби
[1] تفسير حقي - (10 / 75) قال على رضى الله عنه من سعادة الرجل خمسة ان تكون زوجته موافقة واولاده ابرارا واخوانه اتقيا وجيرانه صالحين ورزقه فى بلده
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.