Дубайдаги хусусий такси хизмати ҳайдовчиси Муҳаммад Урфон Муҳаммад Рафиқ йўловчига машинада унутиб қолдирган 900 минг дирҳам (246 минг АҚШ доллари) пулни қайтариб берди. У топилмани яқин Bur Dubai Police Station полиция участкасига топширди.
Милиция бўлими бошлиғи Абдуллоҳ Хадим Сурур ҳайдовчини ҳалоллиги учун мақтади, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларига берган ёрдами ва ҳамкорлиги учун унга ташаккурнома хатини топширди.
Islam.ru маълумотларига кўра, ҳар йили таксичилар ўз автомобилларида катта миқдорда нақд пул, юзлаб электрон қурилмалар, мобиль телефонлар ва заргарлик буюмларини топишади.
Агентликнинг қайд этишича, таксичилар ҳалоллик ва ҳамкорликка тайёр эканликларини кўрсатишган, натижада деярли барча нарсалар (99,9%) йўқолгани ҳақида арз қилган шахсларга қайтарилган, дея хабар бермоқда Khaleej Times.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
— Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
— Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
— Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!
Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ