Маълумотларда келтирилишича, масжид Бухоро шаҳридаги Исмоил Сомоний мақбарасидан ҳам қадимийроқдир. Адабиётшунос Н.Маллаев ўз асарида “Қорахонийлар ва Хоразмшоҳлар ҳукмронлиги даврида қурилган бинолардан бирмунча кўпроқ ёдгорликлар сақланиб қолган. Булардан бири Ҳазора қишлоғидаги XI асрда қурилган масжиддир”, деб Деггарон масжидини XI аср обидаси сифатида қайд этган.
Ёдгорлик зардуштийлар даври меъморчилиги услубида қурилган. У ташқи кўриниши жиҳатидан унчалик маҳобатли эмас. Тўрт деворли иморат устида тўққизта гумбаз жойлашган. Қатор устунларга таянадиган тош ёйлар ичкари қисмини кичик хоналарга ажратади.
Масжид квадрат шаклида 17x17 метр ўлчамдаги бинодан иборат бўлиб, пахса ва ғиштдан қурилган. Масжиднинг ички қисмидаги хонақоҳ кубсимон, ўрта қисмида диаметри 1,28 метр келадиган тўртта пишиқ, ғиштин устун бўлиб, улар ораларига катта равоқлар, тепаларига иккитадан кичик равоқлар жойлаштирилган. Масжиднинг марказий гумбази тўртта устуннинг устидан ўн икки бурчакли безак ҳосил қиладиган равоқлар устидан кўтарилган. Хонақоҳнинг шимолий, жанубий ва ғарбий томонларида хушбичим ғиштин шарафлар мавжуд.
Мавлоно Ориф Деггароний мақбараси ёнида бугунги кунда музей ҳам ташкил қилинган. Илгари бу хонақоҳдан намозхона сифатида фойдаланилган бўлса, кейинчалик Деггарон масжиди қайта қурилгач, бу ер Деггарон мажмуасининг реставрация ишлари жараёнида топилган тарихий буюмларни сақлаш мақсадида музейга айлантирилган.
Мавлоно Ориф Деггароний зиёратгоҳига ҳар йили мингга яқин маҳаллий ҳамда Германия, Франция, Туркия, Австралия каби хорижий давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Сирож АСЛОНОВ, ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Набий алайҳиссалом: "Ўзингиз яхши кўрган нарсани бировларга ҳам раво кўрмас экансиз, ҳеч бирингиз чин мўмин бўла олмайсиз", деганлар.
Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Биз Исломдан олдин бой бўлиш учун пулни йиғиш керак деб ўйлар эдик. Кейин билсак, бой бўлиш учун уни сарфлаш (эҳсон, садақа қилиш) керак экан".