Бугун, 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида интернет кузатувчилари ўртасида ўтказилган “Йил танлови – 2020” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Диний идора масъул ходимлари, имом домлалар ва меҳмонлар қатнашди.
Танлов натижаларига кўра, “Энг обод масжид” ва “Йил имоми” йўналишлари бўйича қуйидаги кўп овоз олган номзодлар ғолиб деб топилди.
“Энг обод масжид” йўналиши:
1-ўрин. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжиди;
2-ўрин. Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжиди;
3-ўрин. Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги “Рамазон қори” жоме масжиди.
“Йил имоми” йўналиши:
1-ўрин. Андижон вилояти Балиқчи тумани “Оққўрғон” жоме масжиди имом-хатиби Рустамжон Ҳамидов;
2-ўрин. Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов;
3-ўрин. Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани “Қўчқор ота” жоме масжиди имом-хатиби Солиев Муҳаммаджон.
Аллоҳ таоло мукофотларни муборак айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ